Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Президент администрацияси вазирга маҳаллий Samo компаниясининг таркибида йод бўлган «Антиструмин» №100 препаратини қабул қилган болаларда ножўя таъсирлар юзага келган вазият бўйича интервью беришни тақиқламаганини маълум қилди.

Бир кун аввал Наманганда ўзини соғлиқни сақлаш вазир ёрдамчисиман деб таништирган шахс журналист ва блогерларга вазирга интервью бериш тақиқланганини айтиб: ««Соғлиқни сақлаш вазири шунча иш қиляпти, нима керак ҳозир уни ковлаб?» — деган эди у суҳбат ёзувида.

Журналистлар, шунингдек, ҳозирги кескин вазиятда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа мутасаддиларнинг ёпиқлигидан норозилигини билдиришди. Уларнинг сўзларига кўра, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот котиби улардан «сукут сақлашни» сўраган. Видеода у мансабдор шахслар билан талабчан оҳангда муомала қилишга ҳаққи йўқлигини ва «субординация» сақлаш кераклигини айтади.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу маълумот ҳақиқатдан йироқ эканлиги, Президент администрациясидан бундай топшириқ бўлмаганини маълум қилади», — дейилади вазирлик хабарида.

«Ўз навбатида, болаларда аниқланган ҳолат бўйича ҳуқуқ-тартибот органлари ва тегишли ташкилотлар томонидан текширув ишлари давом эттирилаётганини эслатиб ўтамиз», — дея қайд этди вазирлик.

Вазирлик мавзуга доир савол ва мурожаатлар учун очиқ ҳамда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Айни пайтда «Антиструмин» истеъмолидан жабрланган болаларнинг аниқ сони номаълум.

Фақатгина Наманган вилоятида 450 нафар болада ножўя таъсирлар кузатилгани маълум қилинган. «Газета.uz» Тошкентда суҳбатлашган ота-оналар фарзандларига дори берилиши ҳақида огоҳлантирилмаганини айтишди.

22 сентябрдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тергов тугагунига қадар Samo компанияси томонидан ишлаб чиқарилган «Антиструмин» №100 таблеткаларидан фойдаланишга тақиқ жорий қилди. Дори ишлаб чиқариладиган корхонада текшириш бошланди.

Давлат харидлари порталининг очиқ маълумотларига кўра, икки йил давомида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Samo компаниясидан қарийб 22 млрд сўмга 3,55 млн қадоқ «Антиструмин» сотиб олган.