Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятининг Чуст туманида юз берган болалар соғлиғи билан боғлиқ нохуш ҳолатдан қаттиқ ташвишда, улар тез фурсатда соғайиб кетишини тилайди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби маълум қилди.

«Давлат раҳбари бу борадаги вазият тўғрисида ахборотни мунтазам олиб бормоқда. Вилоят ҳокими ва масъулларга масалани алоҳида назоратга олиш, сабабларини аниқлаш ва тегишли таклифлар киритиш бўйича топшириқлар берилган», — дейилади хабарда.

«Газета.uz» бир кун аввал ҳудуддаги 9 та боғча ҳамда 2 та мактабнинг 70 дан ортиқ тарбияланувчи ва ўқувчиси заҳарланиш аломатлари билан касалхонага ётқизилгани ҳақида ёзган эди. Ҳолатга таркибида йод мавжуд бўлган «Антиструмин» маҳаллий дори воситаси сабаб бўлгани гумон қилинмоқда. Жума кунидан ўрганишлар натижаларига қадар препаратни қўллаш тақиқланди.

Шу ҳафтадан бошлаб бутун Ўзбекистон бўйлаб болаларни ёдлаш бўйича ҳафталик дастури ишга туширилди.