Сўнгги кунларда интернетда болаларнинг Тошкентдаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг токсикология бўлимига ётқизилгани ҳақида кўплаб хабарлар пайдо бўлди. Ижтимоий тармоқларда «Тез ёрдам машиналари касалхонага тўхтовсиз етиб келяпти» деган аудио ва видеохабарлар тарқалмоқда. «Газета.uz» мухбири Шуҳрат Латипов 24 сентябрь куни РШТЁИМда бўлиб, беморларнинг ота-оналари ва бўлим шифокорлари билан суҳбатлашди.

Ота-оналар

Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги 46-мактабнинг 9 ёшли ўқувчисининг онаси ўғлида «Антиструмин» (калий йодид) препаратини қабул қилганидан кейин тошма пайдо бўлганини маълум қилди.

«Мактабда таблетка беришди. Эртаси куни иситмаси кўтарилди ва уни уйга юборишди. Синфида яна 5−6 нафар боланинг кўнгли айниб, қорни оғриган. Унинг кўнгли айнигани йўқ, фақат иситмаси чиқиб, тошма тошди. Шифокорларнинг айтишича, бу дори туфайли эмас. Ҳозир қон топширдик ва таҳлил натижасини кутяпмиз», — дейди аёл.

антиструмин, болаларнинг заҳарланиши, доктор исчанов, йод иши, калий йодид

Унинг сўзларига кўра, шифокорлар шамоллашни эҳтимолий сабаб деб кўрсатмоқда. «Лекин мен ўғлимни тери-таносил касалликлари диспансерига олиб бордим, ўзим ўша ерда ишлайман. У ердаги шифокорлар дори сабаб бўлганини айтиб, бу ерга юборишди. Бу ердагилар (РШТЁИМ токсикология бўлими — таҳр.) эса тери-таносил диспансерига боришимизни айтишяпти», — деди у.

Онанинг айтишича, мактабдагилар ўтган ҳафта бошланган умуммиллий дастур доирасида болаларни йодлаш режалаштирилгани ҳақида огоҳлантирмаган.

«Ўтган йили ҳам беришган, лекин бундай бўлмаганди. Ўшанда бошқа дори беришган, шекилли», — деди аёл ва ўзи болага йод бермаслигини таъкидлади.

Бошқа бир аёл Тошкентдаги 49-мактабда таҳсил олаётган 10 ёшли ўғли ҳам «Антиструмин» ичгани, шундан кейин касал бўлиб қолганини маълум қилди.

Кекса Ибодулла Нодировнинг айтишича, Сергели туманидаги мактаблардан бирида 4−5-синфларда ўқийдиган икки набираси ҳам «Антиструмин» ичган, шундан сўнг уларда аллергик реакция пайдо бўлиб, тошма тошган, бироқ улар тиббиёт муассасага бормаган ва уйда даволанган.

«Ҳозир тўпалон бўлди. Бу ер токсикология маркази, лекин бу препаратни қабул қилган болаларнинг маълумотномаларига ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция) ташхисини ёзишяпти. Ота-оналар: „Агар бу ЎРВИ бўлса, нега бизни токсикологияга олиб келишяпти? Осма укол қилдингиз, ошқозонингизни ювдингиз ва ЎРВИ деб ёзяпсиз“. Шифокорлар боланинг томоғида қизариш, шамоллаш борлигини айтишмоқда», — деди у.

Ибодулла Нодиров ҳам нима учун мактабда болаларга дори ота-оналарини огоҳлантирмасдан берилганидан норози.

«Шифокорлар, бу Ўзбекистондаги компания (Samo — таҳр.)томонидан ишлаб чиқарилган маҳаллий препарат, бу бепул деб айтишяпти. Лекин бу компания дори-дармонни текинга ишлаб чиқармайди-ку, пул давлат бюджетидан ажратилади, яъни бу халқнинг пули», — деди у.

Отахоннинг ҳисоб-китобларига кўра, 24 сентябрь куни (соат 16:30 ҳолатига кўра) токсикология бўлимига 50−60 нафарга яқин бола келган.

