Наманган вилоятининг Чуст туманида болаларнинг оммавий заҳарланиши содир бўлди. Бу ҳақда биринчи бўлиб ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари хабар беришди. Ота-оналар фарзандларига йод берилгани ҳақида маълум қилмоқда (шу ҳафтадан бошлаб Ўзбекистонда болаларни йодлаш бўйича ҳафталик дастур бошланган).

Namanganliklar.uz Telegram-каналида эълон қилинган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси хабарига кўра, 21 сентябрь куни соат 16:00 дан бошлаб туман тиббиёт бирлашмасига 71 нафар бола ётқизилган. Уларда иситма, баъзиларида қорин оғриғи, диарея ва қусиш каби аломатлар кузатилган.

Болалар тўққизта болалар боғчаси (№ 23 — 35 бола, № 51 — 20, № 18 — 5, № 36 — 3, № 30 — 2, № 35, 43 ва 34 — ҳар бири 1 тадан, оилавий болалар боғчаси — 1) ва иккита мактаб (№ 7 ва 21 — ҳар бири 1 нафар бола) тарбияланувчилари ва ўқувчилари ҳисобланади.

Бошқарма тезкор ишчи гуруҳ тузиб, ўрганишларни бошлаган. Аҳволи қониқарли бўлган 9 нафар бола уйига жўнатилган. Қолган болалар назорат остида.

Касалликнинг шубҳали сабабига аниқлик киритилмаган.

22 сентябрь куни эрта тонгда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Чустда болаларнинг оммавий заҳарланишини тасдиқловчи баёнот берди, бироқ эҳтимолий сабабларни ҳам, жабрланганлар сонини ҳам кўрсатмади.

Болаларнинг барчасига белгиланган стандартлар бўйича даво муолажалари олиб борилмоқда. Уларга якуний ташхис қўйиш мақсадида белгиланган талаблар асосида намуналар олиниб, экспертизадан ўтказилмоқда, дейилади хабарда.

Ҳолат соғлиқни сақлаш вазири томонидан назоратга олинган.

Қайд этилишича, 10 нафар бола уйига жўнатилган. Вазирлик қўшимча маълумот тақдим этишга ваъда бермоқда.

Тунда Бош прокуратура матбуот хизмати заҳарланиш бўйича терговга қадар текширув ўтказилаётгани ҳақида хабар берди. Ҳолат прокуратура назоратига олинди.

«Вояга етмаган болалар нимадан захарланганлиги хали номаълум бўлганлиги сабабли жамоатчиликдан нотўғри ва турли тахминларга асосланган хабарларни тарқатмасликларни сўраб қоламиз», — дейилади хабарда.

Бош прокуратура ижтимоий тармоқларда Чустда фавқулодда ҳолат жорий этилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Айни пайтда улар ижтимоий тармоқларда заҳарланганлар сони кўпроқ бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзишмоқда