Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги болалар ва ҳомиладор аёллар учун мўлжалланган «Антиструмин» №100 йод препаратини сотиб олган Samo фармацевтика компанияси таъсисчиларидан бири Нодир Юнусов АҚШда қидирувга берилган экан. Бунга биринчи бўлиб сиёсатшунос Рафаэл Саттаров эътибор қаратди.

АҚШда қидирувга берилгани

samo, антиструмин, болаларнинг заҳарланиши, нодир юнусов

Тадбиркор АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати сайтида қидирувга берилганлар рўйхатига киритилган. 2005 йил июнь ойида икки Ўзбекистон фуқароси меҳнат хизматлари билан шуғулланаётгани ва ноқонуний хорижликларни ёллаётгани ҳақидаги маълумотни олгандан сўнг, полиция Giant Labor Solutions (GLS) компаниясини текширишни бошлаган.

ФҚБ, Меҳнат департаменти, Солиқ бошқармаси, Фуқаролик ва иммиграция хизматлари ҳамда АҚШнинг бошқа ташкилотларидан иборат махсус ишчи гуруҳи кейинги тўрт йил давомидаги фаолиятни текширган.

Компанияга 2009 йил май ойида мажбурий меҳнат ва хорижликларнинг меҳнат шартномалари билан боғлиқ фирибгарлик айби қўйилган. Асосий гумонланувчи Аброрхўжа Асқархўжаев ва бошқалар 2009 йилнинг май ойида Нью-Йоркда мамлакатни тарк этишга тайёрланаётган пайтда ҳибсга олинган.

Бир қанча шаҳарларда, жумладан Канзас-Сити, Сент-Луис, Панама Сити ва бошқа шаҳарларда 40 дан ортиқ одам савдоси қурбонлари қутқарилган. Жиноий фитнада айбланаётган уч нафар айбланувчи — Санжар Агзамов, Рустамжон Шукуров ва Нодир Юнусов АҚШдан қочиб, яширинишда давом этмоқда, дейилади хабарда.

2009 йилдан бери АҚШ расмийлари 33 ёшли Нодир Юнусов ва унинг икки шеригини меҳнат қуллигини уюштирганлик ва хорижликларни АҚШга ишга ёллаш билан боғлиқ фирибгарликда айблаб, қидирмоқда.

2010 йилнинг январида суд GLS ходимларига нисбатан 59 та мажбурий меҳнат эксплуатацияси ва 20 та хорижлик шартномалари билан боғлиқ фирибгарлик бўйича 127 та айблов эълон қилган.

Бу ҳақда ОАВ ва блогерлар 25 сентябрдан буён ёзишмоқда, бироқ Нодир Юнусов хабарларга изоҳ бермади. «Газета.uz» унга алоқадор компаниялар орқали у билан боғланишга уриниб кўрди, аммо жавоб ололмади. Нодир Юнусов директор сифатида кўрсатилган Zuma Pharm ходимаси таҳририят қўнғироғига жавобан аввалига унинг компания раҳбари эканини тасдиқлади ва раҳбариятдан изоҳ олишга ҳаракат қилишини айтди, бироқ кейинроқ ўзини директор ўринбосари деб таништирган шахс Юнусов энди компания директори эмаслигини маълум қилди (гарчи 29 сентябрь ҳолатига кўра, корхона ва ташкилотларнинг давлат реестрида у ҳали ҳам раҳбар сифатида қолмоқда).

Интернетда унинг Интерпол орқали халқаро қидирувга берилгани, бироқ у бу ташкилотнинг маълумотлар базасида йўқлиги ҳақида ҳам хабарлар тарқалди.

Нодир Юнусов билан қандай компаниялар алоқадор (ёки бўлган)?

