Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маҳаллий ишлаб чиқарувчи Samo компаниясидан 3,55 млн қути «Антиструмин» (калий йодид) дори воситасини тендерсиз сотиб олган. «Газета.uz» давлат харидлари порталидан бу ҳақдаги маълумотларини ўрганиб чиқди.

2022 йил 24 март куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз сайтининг тендерлар бўлимида O’zmedimpex ишчи органи томонидан 120 млн таблетка миқдорида 1 мг (0,001) калий йодид сотиб олишни режалаштираётганини маълум қилди. Етказиб берувчилардан товарларнинг дастлабки техник квалификациясини ўтказиш ва харидлар бюджетини аниқлаш учун тижорий таклифларини киритиш сўралган. Шартларда бирламчи қадоқда «сотиш мумкин эмас» деб кўрсатилиши кераклиги айтилган.

Шу йилнинг 30 май куни O’zmedimpex Samo фармацевтика компанияси билан 6,6 млрд сўмлик 1,2 млн қути «Антиструмин» препаратини етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри етказиб бериш шартномаси тузди. Битта қадоқнинг нархи 5500 сўм.

2023 йил апрель ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна калий йодид сотиб олинишини эълон қилди. Вазирлик 3,54 млн қутига (ичида 100 дона таблетка бўлади) дори талаби борлигини ва 2,35 млн ўрамни сотиб олаётганини маълум қилди. Бошланғич нарх — 6500 сўм (импорт қилувчилар учун — 1 доллар) этиб белгиланди, бюджет — 15,27 млрд сўм.

4 май куни O’zmedimpex яна Samo компанияси билан етказиб бериш ҳажми 2,35 млн қадоқ (ҳар бир ўрам учун 6500 сўм) бўлган 15,27 млрд сўмлик шартнома имзолади. Харид комиссияси баённомасида қайд этилишича, тижорат таклифи фақат битта — Samo компаниясидан келган.

Шундай қилиб, Samo компаниясидан 3,55 қадоқдаги «Антиструмин»нинг умумий харид нархи 21,875 млрд сўмни ташкил этди.

samo, антиструмин, болаларнинг заҳарланиши, давлат харидлари, йод иши, калий йодид

Юқорида таъкидланганидек, 2022 йилда дори бир ўрами 5500 сўмдан харид қилинган бўлса, жорий йилда 6600 сўмдан сотиб олинган. Дорихоналарда эса 3000 сўмдан чакана нархда (бу нарх med24.uz ва apteka.uz сайтларида кўрсатилган, бироқ кейинроқ олиб ташланди), яъни 1,8−2,2 баробар арзон (улгуржи нархи бундан ҳам пастроқ бўлиши керак) сотилган.

«Газета.uz» Тошкентда Samo компанияси ишлаб чиқарган «Антиструмин» дориси сотилаётган «Фарзона Фарм Про» дорихонасига қўнғироқ қилиб, унинг 3000 сўмдан сотилгани тасдиғини олди, бироқ айни пайтда дори сотувда мавжуд эмас.

O’zmedimpex калий йодид сотиб олаётганда очиқ танлов ўтказилгани, унинг доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги келиб тушган таклифларни баҳолаганини таъкидлади (эслатиб ўтамиз, Samo компаниясидан фақат битта таклиф олинган).

Лотлар Ўзбекистон президентининг 2018 йил 27 сентябрдаги қарори доирасида давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар рўйхатига Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган рўйхат бўйича дори воситалари ва тиббиётда қўлланиладиган буюмлар ҳам киритилган. Бироқ мазкур рўйхатни очиқ манбалардан топиб бўлмади.

Болаларнинг оммавий заҳарланиши

Наманган вилоятида камида 71 нафар бола касалхонага ётқизилгани (жами 450 нафар бола ҳақида хабар берилган) маълум бўлгач, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 22 сентябрдан «Антиструмин» №100 таблеткаларидан фойдаланишга чеклов жорий қилган эди. Андижон вилояти ҳокимлиги «Антиструмин» препаратини қабул қилган 12 нафар бола касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар берди.

Бироқ кўп ўтмай Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова «озиқ-овқат ёки дори-дармондан заҳарланиш гумонлари ҳали тасдиқланмаганини» айтди. У болаларда ЎРВИ бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Тошкент шаҳридаги тез тиббий ёрдам марказининг токсикология бўлимларига ҳам ўнлаб болалар заҳарланиш белгилари, иситма, ошқозон бузилиши билан ётқизилган. Ота-оналар фарзандлари йод истеъмол қилганидан кейин касал бўлиб қолишганини айтишди. Шифокорлар эса препарат билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидламоқда.

Юзлаб болалар касалхонага ётқизилгани ҳолати бўйича жиноий иш очилди. Душанба куни препарат ишлаб чиқариладиган заводда текширув бошлангани маълум бўлди.

Президент матбуот хизмати аввалроқ давлат раҳбари болаларнинг касалхонага ётқизилиши билан боғлиқ вазиятдан «чуқур ташвишда» эканини маълум қилганди. Давлат раҳбари топшириғига кўра президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Наманган вилоятига ташриф буюрди.