Молдова президенти Майя Санду россиялик журналист Юрий Дуднинг «вДудь» лойиҳаси учун интервью берди. Бу лойиҳа тарихида давлат раҳбари билан уюштирилган илк интервью бўлди. Суҳбат давомида Молдова етакчиси унинг мамлакати қандай қилиб коррупцияни енгишга ва Европа Иттифоқига киришга уринаётгани, нима учун Молдовада ўнлаб оммавий ахборот воситалари блоклангани, Украинадаги уруш ва мамлакатнинг Россия билан муносабатлари ҳақидаги саволларга жавоб берди. Президент Санду, шунингдек, давлат раҳбари сифатидаги ҳаёти қандай ўтаётгани ҳақида ҳам гапириб берди.

Қуйида суҳбатдан баъзи иқтибослар ҳавола қилинади.

Украина президентининг уруш бошидаги ҳаракатлари ҳақида

— 24 февраль куни Украина президенти Зеленский ўрнида бўлганингизда, нима қилган бўлардингиз?

— Ягона тўғри қарор — мамлакатингда қолиш. Сен ўз мамлакатинг, ўз халқинг учун жавобгарсан. Бундан бошқа тўғри жавоб йўқ. Бу масалада ҳеч қандай савол бўлиши мумкин эмас. Сен мамлакат раҳбарисан, барча сенга қараб туради. Сен халқинг учун қўлингдан келган барча ишни қилишинг учун ҳам шу ерда бўлишинг лозим.

Президентлик ҳаётининг ноқулай томонлари ҳақида

— Президентлик ҳаётида нима сизга энг кўп ноқулайлик туғдиради?

— 24 соат давомида эътибор марказида бўлиш. Мен бунга ўрганиб қолдим, лекин бу нарса менга ёқади, деб айтолмайман. Хорижий сафарлар давомида баъзан кўчада бир неча соат сайр қилишга имкон бўлади, чунки у ерда мени танишмайди. Албатта, четда бундай [сайрлар] қилиш ўз мамлакатингдагидан кўра осонроқ ва бу нормал.

Сайлов олдидан берилган ваъдалар ҳақида

— 2020 йилдаги сайловлар олдидан сиз аввалги президентлар яшаган қароргоҳни ижтимоий эҳтиёжлар учун беришингизни айтгандингиз.

— Ундан сўнг бу ерда кўп одамлар яшади, масалан, украиналик қочқинлар. Кейинчалик биз бу ерни маданият марказига айлантириш ҳақида ҳам ўйладик, лекин бунинг учун катта инвестиция керак бўлди ва шу сабабли бу ғояни кейинроққа қолдиришга қарор қилдик. Чунки ҳозир бундан-да муҳимроқ масалалар бор.

Бу ерга баъзида мамлакатнинг турли ҳудудларидан ўқувчилар ва талабаларни таклиф этамиз, ҳайкинг (пиёда сайр) билан шуғулланамиз, уларга ўрмонни кўрсатамиз. Мен ўрмонлар ҳажмини кўпайтириш бўйича миллий дастурни фаол тарғиб қиляпман ҳамда ўқувчи ва талабаларга кўпроқ дарахт экиш лозимлигини айтиб келаман. Чунки бизда ўрмонлар ҳудуди анча кичик.

Бу ерда улар билан бошқа масалалар, масалан, евроинтеграция ҳақида ҳам гаплашамиз. Чунки ёшлар бизнинг Европа Иттифоқига киришимиздан энг кўп манфаат топадиган қатлам ҳисобланади.

— Сайлов олдидан марказда жойлашган президентура (президент қароргоҳи) атрофидаги тўсиқларни ҳам олиб ташлаймиз, дегандингиз. 4 йил ўтди, лекин тўсиқлар ҳамон жойида турибди.

