«Салимбой» ва «Салимбойвачча» номлари билан танилган 73 ёшли тадбиркор Салим Абдувалиев процессуал тартибда ушланди, дея хабар бермоқда Тошкент шаҳри ИИББ матбуот хизмати.

У Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисми (Ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаш)билан гумон қилинувчи тарзида жалб этилиб, процессуал тартибда ушланган. Аввалроқ унга нисбатан терговга қадар текширув бошлангани ҳақида ёзгандик.

У 2017 йил январь ойидан буён Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари ва мамлакат спорт курашлари ассоциацияси раиси лавозимларида ишлаб келаётганди. Абдувалиев спорт фаолиятига қўшган ҳиссаси учун 2015 йилда «Дўстлик» ордени, 2021 йилда эса «Хизмат кўрсатган спорт мураббийи» унвони билан тақдирланган.

Фуқаролардан жиноий гуруҳ аъзоларидан жабр кўрган бўлишса ёки уларнинг жиноий хатти-ҳаракатлари бўйича маълумотларга эга бўлсалар, Тошкент шаҳри ИИББнинг 71−206−45−69, 71−206−49−46 ёки 102 рақамларига ёхуд 99−370−73−94 Telegram рақамига мурожаат қилишлари сўралмоқда. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.

Аввал хабар қилинганидек, Тошкент шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан «кўча гуруҳлари» ва жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилмоқда. Тезкор чора-тадбирлар пойтахтда жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни яхшилашга қаратилган, дея хабар беради пойтахт ички ишлар бошқармаси.

Бир неча кун олдин Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан «Саидазиз медгородок» лақаби билан машҳур Саидазиз Сайдалиев қўлга олинганди. Бошқарма маълумотларига кўра, у ва яна бир неча киши товламачилик иши бўйича гумонланувчи сифатида ҳибсга олинган. Маълум қилинишича, улар пул эвазига одамлар қарзини ундириб берган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, шунингдек, «Бахти Ташкентский» лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаевни пойтахтда қўлга олган. Бундан ташқари, ўта йирик миқдордаги товламачиликда гумон қилинган яна икки шахс қўлга олинди. Уларнинг барчаси 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.