Тошкент шаҳри ҳокимлиги Юнусобод туманидаги 212 та географик объектнинг номини ўзгартириш ёки янги ном қўйиш бўйича овоз бериш жараёни бошланганини эълон қилди. Таклифларни қабул қилиш 29 апрелда бошланди ва 13 майгача давом этади.

Овоз бериш учун geonom.tashkent.uz сайтининг бош саҳифасида харита остидаги «Овоз беришда иштирок этиш» ҳаволасини, сўнг кўча бўлимлари кўрсатилган доиралардан бирини босиш зарур.

geonom.tashkent.uz сайти саҳифасидан скриншот.geonom.tashkent.uz сайти саҳифасидан скриншот.

Шу билан бирга, аҳоли фикри қуйидаги шаклларда ҳам қабул қилинади:

  • Оғзаки равишда: +99871 210 04 13 телефон рақамига (иш кунлари соат 09:00 дан 17:00 гача) мурожаат қилиш орқали;
  • Ёзма: 100060, Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Ислом Каримов шоҳкўчаси 51-уй почта манзилига хат юбориш орқали;
  • Электрон шаклда: geonom@digitaltashkent.uz электрон почтасига хат юбориш йўли билан.

Аввалроқ пойтахтнинг Бектемир ва Янгиҳаёт туманларидаги кўча ва мавзеларга ном бериш бўйича таклифлар қабул қилингани ҳақида ёзгандик.

Тошкент шаҳри ҳокимлигининг Рақамли ривожланиш департаменти картография ва топонимика бўлими бошлиғи Анвар Жабборов 2022 йилда «Газета.uz»га берган интервьюсида пойтахтдаги 900 дан ортиқ кўчанинг номи йўқлигини айтиб, ушбу муаммони ҳал этиш бўйича босқичма-босқич режани ҳам тақдим этганди.

Мутахассислар томонидан олиб борилган ишлар натижаларига кўра кўчаларнинг чегаралари аниқланган, ўтиш жойлари ва боши берк йўллар ҳудуд харитасида уларнинг сони бир хил бўлиши учун тартибга келтирилган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг ноябрь ойида географик объектларга ном бериш тўғрисидаги қонунга ўзгартишларни имзолаганди. Қонун географик объектларга ном бериш ва қайта номлашда маҳаллий аҳолининг фикрини инобатга олиш тартибини белгилайди. Бундан ташқари, фуқароларга географик объектларга ном бериш ташаббуси билан чиқиш имконияти берилган.