15 август куни Марказий Осиёда чегараларни бошқаришга кўмаклашиш дастури (БОМКА) 213 минг 352 еврога тенг компьютер техникалари ва махсус жиҳозларни Ўзбекистоннинг бир қатор давлат идораларига топширди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси хабар бермоқда.

БОМКА дастури Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган. Дастур техник жиҳозларни уларнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб келаётган давлат идораларининг техник базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида сотиб олди.

Хусусан, қиймати 154 минг 050 еврога тенг Regula русумли паспорт ўқиш мосламалари, ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини текшриш мосламалари ва 1003М-14 русумли ихчам лупа қурилмалари Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига берилди. Бу жиҳозлардан Ўзбекистоннинг Афғонистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон билан чегараларидаги назорат-ўтказиш пунктларининг биринчи назорат чизиғида ҳужжатларни текшириш ва шахсларни аниқлашда фойдаланилади.

Божхона қўмитасининг Божхона институтига 39 минг 070,81 евролик компьютер техникалари етказиб берилди. Унинг таркибида ўқув жараёнини бошқариш бўйича ахборот тизими учун дастурий таъминот — иш станцияси, ўқув жараёнини LCD экран ва бошқа жиҳозлар ёрдамида мультимедиали визуализация қилиш учун дастурий таъминотга эга сервер бор.

Бундан ташқари, БОМКА томонидан Ташқи ишлар вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигига 20 минг 231,31 евро миқдоридаги компьютер техникалари ҳам тақдим этилди.

БОМКА Европа Иттифоқининг Ҳамкорлар консорциуми ҳамда Миграция сиёсатини ривожлантириш маркази томонидан амалга оширилади. Ҳамкорлар консорциуми Латвия Республикаси Давлат чегарасини қўриқлаш хизмати томонидан бошқарилади.