Наманган вилоятида болаларнинг оммавий заҳарланиши ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилган бўлиб, иш Наманган вилоят прокуратурасидан Бош прокуратурага ўтказилган. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева Telegram-каналида маълум қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра, у 450 нафар бола соғлиғидан шикоят билан касалхонага ётқизилган вилоятда бўлди. Делегация таркибидан, шунингдек, Президент Администрациясининг Ахборот сиёсати департаменти бошлиғи Комил Алламжонов ҳамда Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов (ҳар икки тузилма ҳам президент ёрдамчиси тузилмаси таркибига киради) ҳам бор эди.

антиструмин, наманган вилояти

«Шундан сўнг боғча тарбияланувчилари билан содир бўлган ҳолат юзасидан соғлиқни сақлаш, СЭС, таълим, прокуратура ва бошқа тегишли соҳа мутасаддилари билан йиғилиш ўтказиб, вазиятни ва текширувнинг боришини муҳокама қилдик», — деб ёзди у.

Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда ўрганиш ишлари давом этмоқда, жараён назоратга олинган, натижаси ҳақида қўшимча равишда хабар қилинади.

антиструмин, наманган вилояти

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257−1-моддаси 1-қисми (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш… одамларнинг оммавий касалланишига ёки заҳарланишига олиб келса) асосида жиноят иши қўзғатилган.

«Газета.uz» аввалроқ ҳудуддаги 9 та боғча ҳамда 2 та мактабнинг 70 дан ортиқ тарбияланувчи ва ўқувчиси заҳарланиш аломатлари билан касалхонага ётқизилгани ҳақида ёзган эди. Ҳолатга таркибида йод мавжуд бўлган «Антиструмин» маҳаллий дори воситаси сабаб бўлгани гумон қилинмоқда. Жума кунидан ўрганишлар натижаларига қадар препаратни қўллаш тақиқланди.

Кейинроқ президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятининг Чуст туманида юз берган болалар соғлиғи билан боғлиқ нохуш ҳолатдан «қаттиқ ташвишда» экани айтилди.