Тошкент вилояти Янгийўл тумани ғалладан бўшаган ерларни ёқиб юбориш бўйича етакчи бўлди. Бу ҳақда 17 август куни бўлиб ўтган туман кенгаши сессиясида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев айтиб ўтди.

«Янгийўл тумани ғалладан бўшаган ерларни ёқиб юбориш бўйича „чемпион“ бўлди (171 гектар). Ҳосилдорлик ҳам режадагидан паст», — деди у.

Июль ойида Тошкентда бир неча бор тутун ва кучли куйинди ҳиди сезилган. Расмийлар ҳолат юзасидан изоҳ бермаган. Оммавий ахборот воситаларида пойтахт яқинидаги далалар ёнаётгани акс этган фото ва видео эълон қилингач, Бош прокуратура Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан биргаликда вазиятни ўрганаётганини маълум қилган.

Зойир Мирзаев, шунингдек, Янгийўл туманида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган бирорта ҳам корхона йўқлигини маълум қилди.

Унинг қайд этишича, 2023 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8 фоизга камайган. Вилоятда 7900 нафар ишсиз аҳоли бор. 12 минг аҳоли хорижда мигрант бўлиб турибди. 51 та маҳаллада сартарош, 53 та маҳаллада гўзаллик салони етишмайди. Имтиёзли кредитлар эвазига 315 та кичик бизнес очилган бўлсада, ажратилган маблағларнинг 65 фоизи ўзлаштирилган, холос.

«Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига лойиқ эмас, деб ҳисоблайман ва вазифасидан озод қилишни тавсия қиламан», — деди вилоят раҳбари.

Ҳоким «Ибрат», «Соҳибкор», «Янгийўл» маҳаллаларидаги оғир вазиятга ҳам тўхталиб ўтди. Туманда 3 та саноат ҳудуди бор. Уларда 4,2 триллионлик 27 лойиҳа амалга оширилиши белгиланган, бироқ саноат ҳудудидаги 11 та лойиҳа кечикиши оқибатида 1200 та иш ўрни яратилмай қолган.

«Янгийўл тумани ҳокимлигида ўринбосарларни пайпоқдек алмаштириш урфга кирган. Икки йилда 7 та қурилиш бўйича ўринбосар алмашди. Бироқ қурилиш соҳаси шу билан тартибга тушмади. Бу жуда оғриқли ҳолат», — деди Тошкент вилояти ҳокими.

«Туман мактабгача таълимга болаларни қамрови бўйича вилоятда охирги ўринда туради. Қишлоқ хўжалиги соҳасида, айниқса ғалла ўрими мавсумида туманда қатор муаммолар етилиб қолган. Вилоят ташкилотлари кўмаги бўлмаганида, ҳосил нобуд бўларди», — дейди Зойир Мирзаев.

Вилоят ҳокимлиги раҳбари туман ҳокимининг барча ўринбосарларининг лавозимда қолиш ёки қолмаслиги бўйича таҳлил, ўрганиш олиб борилишини, буни депутатларнинг эътиборига ҳавола қилинишини маълум қилди.

Аввалроқ кенгаш сессиясида Одилжон Атауллаев Янгийўл тумани ҳокими этиб тайинланганди.

Август ойи бошида Янгийўл шаҳри ҳокими ҳам ўзгариб, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов Янгийўл шаҳри ҳокими в.б. бўлган. Зойир Мирзаев энергия таъминоти ва чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш шаҳарнинг асосий муаммолари эканини айтиб, шаҳарни тозалаш бўйича кенг кўламли акция ташкил этишга ваъда берган.