Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўтказилган тергов-тезкор ҳаракатлари давомида жиноят содир этганликда гумонланган яна бир нечта шахслар ушланди, дея хабар бермоқда бошқарма матбуот хизмати.

Хусусан, қуйидаги шахсларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди:

  • 1991 йилда туғилган Абдуллаев Ахрор Равшан ўғли (Жиноят кодекси 273-моддаси 5-қисми, жуда кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш);
  • 1984 йилда туғилган Махмудходжаев Саидахмадхон Саидалимович (Жиноят кодекси 276-моддаси 2-қисми, кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлаш);
  • 1993 йилда туғилган Холмуродов Суннатилла Чориевич (Жиноят кодекси 104-моддаси, оғир тан жароҳати етказиш).

Шунингдек, 1982 йилда туғилган Ходжаев Аббосхон Ахмадович (Жиноят кодекси 165-модда 2-қисми, бир гуруҳ шахслар томонидан товламачилик) жиноят иши доирасида гумон қилинувчи сифатида жалб этилиб, процессуал тартибда ушланди. У 2017 йил сентябрида «жиноий гуруҳ ташкил этгани ва авторитет мақомини қўлга киритиш учун ҳаракатларни амалга оширгани» учун қўлга олинган, 2018 йил июнида икки йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Бундан ташқари қуйидагилар ҳам процессуал тартибда ушланди:

  • 1987 йилда туғилган Мухамеджанов Азлархон Ботирович (Жиноят кодекси 165-модда 2-қисми, бир гуруҳ шахслар томонидан товламачилик);
  • 1984 йилда туғилган Рустамов Умид Каманжанович (Жиноят кодекси 273-моддаси 5-қисми, жуда кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш).

Ҳозирда тергов давом этмоқда, дейилади хабарда.

Фуқаролардан ушбу шахслардан ёки гуруҳ аъзоларидан жабр кўрганлар бўлса ёки ушбу шахсларнинг жиноий хатти-ҳаракатлари бўйича маълумотларга эга бўлсалар, Тошкент шаҳар ИИББнинг 71 206 45 69, 71 206 49 46 ёки 102 рақамларига ёхуд 99 370 73 94 Telegram рақамига мурожаат қилишлари сўралди.

Аввал хабар қилинганидек, Тошкент шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан «кўча боллари» ва жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилмоқда. Тезкор чора-тадбирлар пойтахтда жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни яхшилашга қаратилган.

Ўтган ҳафтада Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари «Саидазиз медгородок» лақаби билан машҳур Саидазиз Сайдалиевни қўлга олган. Бошқарма маълумотларига кўра, у ва яна бир неча киши товламачилик иши бўйича гумонланувчи сифатида ҳибсга олинган. Маълум қилинишича, улар пул эвазига одамларни қарзини ундириб берган.

3 декабр куни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари «Бахти Ташкентский» лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев ва у билан яқин жиноий алоқаси бўлгани қайд этилган Достон Халилов ушланди.

Шунингдек, «Салимбой» ва «Салимбойвачча» номлари билан танилган 73 ёшли тадбиркор Салим Абдувалиев процессуал тартибда ушланди.