— Биз дарвозаларни очиб қўйдик. Ҳозир борсангиз, одамлар у ерга бемалол кириб-чиқиши мумкинлигига гувоҳи бўласиз. Бунинг ҳам ҳисоб-китобини кўриб чиққанимизда, тўсиқларни олиб ташлашдан кўра эшикларни очиб қўйиш яхшироқ, деган тўхтамга келдик. У ерда тўсиқлар борлиги ёки йўқлигидан қатъий назар, биз очиқмиз ва сайловлар олдидан ҳам айнан шу ҳақда гап кетганди. Биз баъзида у ерда турли тадбирларни ўтказиб турамиз. Одамлар бинони айланиб кўргиси ёки, масалан, Янги йил арчасини кўришга келиши мумкин. Бу ерга ўқувчилар ҳам келиб туради, чунки биз ишлайдиган бу бинода Молдова Мустақиллик декларацияси учун овоз берилган.

Биз ваъдамизни бажардик. Ҳозир исталган одам президентура биносининг ҳовлисига кириб чиқа олади.

Президент кўп квартирали уйда, икки хонали хонадонда яшаши ҳақида

— Сиз кўп квартирали уйда яшайсиз. Яъни, уйингизнинг устида ҳам, остида ҳам қўшниларингиз бор ва, назарий жиҳатдан, улар уйингизга сув тошириб юбориши ҳам мумкин, шундайми?

— Ҳа, бир марта тошириб ҳам юборишди, айнан президент бўлганимдан кейин. Лекин ҳечқиси йўқ.

— Қўшниларингизга доимий қўриқланадиган инсон билан яшаш ноқулайлик туғдирмайдими?

— Ундай деб ўйламайман. [Президент бўлганимдан кейин] нимадир ўзгарган, дея олмайман. Ҳа, биринчи қаватда йўлакни қўриқлайдиган қўриқчи бор. Лекин мен буни, аксинча, ҳамма учун яхши деб ўйлайман, чунки бунда ҳамма ўзини хавфдан холи ҳис қилади. Барчанинг номидан гапира олмайман, лекин, умид қиламанки, президент бўлганим қўшниларимга ноқулайлик туғдирмаган. Қўшниларим жуда яхши, муносабатларимиз жуда илиқ.

вдудь, интервью, майя санду, молдова, юрий дудь

Цензура ҳақида

— Ўтган 2 йил ичида Молдовада ўнлаб медиа ва телеканаллар блокланди. Тушунишим бўйича уларнинг кўпчилиги ёки ҳаммаси суд қарорисиз блокланган. Агар бу цензура бўлмаса, унда нима?

— Бу цензура эмас. Улар оммавий ахборот воситалари эмас. Улар оммавий дезинформация воситалари. Қонунга ҳамма риоя қилиши лозим, риоя қилмайдиганларга чора кўрилиши керак. Агар сиз бу ОАВлар ҳукуматни танқид қилгани учун ёпилган деб ўйлаётган бўлсангиз, сизни бошқа медиалар мени қандай танқид қилаётганини томоша қилишга чақираман. Гап умуман [танқидда] эмас.

Мамлакатда дезинформация ёйиш ва унинг барқарорлигига салбий таъсир қилишга урунишлар фақат медиа билан содир бўлаётгани йўқ. Икки кун аввал мамлакатимизда шундай нарсаларни молиялаштириш учун 1 млн доллар олиб киришга уриниш бўлди (апрель охирида Молдова полицияси Кишинёв аэропортида 150 нафар Молдова фуқаросидан 1 млн доллар атрофидаги пулни олиб қўйди, полиция бу пулни «сиёсий партияларни ноқонуний молиялаштириш схемасининг бир қисми», деб қайд этган). Бу — ноқонуний. Буларнинг барчаси мамлакат барқарорлигига зарар етказиш учун уюштирилмоқда. Бу демократия эмас, коррупция. Биз нима қилиш мумкинлиги ва нима ноқонуний эканини аниқ белгилаб олишимиз лозим.

— Молдовада мустақил ОАВлар бор. Лекин мамлакат реклама бозори кичиклиги учун аксарият ОАВнинг молиявий манбаси Ғарб грантлари. Мустақил медиа вакиллари [кремлпараст олигарх Илан Шор]га алоқадор ОАВ билан бўлаётган ишларни кўрганида, уларда ўз-ўзини цензуралаш шаклланади. Чунки мамлакатда ОАВни судсиз ёпиб юбориш мумкин, деган фикр уйғонади.

Шунингдек, уларда Майя Санду Ғарб томонидан қўллаб-қувватланадиган президент, олаётган грантларимиз ҳам Ғарбники, шу боис президентни қаттиқроқ танқид қилиб юборсак, кейин яна грант ололамизми-йўқми — мана шундай масала ҳам пайдо бўлган.

