Навоий вилоятида «Долзарб қирқ кунлик» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида 10 нафар шахс ушланди, дея хабар қилди вилоят ИИБ.

Тадбир доирасида ҳуқуқ тартибот органлари томонидан «Мехрик» лақаби билан танилган, 1991 йилда туғилган, Аллаёров Мехриддин Музаффарович, 1995 йилда туғилган Тураев Умид Шухратович ва уларнинг 8 нафар жиноий шериклари қўлга олинган.

Қайд этилишича, ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан содир этган хатти-ҳаракатлари учун Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган ҳамда қамоққа олиниб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Навоий вилояти ИИБ мазкур шахслардан жабрланган ёки уларнинг жиноий хатти-ҳаракатлари тўғрисида маълумотга эга бўлган фуқароларни вилоят ИИБнинг 79−229−50−22, 79−229−50−23 телефон рақамларига қўнғироқ қилишларини сўради. Маълумот тақдим этган инсонларнинг шахси сир сақланиши кафолатланиши таъкидланган.

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон бўйлаб ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан «кўча боллари» ва жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилмоқда. Тезкор чора-тадбирлар пойтахтда жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни яхшилашга қаратилган.

Ўтган ҳафтада Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари «Саидазиз медгородок» лақаби билан машҳур Саидазиз Сайдалиевни қўлга олган. Бошқарма маълумотларига кўра, у ва яна бир неча киши товламачилик иши бўйича гумонланувчи сифатида ҳибсга олинган. Маълум қилинишича, улар пул эвазига одамларни қарзини ундириб берган.

3 декабр куни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари «Бахти Ташкентский» лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев ва у билан яқин жиноий алоқаси бўлгани қайд этилган Достон Халилов ушланди.

Шунингдек, «Салимбой» ва «Салимбойвачча» номлари билан танилган 73 ёшли тадбиркор Салим Абдувалиев процессуал тартибда ушланди.

Бундан ташқари, Тошкентда аввал ҳам «криминал авторитет» сифатида қамалган Аббосхон Ходжаев қўлга олинди.