Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонга кириш қоидаларига ўзгартиришлар киритилгани муносабати билан мамлакатга кирмоқчи бўлган фуқароларга мурожаат билан чиқди.

ТИВ Қозоғистонга кириш ва чиқишда фуқароларга барча зарур ҳужжатларни ўзлари билан олиб юришни тавсия қилди.

«Шу билан бирга, Ўзбекистон-Қозоғистон ёки Россия-Қозоғистон чегарасини кесиб ўтишда нафақат Қозоғистонга, балки Россия Федерациясига ҳам киришда ҳеч қандай тўсиқлар йўқлигига олдиндан ишонч ҳосил қилиш лозим, чунки Россия ва Қозоғистон ўртасидаги маъмурий ва жиноий ишлар бўйича қарорларни ўзаро тан олиш ва ижро этиш тўғрисидаги келишувларга мувофиқ Қозоғистоннинг ваколатли органлари Россия Федерациясининг миграция ва бошқа қонун ҳужжатларининг бузилиши ёки тўланмаган жарималар мавжудлиги бўйича текширув ўтказадилар», — дея таъкидлади вазирлик.

Хабарда айтилишича, агар РФда бўлиш даврида қайд этилган қоидабузарлик ёки тўланмаган жарима аниқланса, Қозоғистон томони Ўзбекистон фуқаросининг мамлакатга кириши ёки чиқишини тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Вазирлик муаммолар юзага келмаслиги учун Россия Ички ишлар вазирлиги Миграция масалалари бўйича бош бошқармасининг расмий веб-сайти «Хизматлар» бўлимида махсус онлайн шаклни тўлдириш орқали Россияга кириш учун тақиқ мавжуд ёки мавжуд эмаслигини текширишни тавсия қилди.