Ўзбекистонда 2030 йилга бориб сув танқислиги 7 млрд куб метрга етиши мумкин. Фуқаролар учун бу рақамлар нимани англатишини тасаввур қилиш қийин, бироқ инқироз аллақачон сезилиб бормоқда.

Яқинда «Ўзбеккосмос» Тошкент вилоятидаги Аделунга чўққисида музликлар Ўзбекистонда глобал кўрсаткичларга қараганда тезроқ содир бўлаётган иқлим исиши натижасида тобора қисқариб бораётгани акс этган сунъий йўлдош тасвирларини эълон қилди. Қорақалпоғистонда эса сув танқислиги туфайли шоли етиштириладиган майдонларни кескин қисқартириш режалаштирилган. 1 августдан Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ичимлик суви тарифлари қарийб икки бараварга оширилди. 20 августдан эса Тошкент вилоятида нархлар кўтарилиши кутилмоқда. Бишкек ва Остона шу йил ёзида кескин ичимлик суви танқислигини бошдан кечирди, август ойида Қирғизистон сув етишмаслиги сабабли Қозоғистонга суғориш учун сув етказиб беришни тўхтатди. Бу маълумотларнинг барчаси жиддий муаммо биз ўйлагандан ҳам яқинроқ эканини кўрсатади.

«Газета.uz» Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудлари аҳолиси билан боғланиб, сув таъминотидаги аҳвол, сувни тежаш мумкинми ёки йўқми, шунингдек, тарифлар ошишига қандай муносабатда бўлаётганини ўрганди.

Тинчлик маҳалласида яшовчи Дилдора. Тошкент вилояти, Янгийўл тумани

Маҳалламизда ҳаммага сув қувури ўтказилган, лекин анчадан бери ҳеч кимда сув чиқмаяпти. Авваллари ҳеч бўлмаганда ариқларда сув бўларди, лекин охирги йилларда шу ҳам йўқ. Бир кун сув беришади, кейин бир неча ой сувсиз ўтирасиз. Қишда эса сув умуман бўлмайди.

ичимлик суви, иқлим ўзгариши, сув танқислиги

Маҳалладан келиб сув пулини талаб қилишади, албатта рад этаман. Шусиз ҳам харажатларимиз катта: оилада саккиз кишимиз — ҳаммамизга ойига 4 тонна сув кетади. Икки ҳафтада бир марта машинада 2 тонна сувга буюртма берамиз. 200 минг сўм тўлаймиз. Бюджетимиз учун 400 минг жуда катта пул.

«Янгиҳаёт» маҳалласида яшовчи фуқаро. Хива, Хоразм вилояти

Хива шаҳрида сув таъминоти тизими тузук-қуруқ ишлагани йўқ, шаҳарнинг айрим жойларида сув қувурлари марказлаштирилган тизимдан узилиб қолган. Бизда сув бор, лекин кунига икки соат сув берилади. У ҳам ичишга яроқсиз — фақат ички эҳтиёжлар учун ишлатамиз.

Ичимлик сувини фильтрланган ҳолда олиб келишади. Шаҳарда ичимлик сувини тайёрлайдиган кўплаб кичик ташкилотлар бор. Уни буюртма асосида олиб келишади: маҳалла ёки кварталга кирганда машина баланд овозда сигнал беради. Одатда ҳафтада бир марта ёки 10 кунда бир марта сув сотиб оламиз — тўрт нафар катталар ва икки бола учун 140−160 литр керак бўлади.

Водопровод суви «қаттиқ», минераллашув даражаси юқори. Ҳозир шўр бўлган ҳам. Водопровод сувининг сифати сезиларли даражада ёмонлашди. Охирги ўн йилликларда унинг миқдори ҳам ўзгарди.

Бувимнинг сўзларига кўра, бундан 40−50 йил аввал маиший эҳтиёж ва ичимлик учун уй олдидан оқиб ўтган ариқлардан, яқин атрофдаги анҳорлардан сув олиб ишлатишаверган. Ҳудудимиз чўл иқлимида жойлашган бўлишига қарамасдан, ўша пайтларда қурғоқчилик, тупроқнинг шўрланиши ташвиши йўқ эди. Амударё ҳайқириб, тўлиб-тошиб оқарди, ундан таралган каналлар Хоразмнинг барча бурчакларига ёйиларди. Балиқчилик, пахтачилик, шоличилик ривожланганди.

