Шавкат Мирзиёев 18 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти давомида Афғонистон орқали ўтадиган темирйўлнинг аҳамиятига тўхталиб ўтди ва уни «Ўзбекистон учун энг маъқул йўл» деб атади. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Давлат раҳбари ўз нутқида тадбиркорларни энг кўп қийнайдиган муаммо йўл харажатлари эканини билдирди.

«Авваламбор, [ҳозирда мавжуд йўллар] қиммат, узоқ ва хавфсиз эмас, десак, тўғри бўлади… Агар 30 йил олдин, 30 йил орасида Қирғизистон-Ўзбекистон-Хитой темирйўли қурилганида эди, ҳозир сизларнинг шароитингиз, таннархлар мутлақо бошқача бўларди», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, яхши қўшничилик ўрнатиш борасида ҳам гапирди.

«Бу лавомизга биринчи қадам қўйганимдан қўшниларимиз билан дўст, биродар бўламиз деганман. Дарвоза қўшнимиз орқали-ку. Қўшниларимиз билан яхши бўлмасак бўлмайди. Чегараларимизда мина турарди бир пайтлар. Ҳозир ҳаммасини жой-жойига қўйдик», — деди у ва келгусида ҳам янги йўлларни излаш кераклигини қайд этди.

«Афғонистон орқали ўтадиган темирйўлимиз — Жанубий Осиёга чиқадиган энг маъқул, энг арзон, энг хавфсиз йўл. Тасаввур қилинг, Худо хоҳласа шу кунлар барибир келади, иккита темирйўл қурилса, иқтисодиётимиз қандай барқарор бўлади. Биз бировга қарам бўлмаймиз. Агар мана шу иккита катта темирйўл бўлса, биз ҳам тариф орқали манфаат кўрадиган давлатга айланамиз», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Президент, шунингдек, ҳозирги вазият енгил эмаслигини қўшимча қилди.

«Агар ростини айтсам, оғир шароитда яшаяпмиз. Ой ойга эмас, кун кунга тўғри келмаяпти. Кечаги валютага бўлган босим бугун оғирроқ бўляпти. Шунинг учун биз, албатта, тадбиркорлар синфи, ишбилармонларга экспорт қилиш, логистика бўйича шароитлар яратишимиз керак», — деди давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йининг июль ойи ўрталарида «Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар» трансафғон темирйўл линиясини қуриш бўйича музокараларнинг якуний босқичини бошланганди. Лойиҳа қиймати 4,6 млрд доллардан 8,2 млрд долларгача баҳоланмоқда ва 2027 йилгача якунланиши режалаштирилган. Афғонистон томони Ўзбекистон ишларни баҳорда бошлашини маълум қилган.

2021 йил февраль ойида Тошкентда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасида «Мозори Шариф-Кобул-Пешовар» темирйўли қурилиши бўйича йўл харитаси имзоланганди. Лойиҳани май ойида тайёрлаш, йўл қурилиши эса 2021 йил сентябрида бошланиши режалаштирилганди. Аммо Афғонистонда ҳокимият алмашиши лойиҳани секинлаштирган.

Бироқ декабрь ойида Афғонистон муваққат ҳукумати лойиҳага қўшилди. 2022 йил 18 июлда ушбу мамлакат ҳудудида Трансафғон темирйўлининг йўналишини ва лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини аниқлаш бўйича экспедиция ишлари бошланган.

Ўзбекистон «Боштранслойиҳа» институти йўл қурилиши қийматини 4,6 миллиард долларга, Покистон 8,2 миллиард долларга баҳолаган. ОАВ хабарларига кўра, лойиҳа 4,8 миллиард доллардан 6 миллиард долларгача баҳоланган. У 573 км узунликдаги ва йилига 20 миллион тоннагача юк ташиш имкониятига эга бўлган автомобиль йўлини қуришни назарда тутади. Янги транспорт йўлаги Европа Иттифоқи, Россия, Ўзбекистон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва ундан кейинги Жануби-Шарқий Осиё давлатларини боғлаши керак.

Шу билан бирга, линия ҳам юк, ҳам йўловчи ташишни қўллаб-қувватлайди.

Dawn нашрининг ўзбек томонига таяниб хабар беришича, темирйўл Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги юкларни етказиб бериш муддатини тахминан беш кунга қисқартиради. Товарларни ташиш нархи ҳам камида 40 фоизга арзонлашади. Лойиҳа 2027 йил охиригача якунланиши, 2030 йилга бориб эса поездлар йилига 15 миллион тоннагача юк ташиш имкониятига эга бўлиши тахмин қилинмоқда.

Покистон бу темирйўл қурилиши Марказий Осиёни Покистоннинг 230 миллион аҳолисига яқинлаштириб, Араб денгизи бўйидаги давлатлар билан савдо-сотиқ учун имкониятлар очишига умид қилмоқда.

ЎТЙ маълумотларига кўра, ҳар учала давлат ҳам «ўзаро манфаатли ҳамкорликка юқори қизиқиш ва тайёрлик кўрсатмоқда».