Сиэтл федерал суди дунёда энг йирик бўлган Binance криптобиржаси асосчиси Чанпэн Чжаони тўрт ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилди, деб хабар бермоқда Reuters. Прокурорлар унга уч йиллик қамоқ жазосини сўраган эди.

Суд 47 ёшли Чжаони АҚШнинг пул ювишга қарши кураш қонунларини бузганликда айбдор деб топди. Прокурорлар Binance раҳбариятини 100 000 та шубҳали транзакцияни, жумладан, ҲАМАС, Ал-Қоида ва ИШИД гуруҳларига ўтказмаларни яширишда айблади. Шунингдек, айблов хулосасида келтирилишича, биржа болалар жинсий зўравонлик материалларини сотишни қўллаб-қувватлаган ва товламачиликдан тушган даромаднинг катта қисмини олиб келган.

Binance 4,32 миллиард доллар жарима тўлашга рози бўлди, Чжао эса 50 миллион доллар жиноий жарима тўлади, яна 50 миллион долларни АҚШ Товар фьючерс савдо комиссиясига берди.

2024 йил 1 май ҳолатига кўра, Bloomberg Чанпэн Чжаонинг бойлигини 36 миллиард долларга баҳолаган. У дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида 42-ўринни эгаллаб турибди. Binance`га қарши айбловлар ортидан Чжао криптовалюта биржасининг бош директори лавозимидан кетди.

Март ойида АҚШ суди FTX крипто биржаси асосчиси Сэм Бэнкман-Фридни мижозлардан миллиардлаб доллар ўғирлаганликда айблаб, 25 йилга озодликдан маҳрум қилганди. АҚШ прокуратураси буни АҚШ тарихидаги энг йирик молиявий фирибгарликлардан бири деб атаган.