Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортларнинг учиб кетиш йўналишида масофавий божхона назорати тизими йўлга қўйилди. Аввалги қизил ва яшил йўлаклар эса олиб ташланди. «Газета.uz» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров Божхона қўмитаси томонидан Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига ташкил этилган пресс-тур давомида янги тизим қандай ишлаши билан танишди.

Қизил ва яшил йўлаклар жорий қилингунига қадар учиб кетиш йўналишидаги залларда қатор рентген ускуналари бўлган. Ҳар бир йўловчи алоҳида божхона назоратидан ўтказилган ва декларация тўлдирган. Бу эса йўловчиларнинг ортиқча вақтини олиб, ходимларнинг иш юкламасини оширган.

2018 йилда қизил ва яшил йўлаклар жорий қилинганидан сўнг йўловчилар икки йўлакка тақсимланган. Яшил йўлакдаги йўловчи божхона декларацияси тўлдирмаган ва қандай товарлар олиб ўтаётганини оғзаки айтган. Қизил йўлакдаги йўловчи эса ўзида бўлган товарларни ва валюталарни декларацияда кўрсатган ва уни божхона органига тақдим этиш орқали ҳаракатланган.

«Айрим оммавий ахборот воситалари яшил ва қизил йўлаклар тугатилганини аввалги даврларга қайтилибди дея, шошилинч хулоса қилишди. Мазкур ўзгаришларни аэропорт раҳбариятидаги ўзгаришларга боғлаш мутлақо ўринсиз. Божхона сиёсати мустақил бўлиб, аэропорт бошқарувидаги ўзгаришларга боғлиқ эмас», — дея қўшимча қилди Божхона қўмитаси матбуот хизмати ходими Ҳусан Тангриев.

Навбатдаги масофавий божхона назорати тизими эса Ўзбекистондаги халқаро аэропортлар орқали учиб кетаётган йўловчиларни масофавий визуал кузатиш орқали божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказишни таъминлайди. У махсус ажратилган жойларда хавфни бошқариш тизимидан фойдаланган ҳолда танлаб олиш тамойили асосида амалга оширилади.

«Йўловчи чегарани кесиб ўтаётганида божхона органига маълум қиладиган товарлари бўлмаса, ходимлар уни бўлар-бўлмасга тўхтатиб, ортиқча жиғига тегмайди, вақтини олмайди ва шу тариқа чегарадан эркин ҳаракатланиб ўтиб кетади. Тизим Европа мамлакатлари, Озарбайжон, Грузия каби ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, йўлга қўйилди», — деди Тошкент-Аэро ихтисослаштирилган божхона комплекси бўлим бошлиғи Акмал Эшонов.

аэропорт, масофавий божхона назорати тизими, яшил ва қизил йўлак

Ҳозирги кунда жисмоний шахслар томонидан 100 млн сўмдан ошмайдиган Ўзбекистон ёки чет эл вальютасини, 5 минг долларгача бўлган қийматдаги товар, моддий бойликларни республикадан олиб чиқиб кетиш мумкин.

«Хизмат планшетлари орқали учиб кетаётган йўловчилар ҳақида батафсил маълумот олиш имконимиз бор. Тизимнинг ўзи бизга умумий йўловчилардан хавф гуруҳига мансубларини қизил белги орқали ажратиб беради ва биз уларни масофадан текширамиз. Қолган йўловчилардан уларни ажратиб олиб, алоҳида божхона назоратидан ўтказамиз», — деди божхона хизмати инспектори, лейтенант Мухлиса Турдиева.

аэропорт, масофавий божхона назорати тизими, яшил ва қизил йўлак

Акмал Эшоновнинг сўзларига кўра, масофавий божхона назорати ҳозирча халқаро аэропортларнинг учиб кетиш йўналишида ишламоқда. Қўниш залларидаги икки йўлакли тизими ҳали бекор қилинмаган. Бу ҳолат кириб келишга нисбатан учиб кетишда йўловчиларга қонунчиликда товар, валюта бойликлари текширувини соддалаштириш белгилангани билан изоҳланди.