— Мен сизга яна бир бор менинг исмимни интернетда қидирувга бериб, қанча позитив ва негатив материал чиқишини кўриб чиқишни тавсия қиламан. Шунда бизда мамлакат раҳбари ҳақида қандай ёзиш мумкинлигини кўрасиз. Цензура йўқ. Фақат мамлакат барқарорлигига путур етказишга уринувчилар ва қонунларга амал қилмайдиганлар билан муаммо бор.

Сизга бир савол — Кремль пропаганда учун қанча пул сарфлайди?

— Миллиардлаб.

— Бу билан қандай курашиш мумкин? Бизга ўхшаш кичик бир мамлакат миллиардлаб пул сарфланган пропаганда билан қандай курашиши мумкин?

— Менда жавоб йўқ. Шундай қарорлар қабул қилишга тўғри келиб қолиши сабабли ҳам ҳеч қачон сиёсатга қизиқмаганман. Чунки сен икки ёмон қарордан бирини қабул қилишинг керак. Ҳеч нарса қилмасанг, [пропаганда ОАВлар] ҳақиқатга зид, зарарли, сафсата гапларни айтиб, давлатга зарар етказади. Лекин уларни шунчаки ўчириб қўйиш — бу цензура ва демократик қадриятлар бўғзига оёқ қўйишдир.

— Агар сиз бугун телевизорни ёқсангиз, рус тилида ишлайдиган кўплаб каналларини кўрасиз. Ҳар куни уруш яхши экани, Россиянинг Украинада қилаётган ишлари яхши эканини таъкидловчи уруш пропагандаси билан курашни цензура деб ҳисобламайман. Мен [бундай пропагандани] бизнинг демократиямиз учун ҳам, тинч келажагимиз учун ҳам хавфли, деб ҳисоблайман.

— Буни демократияга зид деб ўйламайсизми?

— Демократияни ҳимоя қилиш лозим. Жуда яхши ечимлар йўқ экани борасидаги фикрларингизга қўшиламан. Биз шундай ечимларни ҳамон қидиряпмиз. Лекин биз пропагандага шунчаки кўз юмиб, «бу — сўз эркинлиги», дея олмаймиз. Чунки сиз ўзингиз ҳам айтиб турибсиз — Россия бунга миллиардлаб пул сарфлаяпти.

— Демократияни нодемократик усуллар билан ҳимоя қилиш мумкинми?

— Биз бу ерда демократия қуряпмиз. ОАВ эркинлигига қайтадиган бўлсак, «Чегара билмас мухбирлар» нима деб ёзганига қаранг («Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг матбуот эркинлиги рейтингида Молдова 2024 йил 180 давлат орасида 31 ўринни эгаллаган ва мамлакатда ОАВ эркинлиги билан боғлиқ вазият қониқарли даражада экани айтилган. Ўша ҳисоботда мамлакат медиа ландшафти қутбланган экани ва коррупция айбловлари бўйича жиноий таъқибдан қочиш учун Молдовадан қочиб кетган кремлпараст олигарх Илан Шорнинг таъсири билан ажралиб туриши айтилади). Чунки сиз уларга мендан кўра кўпроқ ишонсангиз керак.

Биз сўз эркинлиги, ОАВ эркинлиги учун курашамиз, лекин биз демократиямизни ҳам сақлаб қолишимиз керак. Биз бу масалада тажрибаси кўпроқ мамлакатлардан ўрнак олишга ҳаракат қиляпмиз.

Молдова президентининг маоши қанча?

— Сизнинг расмий маошингиз 850 евро (11 млн 589 минг сўм — таҳр). Декларация бўйича, сизнинг жамғармангиз ҳам деярли тугаган. Сиз ойликка яшайсизми?

— Албатта. Мен 1000 евро ойликдан камроққа ишловчи ягона инсон эмасман. Барча молдоваликлар каби маошга кун кечираман. Албатта, биз барча маошлар ошишини истаймиз. Иқтисодиётимиз кучлироқ бўлишини хоҳлаймиз ва бунинг учун ишлаяпмиз, ишлашимиз лозим.

