Ўзбекистонда 1 октябрдан ҚҚСни қайтаришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш (tax gap) тизими бекор қилинади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 18 август куни тадбиркорлар билан учрашувда маълум қилди, деб хабар беради «Газета.uz» мухбири.

«Мураккаб солиқ маъмурчилиги, бизнесга ортиқча аралашиш, тизимдаги коррупция ҳолатларининг барчасидан хабарим бор. Энди бу тизимни тубдан ислоҳ қилиб, солиқ идоралари ходимлари ёндашувларини бутунлай ўзгартирамиз, солиқ маъмуриятчилигини ҳам иложи борича соддалаштирамиз. Лекин бунга сизлар (тадбиркорлар — таҳр.) ҳам ёрдам беришингиз керак. Сизлар ҳам бефарқ бўлмаслигингиз керак, бу ҳақда баралла айтиш вақти келди», — деди у.

Ҳозирги тадбиркорларни хавф гуруҳига киритиш тизими ёпиқ бўлиб, интизомли солиқ тўловчилар ҳам қайсидир ҳамкори қачонлардир хато қилган бўлса, унинг учун ҳам жавоб бермоқда.

«Энди интизомли солиқ тўловчилар бир вақтлар хатога йўл қўйган шерик учун жавобгардир. Ўтказилган сўровларда қўшилган қиймат солиғи тўловчиларнинг 70 фоизи ушбу солиқни қайтаришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш, яъни Tax Gap тизими адолатсиз эканини билдирган», — деди президент йиғилганларнинг гулдурос қарсаклари остида.

tax gap, солиқ қўмитаси, шавкат мирзиёев, шерзод кудбиев, ққс

Шерзод Кудбиев (ўнгда).

«Кудбиев (Солиқ қўмитаси раҳбари Шерзод Кудбиев — таҳр.) деган каттакон, сенга баҳо бу, сенинг тизимингга баҳо бу. Шунинг учун кўп жойлардан айлантириб, бу ерда олиб келганим бежизга эмас. Олаётган ойликларингни оқламаяпсизлар. Халққа тўсиқ бўляпсизлар, тадбиркорларга ёрдам бермаяпсизлар. Tax Gap деган бало тадбиркорларни қийнаяпти, катта-катта коррупцияга сабаб бўляпти, десак, булар қарсак чаляпти. Эй президент, кўзинг очилгани рост бўлсин, деяпти!» — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев 1 октябрдан қўшилган қиймат солиғини қайтаришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш амалиёти (tax gap)ни бекор қилинишини маълум қилди. Бундан ташқари, ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини вақтинчалик тўхтатиб туриш амалиёти бекор қилинади.

Солиқ узилиши деганда солиқ тўловчи томонидан солиқ ҳисоботида етказиб берувчилар-контрагентлардан олинган ҳисобварақ-фактуралар асосида ҳисобга олиниши лозим бўлган ҚҚС суммаларининг акс эттирилиши тушунилади. Бунда ушбу операциялар бўйича кўрсатилган контрагентлар бюджетга ҚҚС тўламаган, ушбу операцияларни ўзларининг ҳисобварақ-фактураларида акс эттирмаган ёки солиқ органларига солиқ ҳисоботларини тақдим этмаган бўлади.

Солиқ узилиши фактлари ҚҚС тўловчиси гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келиши мумкин.