Корхоналар реестрига кўра, бир неча кун аввал Нодир Бахтиярович Юнусов Samo фармацевтика компаниясининг 6,9 фоиз акциясига эгалик қилган. Қолган улушлар унинг қариндошлари экани тахмин қилинаётган Фаррух Бахтиярович Юнусов (36,5 фоиз), Холида Маннанович Юнусова (33,5 фоиз), Наргиза Бахтияровна Илхамова (22,4 фоиз) ва Бахтиёр Маннопович Юнусовга (0,7 фоиз) тегишли.

samo, антиструмин, болаларнинг заҳарланиши, нодир юнусов

samo, антиструмин, болаларнинг заҳарланиши, нодир юнусов

«Антиструмин» билан боғлиқ можародан аввал ва кейин Samo таъсисчилари таркиби.

29 сентябрь ҳолатига кўра у муассислар сафидан чиқарилиб, унинг улуши Холида Юнусовага (40,4%) ўтказилган.

Нодир Юнусов, шунингдек, 2020 йил май ойида Тошкент вилоятида рўйхатдан ўтган ва ихтисослаштирилган дўконларда фармацевтика маҳсулотларининг чакана савдоси билан шуғулланувчи Heartly компаниясининг ҳаммуассисларидан (16,5%) ҳисобланади. Қолган акциялар Uzgermed Pharm (17,5%), Samo (16,5%), Fazo-Luxe (16,5%), Наргиза Илхамова ва Фаррух Юнусов (ҳар бири 16,5% дан) ўртасида тақсимланган.

Бир неча кун аввал Нодир Юнусов 2014 йилдан буён тиббий асбоб-ускуналар ва боғлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган Fazo-Luxe корхонасида кичик (2,4 фоиз) улушга эга эди. Қолган акциялар Холида Юнусова (46,6 фоиз), Бахтиёр Юнусов (46,6 фоиз), Фаррух Юнусов (3,4 фоиз) ва Наргиза Илхамова (1 фоиз) ўртасида тақсимланган. Ҳозирда унинг улуши Холида Юнусовага (49 фоиз) ўтган.

Samo компанияси ҳақида нималар маълум?

Samo заводи таблеткалар, кукунлар ва антисептиклар кўринишидаги дори-дармонлар, жумладан, «Аферол», «Амброл», «Антигриппин», «Самофер», «Мукалтин», калций глюконат, ацетилсалицил кислотаси ва «Антиструмин» ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

4 июль куни ташкилот сайтида компания раҳбари Нодир Юнусов президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурини қўллаб-қувватлаши ҳақида хабар эълон қилинган. Унинг сўзларига кўра, 2024 йилда Samo компанияси С гепатитини даволаш учун Софосбувир ишлаб чиқаришни бошлашни режалаштирмоқда.

Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлигининг Илғор тажрибалар маркази Samo компаниясига 2022 йил 19 апрелда уч йил муддатга амал қиладиган GMP сертификатини берган. Охирги текширув 2023 йил 16 майда ўтказилган. «Антиструмин» йод препаратини қабул қилган болалар оммавий заҳарланганидан сўнг корхонада яна текширув ўтказиш белгиланди.

Аввалроқ «Газета.uz» Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Samo компаниясидан тендерсиз 3,55 млн қадоқ «Антиструмин» (калий йодид)ни қарийб 22 млрд сўмга сотиб олгани ҳақида хабар қилган эди. 2022 йилда дорининг бир қадоғи 5500 сўмдан харид қилинган бўлса, жорий йилда 6500 сўмдан сотиб олинган. Чакана савдода эса 3000 сўмдан сотилган.

samo, антиструмин, болаларнинг заҳарланиши, нодир юнусов

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, препарат дастлаб 2002 йил 21 январда рўйхатдан ўтказилган, кейин сертификат 2011 йил февралда, 2017 йилда яна янгиланган. 2022 йил 30 ноябрда Samo президент қарори (ПҚ-55) асосида маҳаллий ишлаб чиқарувчи сифатида доимий сертификат олган.

