Наманган вилояти Чуст туманида болаларда кузатилган нохуш ҳолат дори воситалари ёки овқатдан заҳарланиш эмас. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова матбуот анжуманида маълум қилди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида ташкил этилган матбуот анжуманида Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова, Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Мулоқот давомида вазир ўринбосари болаларда кузатилган нохуш ҳолат дастлабки текширувларга кўра, дори воситалари ёки овқатдан заҳарланиш эмаслигини алоҳида таъкидлаб, ҳозирда 20 га яқин анализ хулосалари олингани ва чуқурлаштирилган таҳлиллардан сўнг вазиятга аниқлик киритишини билдирди.

«Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли хабарларга ишонавермаслик, бундай жараёнда фақатгина мутахассисларнинг фикрига таяниб ахборот тарқатилиши керак. Айни пайтда саломатлигидан шикоят қилиб келаётган ёш болаларнинг 85 фоизи соғлиги жойида, уйларига қайтишга бирин-кетин рухсат берилмоқда. Қолганлари куннинг бошида рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг ҳам аҳволи яхшиланиб бормоқда», — деди Республика ишчи гуруҳи раҳбари Элмира Боситхонова.

21 сентябрь куни соат 16:00 дан бошлаб Наманган вилояти Чуст туманидаги 9 та болалар боғчаси тарбияланувчилари ва 2 та мактаб ўқувчилари — 70 дан ортиқ бола заҳарланиш билан касалхонага ётқизилди. Ота-оналар фарзандлари ўша куни берилган йод сабаб заҳарланганиниайтишди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўрганиш якунланмагунча «Антиструмин» №100 препаратини қўллашни тақиқлади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Чуст туманида болаларнинг заҳарланиши билан боғлиқ вазиятдан «қаттиқ ташвишда», дея маълум қилди унинг матбуот котиби.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов жума куни Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Андижон филиалига келиб, токсикология бўлимидаги 12 нафар болалар билан учрашди. Вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати ёзишича, болалар дори воситасининг ножўя таъсири оқибатида мазкур шифохонага келган. Бироқ хабарда айнан қайси дори экани айтилмаган. Токсикология бўлими шифокори Муроджон Имомбердиев болалар «Антиструмин» (калий йодид) қабул қилганини тасдиқлади

Эслатиб ўтамиз, жорий ҳафтадан бутун Ўзбекистон бўйлаб болаларни йодлаш дастури ишга туширилган эди.