18 август куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Ҳиндистоннинг Marion Biotech фармацевтика компанияси дори воситалари, жумладан «Док-1 Макс» йўтал сиропини истеъмол қилиш оқибатида камида 65 нафар боланинг ўлими билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқишни давом эттирди. «Газета.uz» 16 август кунги суд ҳақида ёзганди.

Навбатдаги суд аввалида айбланувчиларнинг адвокатлари яна бир бор ОАВ вакиллари фаолиятига эътироз билдириб, уларни суд залидан чиқариб юборишни сўради, деб ёзмоқда «Дарё». Мазкур таклифни барча айбланувчиларнинг адвокатлари қўллаб-қувватлаб, мавзу доирасидаги хабарлар изоҳида адвокатлар шаънига тўғри келмайдиган гаплар ёзилаётганини айтиб, «буни тартибга олиш керак», деди.

Судья Мусо Юсупов мазкур илтимосномага жавоб қайтарар экан бу каби нотўғри маълумотлар судда иштирок этмаганлар томонидан судда иштирок этган журналистлар ахборотини нотўғри талқин қилиниши оқибатида чиқиб кетаётганини таъкидлади.

«Шунга эътибор беришингизни ва адвокат сифатида шаъним, қадр-қимматим деган гапни айтмаслигингизни сўраган бўлардим. Боиси, сиз айбланувчиларни ҳимоя қилиб, адвокатлик ишингизни бажаряпсиз. Айбланувчиларни сиз ҳимоя қилмасангиз, давлат томонидан бериладиган адвокатлар ҳимоя қилади. Судда айбланувчиларнинг адвокати бўлиши шарт, боиси адвокат оқловни, прокурор эса қороловни амалга оширади. Шуни тушунмаётган юртдошларимизга шу ерда ўтирган расмий ОАВ вакиллари тўғри тушунтирасиз деган умиддамиз», — деди судья.

«Газета.uz» ёзганидек, адвокатлар суд жараёнини ёритишда айбсизлик презумпциясига риоя қилмагани учун айрим нашрлар журналистларини суд залидан чиқаришни сўраган. Судья бу илтимосномаларни рад этган. Суд судланувчилар адвокатларининг илтимоси билан «Газета.uz» томонидан эфирга узатилган суд залидан жонли эфирни тақиқлаганди.

Журналистлар, шунингдек, судланувчиларнинг исм-шарифларини тўлиқ ёзмай, фақат бош ҳарфларидан фойдаланмоқда, чунки адвокатлар судланувчиларнинг юзларини ОАВда кўрсатмаслик ва исм-шарифларини очиқламасликни сўраган. Бироқ судланувчиларнинг исм-шарифлари Олий суд веб-сайтида мавжуд ва улар аввалроқ оммавий ахборот воситаларида ҳам тилга олинган.