Фарғона вилояти ИИБ ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Фарғона шаҳрида Бахтиёр Қудратуллаев («Бахти Ташкентский») билан яқин жиноий алоқаси бўлган Достон Халиловни қўлга олди, деб хабар берди вилоят ИИБ матбуот хизмати.

бахти ташкентский, бахтиёр қудратуллаев, достон халилов, жиноий гуруҳларга қарши рейдлар, тошкент

Бошқарма маълумотларига кўра, у уюшган жиноий гуруҳларнинг фаолиятига чек қўйиш ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар доирасида қўлга олинган.

Фарғона шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 109-моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан судланган Халилов Достон Холбўта ўғли қўшни Қирғизистонга қочиб ўтмоқчи бўлган пайтда «Дўстлик» чегара постида қўлга олинди.

бахти ташкентский, бахтиёр қудратуллаев, достон халилов, жиноий гуруҳларга қарши рейдлар, тошкент

Фарғона шаҳри ИИБ томонидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми (Безорилик; бундай жиноят учун 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд шунча муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган) билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бўйлаб «кўча жиноий гуруҳлари ва жиноий дунёнинг ўнлаб вакиллари»га қарши кенг кўламли рейдлар ўтказилмоқда.

Аввалроқ Фарғона вилоятида 22 нафар жиноий гуруҳ аъзоси, шунингдек, ММА жангчиси Ҳумоюн Тўхтамуродов («Борз» лақаби билан машҳур) қўлга олинганди.

Куни кеча Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан «Саидазиз медгородок» лақаби билан машҳур Саидазиз Сайдалиев ушланган. Бошқарма маълумотларига кўра, у ва яна бир неча киши товламачилик иши бўйича гумонланувчи сифатида ҳибсга олинган. Маълум қилинишича, улар одамларга пул эвазига қарзларини ундириб берган.

3 декабрь куни пойтахт ИИББ «Бахти Ташкентский» лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев ва яна икки шахс ўта йирик миқдорда товламачиликда гумон қилиниб ҳибсга олинганини маълум қилганди.