Тошкент шаҳрида ота-она қаровисиз қолган вояга етмаган болага зарурий ижтимоий ёрдам хизмати кўрсатилди, деб хабар бермоқда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати.

Б.И. исмли бола ота-онаси 2012 йилда оилавий келишмовчиликлар сабабли ажрашгандан сўнг отасининг қарамоғида бўлган. Бироз муддат ўтганидан сўнг унинг онаси бошқа турмуш қуриб, Туркияга жўнаб кетган.

Боланинг отаси ҳам бошқа аёлга уйланган. Ўгай она томонидан вояга етмаган Б.И.га нисбатан доимий давом этган қийноқ ва зулм боланинг ўз уйидан чиқиб кетишига сабаб бўлган.

«Б.И.нинг қаровсиз қолиши натижасида унинг таълим олиши, тарбияси издан чиқиб кетганлиги аниқланди», — дейилади хабарда. Бола Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди.

Ҳозирда унинг руҳий ҳолатини яхшилаш борасида тегишли масъуллар томонидан белгиланган тартибда амалий ишлар олиб борилмоқда.