Samo Uzgermed Pharm компаниялар гуруҳи таркибига киради. Унинг таркибидан:

  • Uzgermed Pharm Ўзбекистон-Германия қўшма корхонаси (35 га яқин инъекцион препаратлар, жумладан, алборегин, винпоцетин, гепарин ва бошқаларни ишлаб чиқаради);
  • Fazo-Lux (ниқоблар, бинтлар, вата, боғлаш материаллари ва бошқаларни ишлаб чиқаради);
  • Тошкент вилоятидаги «Паркент-Фарм» ЭИЗ ҳудудида инактивацияланган вакциналар ва олдиндан тўлдириб қўйилган шприцлар, фойдаланишга тайёр инсулин ручкалари, шунингдек, лиофилизацияланган кукунлар ва флаконларда инъекцион суюқликлар кўринишидаги женерик препаратлар ишлаб чиқарадиган Zuma Pharm корхонаси ҳам киради.

samo, антиструмин, болаларнинг заҳарланиши, нодир юнусов

Ўтган йил бошида Россиянинг «Герофарм» ва Zuma Pharm компаниялари Ўзбекистон фармацевтика компанияси майдончасида аналог ва инсон инсулинларини ишлаб чиқариш технологияси трансфери доирасида ҳамкорликнинг асосий шартлари тўғрисидаги шартномани имзолаган.

Шу билан бирга, Heartly ушбу компанияларнинг дори воситаларини тарғиб қилувчи маркетинг компанияси ҳисобланади.

Президент матбуот хизмати.Президент матбуот хизмати.

Апрель ойи бошида президент Шавкат Мирзиёев олдида Сирдарё вилоятига ташрифи доирасида Zuma Pharm ва Fazo Luxe фармацевтика маҳсулотлари тақдимоти ўтказилган эди.

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов бир неча кун муқаддам журналистлар билан учрашувда «Антиструмин» дориси мавзусига чуқур кирмасликни маслаҳат берди. «Бу мавзу билан шуғулланаётган одамлар бор. Нима бўлса ҳам, ўзи текширади, ўзи жавобини беради. Бу мавзуга чуқур кирманглар», — деди вазир. У препарат чакана нархлардан 3 баравар қимматга сотилаётгани ҳақидаги хабарларни «нотўғри» деди.

Нодир Юнусов соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг Zuma Pharm корхонасига ташрифи чоғида тақдимот қилмоқда.Нодир Юнусов соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг Zuma Pharm корхонасига ташрифи чоғида тақдимот қилмоқда.

«Антиструмина» №100 препаратининг тақиқланиши

21 сентябрь куни Наманган вилоятининг Чуст туманида камида 71 бола касалхонага ётқизилгани маълум бўлди. Кейинроқ вилоятда 450 нафар, жумладан Чуст туманида 306 нафар бола касалхонага ётқизилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Ота-оналарнинг таъкидлашича, болалари «Антиструмин» №100 таблеткасини ичганидан кейин ўзларини ёмон ҳис қилишган.

22 сентябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўрганишлар тугагунига қадар ушбу таблеткалардан фойдаланишга тақиқ жорий қилди.

Бироқ кўп ўтмай соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова «озиқ-овқат ёки дори-дармондан заҳарланиш гумонлари ҳали тасдиқланмаганини» айтди. У болаларда ЎРВИ бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Тошкент шаҳридаги тез тиббий ёрдам марказининг токсикология бўлимларига ҳам ўнлаб болалар заҳарланиш белгилари, иситма, ошқозон бузилиши билан ётқизилган. Ота-оналар фарзандлари йод истеъмол қилганидан кейин касал бўлиб қолишганини айтишди. Шифокорлар эса препарат билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидламоқда.

Юзлаб болалар касалхонага ётқизилгани ҳолати бўйича жиноий иш очилди. Душанба куни препарат ишлаб чиқариладиган заводда текширув бошлангани маълум бўлди.

Президент матбуот хизмати аввалроқ давлат раҳбари болаларнинг касалхонага ётқизилиши билан боғлиқ вазиятдан «чуқур ташвишда» эканини маълум қилганди. Давлат раҳбари топшириғига кўра президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Наманган вилоятига ташриф буюрди.