2023 йилнинг ёзи Шимолий яримшарда сўнгги икки минг йилликдаги энг иссиғи бўлди, деб ёзмоқда Bloomberg Nature журналида чоп этилган тадқиқотга таяниб. Шу билан бирга, олимлар келаётган ёз янада иссиқ бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда — бу асосан Эль-Ниньо феномени туфайли кучайган техноген иқлим ўзгариши билан боғлиқ.

Аввалроқ метеорологлар 2023 йилни сайёра иқлимининг ҳужжатлаштирилган кузатувлари бошланган 1850 йилдан бери энг иссиқ йил деб тан олган эди. Сўнгги 2000 йилдаги Ер ҳарорати маълумотларини аниқлаш учун тадқиқотчилар инструментал ўлчовлар ва иқлим реконструкциясини бирлаштирди.

Улар ўтган йилнинг ўта иссиқ ёзи нафақат замонавий рекордларни янгилаганини, балки 246 йилдаги энг иссиқ ёздан 0,5 даража ошиб кетгани ва 536 йилдаги энг совуқ ёзга нисбатан деярли 4 даража иссиқроқ эканини аниқлади.

«Узоқ тарихга назар ташласангиз, ҳозирги глобал исиш қанчалик драматик эканини кўришингиз мумкин», — деди ушбу тадқиқот ҳаммуалифи бўлган Британиядаги Кембридж университети ходими Ульф Бюнтген. «2023 йил жуда иссиқ бўлди ва агар биз иссиқхона газлари чиқиндиларини кескин камайтирмасак, бу тенденция давом этаверади».

Тадқиқот муаллифлари ўз таҳлилларини 30-параллел шимолий кенглик ва Шимолий қутб ўртасидаги қуруқлик ҳудудлари билан чеклади, чунки дунёдаги аксарият энг қадимги об-ҳаво станциялари шу ерда жойлашган. Улар Шимолий яримшарнинг тўққизта ҳудудидаги минглаб дарахтларнинг йиллик ҳалқаларини ўрганиш орқали ҳудуднинг тарихий иқлим шароитини тиклади. Об-ҳаво шароити дарахтларнинг танасида ёғоч қатламларини яратишга таъсир қилади, шунинг учун дарахт ҳалқаларида аввалги ҳароратлар ҳақида маълумот мавжуд.

Олимлар дарахтларнинг йиллик ҳалқалари реконструкциялари ва инструментал ўлчовлар ўртасида 19 асрнинг иккинчи ярми бўйича тафовутларни аниқлаган, бу эса эски термометрларнинг кўрсаткичлари қанчалик тўғри экани ҳақида саволлар туғдиради.

Дарахт ҳалқалари, шунингдек, олимларга сўнгги 2000 йилдаги совиш даврларининг аксарияти стратосферага жуда кўп миқдорда аэрозоллар чиқарадиган ва сиртнинг тез совишига олиб келадиган катта вулқон отилишидан кейин содир бўлганини кўрсатди.

Олимлар энг иссиқ даврларнинг аксариятини Эль-Ниньо билан боғлайди, бу эса бутун дунё бўйлаб об-ҳаво шароитларини бузади ва одатда Шимолий яримшарда ёзда ҳароратнинг ошишига олиб келади. Бу ҳодиса ҳақида биринчи эслатма 17 асрда балиқчилар томонидан қайд этилган, аммо у дарахт ҳалқаларида изларини анча олдин қолдирган.

Бироқ сўнгги 60 йил ичида иссиқхона газлари эмиссияси оқибатида юзага келган глобал исиш Эль-Ниньонинг кучайишига олиб келди, бу эса, ўз навбатида, иссиқ ёзни чақирди. Ҳозирги Эль-Ниньо 2024 йилнинг ёзи бошигача давом этиши кутилмоқда, бу эса шу ёзда яна ҳарорат рекордлари ўрнатилиши эҳтимолини оширади.

«Тўғри, иқлим доимий равишда ўзгариб туради, лекин 2023 йилда иссиқхона газлари сабаб бўлган исиш Эль-Ниньо шароити туфайли янада кучайди, шунинг учун биз узоқроқ, кучлироқ иссиқлик тўлқинлари ва узоқроқ қурғоқчилик даврларига эга бўламиз», — деди тадқиқот бош муаллифи ва Иоганн Гутенберг университетининг (Германия) иқлим географияси профессори Ян Эспер.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, уларнинг натижалари Шимолий яримшар учун ишончли бўлса-да, худди шу давр учун глобал ўртача кўрсаткичларни олиш қийин, чунки Жанубий яримшар учун маълумотлар сийрак. Жанубий яримшар ҳам иқлим ўзгаришига бошқача муносабатда бўлади, чунки у Шимолий ярим шарга қараганда океан билан кўпроқ қопланган.

Эль-Ниньо — Тинч океанининг экваториал қисмида сувнинг сирт қатлами ҳароратининг аномал равишда ошиши билан тавсифланган табиий ҳодиса. Бу ҳодиса ҳар 2−7 йилда содир бўлади ва 18 ойгача давом этиши мумкин. Эль-Ниньо эпизодлари пайтида тропик ҳудудларда нормал ёғингарчилик ва атмосфера циркуляцияси бузилиб, бутун дунё бўйлаб экстремал иқлим ҳодисаларига сабаб бўлади.