14−15-сентябрь кунлари Душанбеда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари учрашади. Бу ҳақда Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Мухриддин 15 август куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзмоқда «Asia-Plus» нашри.

Вазир Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувида бир қатор ҳужжатлар имзоланишини, улардан энг муҳими давлат раҳбарларининг якуний декларацияси бўлишини қайд этди.

Бундан ташқари, Душанбеда икки муҳим — қуруқлик транспорти ва ёшлар сиёсати соҳалари бўйича шартнома имзоланади.

Ташқи ишлар вазирининг сўзларига кўра, Тожикистон, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашуви доирасидаги 12 та қўшимча тадбир — иқтисодий форум, олимлар форуми, фаол аёллар учрашуви, маданий дастур ва беш мамлакат миллий таомлари кўргазмасини ўтказишни таклиф қилган.

Шу кунлари Душанбе шаҳрида Оролни қутқариш Халқаро жамғармасининг давлат раҳбарлари Кенгаши навбатдаги йиғилишни ўтказади, унинг якунида эса бир қатор қарорлар имзоланиши кутилмоқда.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг аввалги саммити 21 июль куни Қирғизистонда бўлиб ўтганди, ўшанда улар тўртинчи бор учрашишганди.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббуси 2017 йилда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилганди. Биринчи саммит 2018 йилнинг март ойида Қозоғистон пойтахти Нур-Султон (ҳозирда Астана)да, иккинчиси — 2019 йилнинг ноябрида Тошкентда, учинчиси — 2021 йилнинг августида Туркманистоннинг «Аваза» туристик зонасида бўлиб ўтганди.