«Қишлоқ қурилиш банк» «Бизнесни ривожлантириш банки»га айлантирилади. Бу ҳақда 18 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти давомида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Энди Ўзбекистонда янги банк пайдо бўлади. У фақат шу йўналиш билан шуғулланади», — деди давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, банк арзон кредитлар ажратади, соҳа вакилларини тадбиркорликка ўқитади, уларга лойиҳа қилиб беради, фаолиятини молиялаштиради, қолаверса, маҳсулотларга бозор ва бизнесига шериклар топиш бўйича яхлит эко-тизим яратилади.

Янги банкни молиялаштириш ва унинг ишлаш усуллари «мутлақо янгича» бўлади, дея таъкидлади президент.

Жумладан, банк ҳузурида ҳар бир ҳудудда жами 14 та кичик бизнес марказлари ташкил этилади. Марказлар ташаббускорларнинг бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқишга кўмаклашади, ўз ҳисобидан янги лойиҳа қилмоқчи бўлган тадбиркорларни ўқитади, янги лойиҳаларга зарур мутахассисларни жалб қилади, тадбиркорлар учун бухгалтерия, солиқ, аудит, маркетинг, ҳуқуқий ва бошқа консалтинг хизматларини кўрсатади.

Ҳудудлардаги кичик бизнес марказларида ўқиган тадбиркорларнинг лойиҳаларини энг қулай шартларда молиялаштириш йўлга қўйилади.

Бунда, кичик бизнес лойиҳасининг 10 фоизига тадбиркор инвестиция киритса, 45 фоизига «Бизнесни ривожлантириш банки»нинг ўзи, қолган 45 фоизи учун давлат кўмагида ресурс йўналтирилади. Кредитлар тадбиркорларга 5−7 йил муддатга имтиёзли шартлар асосида берилади. Ушбу маблағларнинг 150 миллион доллари бўйича кредит линиялари 1 октябрдан очилади.

Ўз бизнесини йўлга қўя олган, «кредит ва солиқ тарихи» тоза бўлган тадбиркорларга фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш учун кредит олишда гаров талаби 50 фоизга камайтирилади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида олиб кириладиган асбоб-ускунани суғурталаш, хом-ашё ва материалларни сертификатлаш харажатлари марказлар томонидан қоплаб берилади.

Умуман, дастурда иштирок этаётган кичик бизнес корхоналари фаолиятини уч йилгача текширишга йўл қўйилмайди.