Андижон ва Самарқанд вилоятларида ер майдонларини сотиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

ДХХнинг Олтинкўл тумани бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро О.Ш. «Иттифоқ» МФЙ ҳудудидаги 80 сотих нотурар ер майдонини фуқаро А.Б.га фирибгарлик йўли билан 160 000 долларга сотмоқчи бўлгани аниқланган. У гўёки кадастр бўлимида ишловчи танишлари ёрдамида ушбу ер майдонидан турар жой сифатида фойдаланиши учун яна 10 000 доллар бериши кераклигини айтган. Келишилган пуллар ҳисобидан 50 000 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Бундан ташқари, департамент, ДХХ ва ИИБ Самарқанд вилояти бошқармалари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро Ш. Э. Пайариқ тумани Маниобод маҳалласида жойлашган ижара ҳуқуқи асосида деҳқон хўжалиги юритиш учун ажратилган 2,1 гектар ер майдонини фуқаро А.А.га 36 000 долларга сотишга урингани маълум бўлган. У олдиндан 20 000 долларни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.