Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов 25 апрель куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида давлат бюджети тақчиллиги ҳақида гапирди, деб хабар беради «Газета.uz» мухбири.

Аввал хабар берганимиздек, 2023 йилда Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджети дефицити рекорд даража — 59 трлн сўмни ташкил этиб, аввалги йиллардаги кўрсаткичлардан анча юқори бўлди. Ўтган йил охирида ҳукумат харажатлар чегарасини ушлаб туролмагани сабабли парламент орқали лимитни оширганди.

Консолидациялашган бюджетга давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (суверен фонд) маблағлари киради.

Биринчи чорак якуни бўйича Ўзбекистон давлат бюджети тақчиллиги 19,8 триллион сўмни (1,56 миллиард доллар) ташкил этди. Бу камида охирги 12 йилдаги рекорд кўрсаткичдир. Бюджет даромадлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,8 фоизга, харажатлари эса 19,3 фоизга ўсди.

«Бюджет тақчиллигининг мақбул даражадан юқори шаклланиши пул-кредит кўрсаткичларимизга, макроиқтисодий барқарорликка ва, энг муҳими, инфляцияга бевосита таъсир қилади… Бир нарсани тушуниш керак — инфляция даражасини сақлаб қолиш ва мақсадли кўрсаткичга тушириш — иқтисодий сектордаги барча учун асосий вазифа. Бунинг учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан барча зарур чоралар кўрилмоқда. Бу масалаларни ҳафтада камида бир марта муҳокама қиламиз», — деди у.

Марказий банк раисининг таъкидлашича, бюджет тақчиллиги анъанавий тарзда биринчи чоракда «даромадлар ва харажатлар ўртасидаги кичик фарқ туфайли» шаклланади. «Газета.uz» аввалроқ 2012 йилдан буён биринчи чораклар учун бюджет кўрсаткичларини ўрганиб чиқиб, даромадлар ва харажатлар ўртасидаги тафовут фақат 2023 йилдан бошлаб кескин ошгани, аввалги йилларда эса бу фарқ унчалик катта бўлмаганини аниқлаган эди.

«Очиқ тан олишим керакки, Марказий банкда бюджет тақчиллигини камайтириш ёки ҳар қандай харажатларни тўхтатиш воситалари йўқ… Биз ҳар ойда Иқтисодиёт ва молия вазирлигига инфляция ва макроиқтисодий барқарорлик бўйича ўз хавотирларимиз, таклифларимиз, кузатишларимизни тақдим этамиз», — дейди у.

Биринчи чоракда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан 11,2 триллион сўмлик давлат облигациялари муомалага чиқарилди, бу ўтган йилнинг биринчи чорагига (4,7 триллион) нисбатан қарийб 2,5 баробар кўпдир.

«Биринчи чоракда бюджет харажатлари ўтган йилга нисбатан анча ошди. Бу давлат томонидан субсидияланган энергия импорти ҳажмининг ошиши билан боғлиқ. Бюджет даромадларининг [кейинги йилга] ўтказиладиган қолдиқлари мавжуд. 2023 йилда бу маблағлар харажатларни қоплашга йўналтирилган бўлса, жорий йилда бу маблағлар бирмунча кам бўлди, ҳукумат томонидан 11 триллион сўм маблағ жалб қилинди. Бу ерда биз шунга ўхшаш нарсани кўрмаяпмиз, чунки ички пул бозорида ҳам маълум чегаралар мавжуд ва ҳукумат бу чегарадан ортиқ жалб қила олмайди. Йилнинг қолган даврларида ҳам бу тенденция давом этишини кутмаймиз», — деди Мамаризо Нурмуратов.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк 2023 йилда инфляция кўрсаткичини 5 фоизга етказишни режалаштирганди, бироқ кейинчалик бу мақсадни 2024 йил охирига, кейин эса 2025 йил охирига кўчирган. Апрель ойининг охирида ставкани кўриб чиқиш бўйича сўнгги йиғилишда регулятор 2024 йил учун инфляция прогнозини 9−11 фоизгача ёмонлаштирган.

Мамаризо Нурмуратов давлат харажатларининг ўсиши ҳисобига инфляция даражаси прогноз кўрсаткичларидан юқори бўлаётгани, шу сабабли фискал консолидациянинг (харажат ва даромадларни оптималлаштириш) роли ортиб бораётганини таъкидлаганди. У ўрта муддатли истиқболда нархлар барқарорлигини таъминлаш учун бюджет тақчиллигини белгиланган меъёрлар доирасида ушлаб туришни назарда тутувчи пул-кредит ва солиқ-бюджет сиёсатини (Марказий банк ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўртасида) ўзаро келишилган ҳолда амалга оширишни таъминлаш муҳимлигини қайд этган.