Майя Санду суҳбат давомида Жаҳон банкида ишлаган вақтида маоши ойига 10 минг доллар атрофида бўлгани, партия тузиш ва сайловолди ташвиқот жараёнида банкда ишлаб, жамғарган пулларидан фойдалангани, партияда фақат бир киши маошга, қолганлар эса кўнгилли ишлаганини қайд этиб ўтди.

вдудь, интервью, майя санду, молдова, юрий дудь

Молдовадаги газ инқирози ҳақида

— 2022 йилда Молдовада газ инқирози юз берди. Ўшанда мамлакатда газ нархи 7 баравар ошиб кетди. Нега бундай бўлди?

— Чунки, биринчидан, нархлар бутун Европада кўтарилди. Бошқа томондан, «Газпром» билан шартномамиз якунланган, бизда эса муқобил манбалар йўқ бўлган бир вазиятда улар шартномани узайтиришни истамасликларини билдиришди. Улар 700 миллион долларлик қарзни Молдова ҳукумати ўз зиммасига олишини исташди. Улар бу «Молдовагаз»нинг қарзи эканини айтишди. Бу компания тақсимловчи корхона ҳисобланади ва унинг мажоритар (асосий) акциядори «Газпром»нинг ўзи.

Бу ҳукуматнинг эмас, уларнинг ўзи мажоритар акциядор бўлган компаниянинг қарзи эканига қарамай, бизга «катта қарзингиз бор», дейишди. Биз эса буни текширишимиз лозимлигини айтдик, чунки биз бу қарзлар қаердан пайдо бўлиб қолганини билмаймиз. Биз бу пулни қайтаришга рози бўлмадик, чунки ўзимиз текшириб кўрмаган қарз бўйича битимга қўл қўйиш бизнинг фуқароларимиз нафақат нархи ошиб кетган ва ишлатилаётган газ учун, балки бу қарз учун ҳам тўлаши лозимлигини англатарди.

Шунинг учун биз халқаро аудиторларни ёлладик ва аудиторлар қарз 700 эмас, 8 (саккиз) миллион доллар эканини кўрсатиб беришди. Бу ҳикоядан қандай хулоса қилиш мумкин? Биз муқобил манбаларимиз бўлиши, бизни бошқа «шантаж» қилмасликлари учун барча ишни қиляпмиз. Чунки тижорий шароитлар бўлиши бир нарса, ҳеч қачон бўлмаган қарзингизни бор дейишлари — умуман бошқа нарса.

— Буни нима деб тушуниш мумкин? Сизларни «шантаж» қилиб, садоқатсизлик учун жазолашдими?

— Буни қандай истасангиз, шундай аташингиз мумкин. Мен сизга бўлиб ўтган аниқ бир воқеани айтиб бердим.

— Ҳозир Молдова газни қаердан сотиб оляпти?

— Очиқ бозордан, Европадан, ҳар хил жойдан.

— Сизга мухолифатда бўлган Игорь Додон Молдова худди ўша Россия газини ўртакашлар орқали сотиб олаётганини таъкидлаб келяпти.

— Биз газни бозордан сотиб оляпмиз. Газни ҳозир бозорда ўзимиз топган энг паст нархда харид қиляпмиз ва энг муҳими — бизда танлов бор. 30 йил ичида қилинмаган ва биз қилган нарса шуки, бизда танлов пайдо бўлди. Агар нарх бир бозорда яхшироқ бўлса, ўша ердан газ сотиб оламиз, агар бошқасида яхшироқ бўлса — унисидан.

Ҳозир электр энергияси учун ҳам муқобил манба ташкил қиляпмиз. Бир йилдан кейин бизда Европа электр энергия бозори билан алоқа ўрнатилади. Бундай алоқа ҳозир ҳам бор, фақат у Украина орқали ўтган ва ҳар сафар Украина тармоқлари бомбардимон қилинганида, бизда ҳам муаммо пайдо бўляпти. Электр бўйича муқобилимиз бўлиши учун ҳозир Руминия билан тўғридан-тўғри тармоқ қуряпмиз.

Жуда қийинлигига қарамай — чунки бу даврда нархлар жуда юқори бўлди — энергетик хавфсизлик бўйича сўнгги уч йилда жуда кўп ишлар қилинди.