Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази («Ўзфармназорат») «Антиструмин» (калий йодид) препаратини ишлаб чиқарувчи Samo фармацевтика компанияси фаолиятини текширмоқда, дея хабар берди муассаса матбуот хизмати.

Текширув давомида дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига, жумладан, ишлаб чиқариш, дистрибюторлик ва сақлаш амалиётлари давлат стандартларига, дори воситаларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш ва улгуржи реализация қилиш доирасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлиши ўрганилмоқда. Шунингдек, корхона томонидан мажбурий риоя қилиш шарт бўлган лицензия талаб ва шартлари бўйича ҳолатлар текширилади.

Шунингдек, «Дори воситаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламенти«га мувофиқ, «Антиструмин» дори воситасининг хавфсизлик кўрсаткичлари таҳлил қилинади.

«Ўзфармназорат» жамоатчиликдан тегишли ташкилотлар томонидан ушбу дори воситаси билан боғлиқ ҳолат сабаблари аниқланиб, маълум қилинмагунча, асосланмаган хабарларни тарқатмасликни сўради.

Наманган вилоятида камида 71 нафар бола касалхонага ётқизилгани (жами 450 нафар бола ҳақида хабар берилган) маълум бўлгач, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 22 сентябрдан «Антиструмин» №100 таблеткаларидан фойдаланишга чеклов жорий қилган эди. Андижон вилояти ҳокимлиги «Антиструмин» препаратини қабул қилган 12 нафар бола касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар берди.

Бироқ кўп ўтмай Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова «озиқ-овқат ёки дори-дармондан заҳарланиш гумонлари ҳали тасдиқланмаганини» айтди. У болаларда ЎРВИ бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Тошкент шаҳридаги тез тиббий ёрдам марказининг токсикология бўлимларига ҳам ўнлаб болалар заҳарланиш белгилари, иситма, ошқозон бузилиши билан ётқизилган. Ота-оналар фарзандлари йод истеъмол қилганидан кейин касал бўлиб қолишганини айтишди. Шифокорлар эса препарат билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидламоқда.

Юзлаб болалар касалхонага ётқизилгани ҳолати бўйича жиноий иш очилди.