Россиянинг Пенза вилоятида Ўзбекистон фуқаролари бўлган микроавтобус йўл-транспорт ҳодисасига учраши оқибатида 8 нафар ўзбекистонлик вафот этгани хабар қилинганди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, уларнинг жасади 13 январь куни соат 06:50 ларда Хоразм вилоятидаги «Урганч» халқаро аэропортига олиб келинди.

Аввалроқ 7 нафар ўзбекистонлик вафот этганини тасдиқлаган вазирлик, яна бир жароҳатланган фуқаро вафот этганини маълум қилди.

Қайд этилишича, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Транспорт вазирликлари ҳамкорлигида 8 нафар вафот этган фуқароларнинг жасадлари яшаш манзилларига юборилган. Ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар томонидан дафн маросимларини ўтказиш юзасидан тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Жароҳатланган яна 1 нафар фуқаро Пенза шаҳридаги касалхонада, даволаниш ишлари якунига етгандан сўнг Ўзбекистон Республикасига қайтарилиши маълум қилинган. Ҳозирги вақтда касалхонага жойлаштирилган фуқаро шифокорларнинг қатъий назоратига олиниб, тегишли муолажалар ўтказилмоқда, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, ЙТҲ 11 январга ўтар кечаси Россиянинг Пенза вилоятининг Нижнеломовский туманида содир бўлган.

ҳодиса юзасидан Россия Жиноят кодексининг 238-моддаси 3-банди (истеъмолчилар хавфсизлиги ва соғлиғини таъминлаш талабига жавоб бермайдиган равишда хизмат кўрсатиш ва эҳтиётсизлик оқибатида икки ва ундан кўп одамларнинг ўлимига сабабчи бўлиш) асосида жиноят иши қўзғатилган.