Болани РШТЁИМга олиб келган тез ёрдам хизмати ходимининг айтишича, болалар токсикология бўлимига беморлар кўнгил айниши ва дори ичишдан келиб чиққан бошқа касалликлар сабабли олиб келинмоқда.

антиструмин, болаларнинг заҳарланиши, доктор исчанов, йод иши, калий йодид

«Кўнгил айниши ЎРВИ туфайли ҳам бўлиши мумкин. Айниқса, инфекция бактериал шаклда кечса. Ҳатто бола шамоллаб, кейин дори ичган бўлса ҳам, ота-онаси дори туфайли касал бўлиб қолди, дейди… Беморим ҳам шу дорини ичган, лекин характерли йўтал туфайли кўкйўтал бўлган деган гумондаман. Ота-онасидан боланинг кўкйўталга қарши эмланганини сўрадим. Аммо унинг ҳарорати 40 даражага кўтарилган, ота-онаси дори ҳақида гапиришди ва уни токсикология бўлимига олиб боришга қарор қилинган», — деди у.

Тиббиёт ходимининг сўзларига кўра, кўпчилик калий йодидни профилактика мақсадида қабул қилади ва ҳозир кузатилаётган ҳолат аввал бўлмаган.

Бахтиёр Жумаевнинг айтишича, қизи 21 сентябрь куни «Антиструмин» қабул қилган, биринчи куни қорин оғриғи шикоятлари бўлган, шундан сўнг икки кун давомида ўзини яхши ҳис қилган. Бироқ 24 сентябрь куни «энсасидаги оғриқ туфайли бошини кўтара олмай қолган», шунингдек, яна қорин оғриғидан шикоят қила бошлаган.

«Мактабдан бизни дори беришаётгани ҳақида огоҳлантиришмаган эди… Шифокорлар ҳозирча сабаблар ҳақида гапиришмаяпти, ташхис эса номаълум. Лекин ошқозонини ювишяпти», — деди у.

Ота шифокор Нодирбек Исчановнинг препаратни қўллашда дозаси ҳисобга олинмаган бўлиши мумкинлигини айтган видеосини эслаб ўтди.

Бир кун аввал Qalampir.uz нашри ота-оналарга таяниб, Тошкентда 150 дан ортиқ болада ножўя таъсирлар кузатилаётгани ҳақида хабар берган эди. Нашр маълумотларига кўра, 23 сентябрь куни болаларни олиб келаётган тез ёрдам машиналари оқими анча кўп бўлгани, натижада шифокорлар болаларга қарашга урлугҳам улгурмаганини ёзди нашр.

«Иккита ўғлим 599- боғчага боради. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан берилган дорини ичиришган. Дори оқибатида фарзандимизнинг бири оғир аҳволга тушиб қолиб, 16- шаҳар шифохонасига олиб келдик», — деди эркак нашрга.

Ота-оналардан бирининг айтишича, боғчага борадиган қизида 21 сентябрь куни иситмаси кўтарилган, қорин оғриғи, қусиш ва ошқозони бузилиши кузатилган. Унинг сўзларига кўра, текширув натижаларидан бирида боланинг аҳволи яхши экани, бошқа маълумотномада эса «дорининг ножўя таъсири» борлиги кўрсатилган.

Манба: Qalampir.uzМанба: Qalampir.uz

Унинг таъкидлашича, фарзанди 31 ҳафтада туғилган, шунинг учун невролог тавсиясига кўра, эмлашлар кечроқ муддатга қолдирилган. Бироқ болалар боғчаси уни қизига дори беришаётгани ҳақида огоҳлантирмаган, шу боисдан иситмаси нима учун кўтарилганини тушунолмаган ва интернетда бу ҳақдаги хабарлар пайдо бўлганидан сўнг эҳтимолий сабабини билиб олган.

Бошқа бир аёлнинг сўзларига кўра, шифокорлар заҳарланиш озиқ-овқат туфайли бўлиши мумкинлигини айтишган, ваҳоланки, унинг таъкидлашича, болалар мактабдан қайтганидан кейин дори ичганидан сўнг қорни оғриётгани учун овқат ейишдан бош тортишган.

