Дам олиш кунлари ҳарорат бироз кўтарилади

Ўзбекистонда салқин ҳаво чекина бошлади ва ҳарорат аста-секин кўтарилмоқда. Дам олиш кунлари ҳарорат кундуз кунлари +35…+37, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +38…+39 даражагача бўлади.

«Док-1 Макс» иши: адвокатлар яна журналистларни суддан чиқариб юборишни талаб қилди

Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси дориларини истеъмол қилиш оқибатида вафот этган 65 боланинг ўлими бўйича навбатдаги суд мажлисида адвокатлар яна журналистларни залдан чиқариб юборишни талаб қилди. Судья жараённи нотўғри ёритаётган журналистлар эмас, турли Telegram каналлари эканини айтди.

Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Ундан асосий янгилик ва иқтибослар:

Тадбиркорлар куни муносабати билан соҳа вакилларининг бир гуруҳи мукофотланди

Тадбиркорлар куни муносабати билан Шавкат Мирзиёев бир гуруҳ соҳа вакилларини мукофотлаш тўғрисида фармон имзолади.

Tax Gap амалиёти ва ҚҚС гувоҳномасини тўхтатиб туриш бекор қилинади

Президент 1 октябрдан ҚҚСни қайтаришда солиқ узилиши коэффициенти (tax gap) бекор қилинишини билдирди, сўровда қатнашган тадбиркорларнинг 70 фоизи буни адолатсиз деб ҳисоблайди. «Кудбиев, бу сенга ва тизимингга баҳо», — деди у. ҚҚС гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳам бекор қилинади.

Тадбиркорлардан камерал назоратда ҳужжат тақдим этиши ва солиқ идорасига бориши талаб этилмайдиган бўлди

Президент камерал назорат тўлақонли солиқ текширувига айланиб кетганини билдирди. Эндиликда назорат вақтида тадбиркордан қўшимча ҳужжатлар талаб қилиш ёки уни солиқ идорасига чақириш тақиқланади. Тадбиркорлар солиқ органлари ходимлари ишини янги платформа орқали баҳолайди, — деди давлат раҳбари.

«Биз бировга қарам бўлмаймиз». Шавкат Мирзиёев — Афғонистон орқали ўтадиган темирйўл ҳақида

Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан мулоқотда Афғонистон орқали ўтадиган темирйўл Жанубий Осиёга чиқадиган «энг маъқул, арзон ва хавфсиз йўл» эканини айтди. «Мана шу иккита катта темирйўл бўлса, биз ҳам тариф орқали манфаат кўрадиган давлатга айланамиз, бировга қарам бўлмаймиз», — деди президент.

«Солиқ тўламаган тадбиркорлар бизга дўст эмас» — Шавкат Мирзиёев

Президент Ўзбекистонда «хуфиёна иқтисодиёт» улушини 40 фоиздан ортиқ деб баҳолади. Бу кўрсаткични камайтириш учун тадбиркорларни ҳалол ва очиқ ишлашга чақирди. «Солиқ тўламайдиган тадбиркорлар бизга дўст эмас, у ҳам иқтисодиётимизга, ҳам бизга душман», — деди у.

«Қишлоқ қурилиш банк» Бизнесни ривожлантириш банкига айлантирилади — президент

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан учрашувда «Қишлоқ қурилиш банк» Бизнесни ривожлантириш банкига айлантирилишини маълум қилди. Янги банк тадбиркорларга 1 октябрдан бошлаб 5−7 йил муддатга имтиёзли кредитлар ажратади.

Марказий Осиёнинг беш мамлакати президентлари сентябрь ўрталарида Душанбеда учрашади

14−15 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида Марказий Осиёнинг беш мамлакати раҳбарларининг маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади. Тожикистон, шунингдек, саммит доирасида 12 та параллел тадбир, жумладан, иқтисодий форум, олимлар форуми ва фаол аёллар учрашувини ўтказишни таклиф қилди.

Европа Иттифоқи Ўзбекистон давлат идораларига 213 минг еврога тенг техник жиҳозларни топширди

Европа Иттифоқи молиялаштирадиган Марказий Осиёда чегараларни бошқаришга кўмаклашиш дастури Ўзбекистоннинг ДХХ Чегара қўшинлари, Божхона институти, Ташқи ҳамда Ички ишлар вазирлигига жами 213,3 минг еврога тенг техникаларни топширди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон савдо айланмасини ошириш ва ҳамкорликни муҳокама қилди

2023 йилнинг 5 ойи давомида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 13,3 фоизга ўсиб, 215,8 млн долларга етди, дея хабар қилинди ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг Чўлпонотадаги йиғилишида. Томонлар бу кўрсаткични 2 млрд долларга етказиш имконияти мавжудлигини таъкидлади.

Зойир Мирзаев Қибрай туманидаги раҳбарларни ёппасига ишдан олди

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Қибрай туманидаги деярли барча раҳбарларни ишдан бўшатиб, уларнинг фаолиятини текширишга топшириқ берди. Ҳоким бўш ўринларга ёшлар ишга олиниши, ҳудудга «янги қон» кераклигини таъкидлади.

«Янгийўл тумани ғалладан бўшаган ерларни ёқиш бўйича „чемпион“ бўлди» — Зойир Мирзаев

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Янгийўл тумани ғалладан бўшаган 171 гектар ерни ёқиб, «чемпион» бўлганини таъкидлади. Аввалроқ Тошкентда бир неча бор тутун ва кучли куйинди ҳиди сезилганди, бироқ расмийлар ҳаво сифати ёмонлашгани бўйича бирор изоҳ бермаган.

Тошкент маҳаллий аэропорти биноси олдига автомобиллар кириши мумкин бўлади

Тошкент аэропорти маҳаллий терминали олдидаги панжара демонтаж қилиниб, реконструкция ишлари бошланди. Бинога машинада кириб бориш ва 5 дақиқагача қолиш мумкин. Йил охирига қадар Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортлар олдидаги майдоннинг реконструкция қилиш ишлари якунланади.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

«Бир кун сув беришади, кейин бир неча ой сувсиз ўтирасиз». Ўзбекистонликлар — сув билан боғлиқ вазият ҳақида

Ўзбекистонда ичимлик суви тарифлари кўтарилиши, Қорақалпоғистонда шоли етиштириладиган майдонларнинг қисқариши, Қирғизистоннинг Қозоғистонга суғориш учун сув беришни тўхтатгани минтақада сув инқирози кучайиб бораётганидан далолат беради. «Газета.uz» ҳудудлардаги сув билан боғлиқ вазиятни ўрганди.

Тошкент халқаро аэропортидаги масофавий божхона назорати тизими қандай ишлайди?

Тошкент халқаро аэропортида учиб кетувчилар учун божхонанинг қизил ва яшил йўлаклари ўрнига масофавий божхона назорати тизими жорий этилди. У вақтни тежайди, жисмоний шахслар ва уларнинг қўл юклари визуал назоратдан ўтади. Янги тартиб ҳақида батафсил «Газета.uz» репортажида.