Ўзбекистонда тадбиркорлар эндиликда камерал назорат вақтида ҳужжатларни тақдим этиши ёки солиқ идорасига бориши шарт эмас. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 18 август куни ишбилармонлар билан учрашувда маълум қилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Камерал назорат солиқчиларнинг қуроли эмас, балки тадбиркорга хатосини кўрсатиб, уни тўғрилашга ёрдам берадиган жараён бўлиши зарур. Ҳозирда эса камерал назорат тўлақонли солиқ текширувига айланиб кетгани сир эмас. Бу эса коррупцияга йўл очиб беряпти… Энди камерал назоратда тадбиркордан ҳужжат талаб қилиш ёки уни идорага чақиришни қатъий тақиқлаймиз», — деди у.

Унга кўра, умуман олганда, солиқ идоралари ходимлари дунёқарашини ўзгартириши, «маҳаллалардаги катта имкониятларни ишга солиши», тадбиркорларга фақатгина шароит яратиб бериши керак.

«Бўлмаса, биз солиқ тизимини ҳам ўзгартиришга мажбур бўламиз, сабаби мана шу оғир замонда биз ҳалол ва пок ишлаган тадбиркорларга ёрдам беришимиз керак. Лекин тадбиркорлар ҳам қарс икки қўлдан чиқишини унутмаслиги керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, вилоятлар ва шаҳарлар бўйича солиқ органлари фаолиятини баҳолаш платформасини яратиш режалаштирилмоқда. Уларнинг иши тадбиркорлар томонидан баҳоланади.

«Бу дегани, сизлар ҳам энди қўрқмасдан, давлат раҳбари айтган натижаларга эришиш учун туманларингиздаги солиқчиларга, тадбиркорлик муҳитига очиқ баҳо берасизлар. Сиз платформа орқали айтасизлар: „Мен норозиман, бу эрда порахўрлар бор, бу ерда гуруҳлар бор…“ Қарс икки қўлдан чиқади, деб бекор айтганим йўқ. Бу иллатни йўқ қилиш осон эмас. Буни биргаликда йўқ қилишимиз мумкин», — деди президент.

Шунингдек, ҳозирда солиққа оид битта ҳуқуқбузарлик учун тадбиркор сифатида молиявий жарима, жисмоний шахс сифатида маъмурий жарима қўлланмоқда. Бундай амалиёт бекор қилиниши таъкидланди.

Тадбиркорларга қўлланаётган жарималар улар фаолиятининг тўхтаб қолишига сабаб бўлмаслиги зарурлиги қайд этилди. Шу нуқтаи назардан 3 ойда барча молиявий санкциялар қайта кўриб чиқилиб, адолатли меъёрлар белгиланади.

Аввалроқ президент 1 октябрдан ҚҚСни қайтаришда солиқ узилиши коэффициенти (tax gap) бекор қилинишини билдирганди, сўровда қатнашган тадбиркорларнинг 70 фоизи буни адолатсиз деб ҳисоблайди. «Кудбиев, бу сенга ва тизимингга баҳо», — деган у. ҚҚС гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳам бекор қилинади.

Камерал назорат — давлат солиқ хизмати органларида мавжуд бўлган молиявий ва солиқ ҳисоботларини, шунингдек, солиқ тўловчининг фаолиятига оид бошқа ҳужжатларни ўрганиш ва таҳлил қилишдир. Яъни бу солиқ хизмати ёки бошқа давлат органларига тақдим этилган ҳужжатлар ёрдамида ташкилотни назорат қилиш. Бунда текшириш солиқ органларида солиқ тўловчи ташрифисиз ўтказилиши керак.