Маҳмуд Шуҳратович Истамов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси девони раҳбари этиб тайинланди. Бу ҳақдаги маълумот парламент қуйи палатаси сайтида пайдо бўлди.

Февраль ойида Маҳмуд Истамов 2021 йил январидан буён ишлаб келган Бухоро вилояти прокурори лавозимидан озод этилган эди.

Маҳмуд Истамов (1979 й.т.) Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган (2000), мутахассислиги бўйича — юрист. 2004−2005 йилларда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази бошлиғи, 2005−2006 йилларда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг қилиш маркази бўлими бошлиғи лавозимларида ишлаган.

2006−2017 йилларда Президент администрацияси хизматларида турли лавозимларда ишлаган. 2017−2019 йилларда адлия вазири ўринбосари ва биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2019 йил ёзида у МСК раиси ўринбосари этиб сайланган эди.