Шавкат Мирзиёев 19 апрелдаги қарори билан профессионал консультантларни жалб қилган ҳолда халқаро бозорда аукционга қўйиладиган давлат акциялари пакетлари (улушлари) рўйхатини тасдиқлади.

Гап давлат иштирокидаги етти компания ҳақида кетмоқда:

  • Деҳқонобод калий заводи (100 фоиз) — 2024 йил IV чорагида;
  • Самарқанд автомобиль заводи (SamAuto) (75,2 фоиз) — 2024 йилнинг IV чорагида;
  • «Ўзбекинвест» суғурта компанияси (79,4 фоиз) — 2025 йилнинг I чорагида;
  • «Ўзагросуғурта» (94,5 фоиз) — 2025 йилнинг I чорагида;
  • Inter Hotel меҳмонхонаси (100 фоиз) — 2025 йилнинг I чорагида;
  • «Иссиқлик электр станциялари» АЖ (51 фоиз) — 2025 йилнинг II чорагида;
  • Тошкент металлургия заводи (49,9 фоиз) — 2025 йилнинг II чорагида.

Президент 2024 йил 1 июлга қадар масъул консультант таклифига асосан «Иссиқлик электр станциялари» ёки АЖ таркибидаги якка тартибдаги иссиқлик электр станцияларининг устав капиталидаги 51 фоиз ва ундан ортиқ давлат улушини хусусийлаштиришни бошлашни буюрди.

Корхона таркибига 4 та ИЭС (Сирдарё, Толимаржон, Тўрақўрғон ва Ангрен), 3 та ИЭМ (Фарғона, Муборак ва Тошкент), 3 та хизмат кўрсатиш корхонаси (Ўзэнерготаъминлаш, Ўзэнерготаъмир, Ўзэнергосозлаш) ва «Тошкент иссиқлик маркази» МЧЖ киради.

Кимё саноати корхоналарини хусусийлаштириш ва ислоҳ қилиш дастуридан келиб чиқиб, Давлат активлари агентлигига 2024 йил охиригача Деҳқонобод калий заводи давлат улушини (100 фоиз) хусусийлаштириш жараёнини якунлаш топширилди.

Заводни 2023 йил 1 октябргача хусусийлаштириш режалаштирилган эди, бироқ фойдали қазилмалар базасини баҳолаш мақсадида кейинга қолдирилган.

Кейинчалик маълум бўлдики, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (ЎТТЖ, мамлакат суверен жамғармаси) заводнинг 165,1 миллион долларлик муаммоли қарзини ва улар бўйича фоизларини тўлаш учун 1,9 триллион сўм (102,16 миллион ва 61,99 миллион доллар миқдоридаги ЎТТЖ кредитлари ва фоизлар) йўналтирган. Яъни жамғарма ўз кредитини тўлаш мақсадида завод акцияларини сотиб олган.

Завод 123,67 миллион долларга қурилган, номинал устав капитали 2,66 триллион сўмни ташкил этади.

Шунингдек, 1 июлга қадар «Ўзавтосаноат» АЖнинг Самарқанд автомобиль заводи (SamAuto) устав капиталидаги 75,2 фоиз улушини профессионал консультантларни жалб қилган ҳолда аукционга қўйиш ишларини бошлаш ҳам режалаштирилган.

Бундан ташқари, 2025 йилда тўртта йирик давлат компанияси акцияларининг 5 фоизгача бўлган қисмини халқаро фонд бозорида сотиш режалаштирилмоқда. «Ўзбекгидроэнерго»нинг иккиламчи таклифи (SPO) II чоракка, Навоий кон-металлургия комбинатининг бирламчи таклифи (IPO) III чоракка, «Ўзбектелеком» ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг IPO`лари IV чоракка режалаштирилган.

Хусусийлаштиришга тайёргарлик кўришга ишчи гуруҳлар жавобгар бўлади. Компанияларнинг молиявий ҳисоботларини халқаро стандартлар бўйича тайёрлаш, шунингдек, консультантларни жалб қилиш, халқаро рейтингларни олиш, андеррайтерлар фаолиятини ва маркетинг материалларини тайёрлашни ташкил этиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш уларнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Президент аввалроқ Ўзбекистонда давлат мулки объектларини хусусийлаштиришни жадаллаштириш тўғрисидаги қарорни ҳам имзолаган эди. 247 та корхона, хусусан, Humо тўлов тизиминининг давлат улушларини сотиш, 1000 дан ортиқ кўчмас мулк объектлари ва 12 та йирик корхона акцияларини оммавий бозорга жойлаштириш режалаштирилган. Сотилмай қолган ер участкаларининг нархи аста-секин пасаяди.

Жорий йилда хусусийлаштириш жараёнларида 400 та корхонадаги улушлар, 800 та корхонадаги кўчмас мулк ва 2 минг гектар ер майдонларини сотишдан 20 триллион сўм даромад олиш кутилмоқда.

Аввалроқ «Ўзбекнефтгаз»нинг ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи, Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи, Perfectum мобил алоқа оператори ва Uzpaynet тўлов хизмати хусусийлаштирилгани ҳақида хабар берилган эди. Битимлар расман эълон қилинмаган.