«Uzbekistan Airports» компанияси «Тошкент-3» маҳаллий авиақатновлар терминали олдидаги майдонни реконструкция қилишни бошлаганини маълум қилди. «Газета.uz» мухбири бино олдидаги панжара демонтаж қилингани, тўсиқ олиб ташлангани ва таъмирлаш ишлари давом этаётгани ҳақида хабар бермоқда.

Лойиҳага кўра, автотранспорт воситаларининг терминал олдига кириши соддалаштирилади. Учта алоҳида йўлак ажратилади: аэропортнинг расмий таксилари, сайёҳлик автобуслари ва микроавтобуслар, шунингдек, ҳудудга 5 дақиқагача киришга рухсат берилган барча автомобиллар учун.

Автомобилларнинг одамларни кутиб олиш ва кузатиш йўлаги халқаро авиақатновлар терминалидаги йўл ўтказгич (эстакада) тамойили асосида ишлайди. Автомобилнинг йўлакда туриш вақти 5 дақиқадан ошиб кетган тақдирда, ўрнатилган ва ЙҲХБ билан интеграциялашган камералар қоидабузарларга автоматик равишда жарималар юборади.

Вокзал майдонини реконструкция қилиш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 17 апрелдаги 159-сонли «Аэропортлар, темир йўл ва автовокзалларда хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Реконструкция ишларини жорий йилнинг август ойи охиригача якунлаш режалаштирилган.

2024 йилнинг 1 январига қадар Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортларда ҳам терминал атрофи ҳудудларини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади, дейилади хабарда.

Яқинда «Газета.uz» шаҳарсоз Искандар Солиев иштирокида Тошкент аэропорти халқаро терминали ёнидаги очиқ майдон қанчалик ноқулай экани ҳақида репортаж тайёрлаганди.