Бошқа бир кишининг айтишича, унинг фарзанди ўқийдиган 232-мактабда «Антиструмин» ичган 100 дан ортиқ болаларда ўзини ёмон ҳис қилиш ҳолатлари аниқланган.

Ота-оналар, шунингдек, болаларига препарат берилиши ҳақида огоҳлантирилмаганликларини айтишди.

Йодлаш дастури

Ўзбекистон президентининг 2020 йил 10 ноябрдаги қарори (ПҚ-4887) билан:

  • 6 — 23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан;
  • 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар «A» витамини билан;
  • 2 — 10 ёшдаги болалар гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан;
  • ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 3 — 15 ёшдаги болалар йод препарати билан;
  • 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёллар темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминланиши белгиланган.

Соғлиқни сақлаш вазирининг 2022 йил 1 июлдаги буйруғи билан ҳомиладор ва эмизикли оналарни, шунингдек, болаларни йод препаратлари билан бепул таъминлаш учун республика бюджетидан 6,7 млрд сўм, 2023 йилда 15,3 млрд сўм миқдорида маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Ота-оналар 2022 йил ва 2023 йил апрелида ҳам йод қўшимчалари берилганини маълум қилишди. 20 сентябрдан барча мактаб ва боғчаларда янги йод билан таъминлаш дастури йўлга қўйилди. Унга кўра, Ўзбекистонда йод етишмаслиги даражаси юқори бўлгани сабабли чоршанба кунлари болаларни унинг танқислигидан ҳимоя қилиш мақсадида профилактик дозада йод бериш тарқатилмоқда. Ҳомиладор ва эмизикли аёлларга эса оилавий шифокорлар томонидан йод препаратлари берилади.

Мурожаатлар сабаблари

антиструмин, болаларнинг заҳарланиши, доктор исчанов, йод иши, калий йодид

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази шифокори Ориф Инамов «Газета.uz»га токсикология бўлимида «вазият нормал ва назорат остида»лигини айтди.

«Ушбу доридан интоксикация бўлмайди. Калий йодид худди шакар сингари метаболизмимизда, моддалар алмашинувида иштирок этади. [Агар дозаси юқори бўлса], у сийдик билан чиқариб юборилади. Токсикология бўлимимизда ич кетиши ва иситма билан оғриган 26 нафар бола бор эди, ҳозирда 18 нафари қолди. Препарат 6,5 млн болага берилган, ҳозирда 0,01 фоизи мурожаат қилмоқда», — деди у.

Шифокор болалар учун дозаси тахминан 100 мкг бўлиши кераклигини таъкидлади (препарат қадоғида 1000 мкг ёзилган). «Ҳатто дозаси юқори бўлган тақдирда ҳам, токсик таъсир кўрсатмайди. Витаминлар, БАДлар (биологик фаол қўшимчалар) каби. Ортиқчалари сийдик билан чиқади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, беморларга асосан ЎРВИ ташхиси қўйилган. У ошқозонни ювиш сабабини тушунтирмади ёки қон таҳлиллари натижаларини ошкор қилмади.

«[Интернетдаги дори ҳақидаги хабарлар туфайли] шов-шув бўлди. Агар бундай бўлмаганида, ҳеч ким енгил безовталик билан касалхонага бормасди. Барча беморлар уйларига жўнатилган, оғир касаллар умуман йўқ, жабрланганлар ҳам йўқ», — дея таъкидлади шифокор.

Марказнинг токсикология бўлими мудири Неъмат Эшбоев Qalampir.uz сайтига берган интервьюсида шифохонага мурожаатлар кўпайганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, биринчи куниёқ 50−60 нафар бола келган, қарийб 90 фоизи амбулатор ёрдам олган, «касалхонага ётқизишга ҳеч қандай ҳожат йўқ».

