Жума ва дам олиш кунлари Ўзбекистон ҳудуди бўйича қуруқ ва кам булутли об-ҳаво сақланиб туради. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.

Ўзбекистонда ҳафта ўртасидан бошлаб салқин ҳаво чекина бошлади ва ҳарорат аста-секин кўтарилди.

18 август, жума куни ва 19−20 август — дам олиш кунлари Ўзбекистон бўйича ҳарорат яна 1−2 даражага кўтарилади ва кечалари +18…+20 даража, кундуз кунлари +35…+37 даража атрофида, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +38…+39 даражагача бўлади.

Бундай ҳарорат август ойи ўртаси учун бўлган меъёрий қийматларга яқин ва энг иссиқ йилларда август ойида Ўзбекистон ҳудуди бўйича кузатилган ҳароратдан нисбатан паст.

20 август куни шимолда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин.

Пойтахтда 18−20 август кунлари ҳаво кам булутли бўлади. Бугун кундузи ва дам олиш кунлари ҳарорат +34…+37 даража бўлади. Шамол шарқдан бироздан ўртачагача эсади.