«Қолганлари кўрсатмалар билан уйларига жўнатилди. Улар ҳар хил дорилардан заҳарланиш шубҳаси билан олиб келиняпти, лекин текширишлар давомида шуни кузатяпмизки, кўпчилик болаларда ўткир респиратор вирусли инфекция ёки ўткир ичак инфекцияси аниқланяпти. Таҳлиллар шуни кўрсатяптики, беморларда асосан овқатдан заҳарланиш ёки камқонлик ёки иммунитет етишмовчилиги ҳолатларида ич кетиш ёки вирусли инфекция тарқалишини дори билан боғлаб ёки дори ичгандан кейин мана шу нарсалар бошланган деган шубҳа билан олиб келиняпти», — деди у.

Эшбоев 90−95 фоиз болаларда калий йодид билан заҳарланиш тасдиқланмаганини, аммо якуний хулосани республика ишчи комиссияси бериши кераклигини айтади.

Мутахассис Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига мурожаатлар кескин кўпайишини авваллари ўткир респиратор вирусли инфекция ёки ичак инфекциялари билан касалланган беморлар турли шифохоналарга мурожаат қилгани, бироқ интернетда «Антиструмин» ҳақидаги хабарлар туфайли улар токсикология бўлимига юборила бошлагани билан изоҳлади.

Бошқа фараз — дозани ошириб юбориш

Йоднинг кунлик дозаси. ЖССТ, Йоднинг кунлик дозаси. ЖССТ,

Шифокор Нодирбек Исчанов ўзининг YouTube-каналида (3,68 млн обуначиси бор) маҳаллий ишлаб чиқарувчи Samo компаниясининг битта «Антиструмин» таблеткасида 0,001 грамм ёки 1000 микрограмм калий йодид борлиги, бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тасдиқланган кунлик меъёрдан (Ўзбекистон йод билан таъминлаш дастурининг «Ёрқин миллат» сайтида ҳам келтирилган) 10 баробар кўп эканини маълум қилди. Қайд этиш жоизки, Украина ишлаб чиқарувчиси (Дарница) препарати шундай меъёрлар кўрсатилган.

Видеодан скриншот.Видеодан скриншот.

Унинг фикрича, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кўрсатма хатида нотўғри доза белгиланган:

  • 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун — бир йил давомида ҳафтасига ½ таблетка;
  • 8 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар учун — бир йил давомида ҳафтасига 1 таблетка;
  • ҳомиладор аёллар учун — ҳомиладорлик пайтида ҳафтасига икки марта ½ таблетка.

Унинг фикрича, кунига 500/1000 микрограмм болалар учун «ударний» доза ҳисобланади. У препаратни тарқатишдан олдин болаларнинг соғлиғини текшириш ва қарши кўрсатмалар мавжудлигини аниқлаш кераклигини таъкидлади.

Ишчанов дозани ошириб юбориш натижасида қусиш, ич кетиши, ҳолсизлик, иситма ва бошқа ножўя таъсирлар пайдо бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди (уларнинг баъзилари препарат учун қўлланмасида кўрсатилган).

Бундан ташқари, қўлланмада препарат катталар ва 12 ёшдан ошган болалар томонидан истеъмол қилиш кераклиги, шунингдек, ҳомиладорлик ва эмизикли даврда ушбу доза мумкин эмаслиги кўрсатилган.

Наманган вилоятида камида 71 нафар бола касалхонага ётқизилгани (жами 450 нафар бола ҳақида хабар берилган) маълум бўлгач, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 22 сентябрдан «Антиструмин» №100 таблеткаларидан фойдаланишга чеклов жорий қилган эди. Андижон вилояти ҳокимлиги «Антиструмин» препаратини қабул қилган 12 нафар бола касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар берди.

Бироқ кўп ўтмай Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова «озиқ-овқат ёки дори-дармондан заҳарланиш гумонлари ҳали тасдиқланмаганини» айтди. У болаларда ЎРВИ бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Тошкент шаҳридаги тез тиббий ёрдам марказининг токсикология бўлимларига ҳам ўнлаб болалар заҳарланиш белгилари, иситма, ошқозон бузилиши билан ётқизилган. Ота-оналар фарзандлари йод истеъмол қилганидан кейин касал бўлиб қолишганини айтишди. Шифокорлар эса препарат билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидламоқда.

Юзлаб болалар касалхонага ётқизилгани ҳолати бўйича жиноий иш очилди.