ичимлик суви, иқлим ўзгариши, сув танқислиги

Энди эса насосларимиз бор. Эсимни танибманки ҳар доим бўлган. Битта насос ер остидан сув чиқаради. Бу сув шунчалик шўрки, у техник сувга тенг. Қурилмага ҳисоблагич бириктирилган. Насос алоҳида чаноққа уланган ва камдан-кам ишлатилади. Йиллар давомида бу чаноқ занг рангли туз билан қопланган.

Баъзида ер ости сувларидан боғни суғорамиз. Аммо водопровод суви билан галма-галдан суғормасангиз, ўсимликлар тезда нобуд бўлади. Бир суғориш учун тахминан бир-икки куб метр сув керак бўлади. Унинг нархи ойлик ҳисоб-китобларга киради.

Иккинчи насос марказий тизимга уланган ва кўпроқ резервуар сифатида хизмат қилади, шунинг учун қўшниларнинг сув таъминотига таъсир қилмайди. Марказий тизим ишлаётган вақтда сув тўплайди. Сув ўчирилганда, тўпланган сувдан фойдаланамиз. Деярли ҳар битта уй шунақа ускуналар билан жиҳозланган.

Яхшиямки, электр токи унчалик тез-тез ва узоқ вақтга ўчмайди, шунинг учун насослар ишлашида ҳеч қандай муаммо сезмаймиз. Узилишлар аномал иссиқ ва совуқ кунларда содир бўлади. Бу электрга бўлган талаб ошиб кетиши натижасида трансформаторларга тушадиган юклама билан боғлиқ. Баъзида чироқ профилактика мақсадида, гоҳида таъмирлаш ишлари учун ўчирилади, лекин ундан олдин аҳоли Telegram-каналлар орқали огоҳлантирилади.

Электр энергияси баъзан огоҳлантиришсиз ҳам ўчади. Ўшанда сувсиз қоламиз ва фақат кутишимиз керак бўлади. Яхшиямки, уйда доимо олиб келинадиган ичимлик суви бор. Электр энергиясини кутилмаганда ўчганида, уни маиший эҳтиёжларимиз учун ҳам ишлатамиз.

Одатда сув жадвалга мувофиқ соат 19:00 дан 21:00 гача ёқилади. Лекин бу йилги ёз «чилласи»да ҳафтада икки-уч марта сув берилди. Шаҳарга муҳим меҳмонлар келганда, об-ҳаво шароитига қарамай, сув ва электр узлуксиз таъминланади.

Вилоятимизда ичимлик суви нархи кўтарилган тақдирда ҳам бу оиламиз бюджетига таъсир қилмайди. Аммо одамларнинг даромад даражаси ҳар хил. Нарх ошиши баъзи оилаларнинг бюджетига таъсир қилиши мумкин.

ичимлик суви, иқлим ўзгариши, сув танқислиги

Сувни тарифлар ошгани учун эмас, балки танқислиги сабабли тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш керак. Балки иқтисод қилиш мақсадида тарифларни оширишгандир, лекин одамларнинг ўзи бир қултум ҳаёт учун қанча бўлса ҳам тўлашга тайёр.

Сўнгги йилларда нафақат сув муаммоси, балки иқлимнинг ўзи ҳам ёмонлашди, бу эса, ўз навбатида, аҳоли ўртасида турли касалликларни келтириб чиқармоқда. Кўп миқдорда туздан фойдаланиш туфайли юрак-қон томир касалликлари хавфи ортади, буйрак тошлари пайдо бўлади.

Аслида, муаммо глобал миқёсда. Орол денгизи қирғоқларидан келаётган қум бўронлари нафақат қўшни мамлакатларга, балки Европанинг айрим ҳудудларига ҳам етиб бормоқда. Хоразм ва Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари ҳақида нима дейиш мумкин. Булар билан шуғулланадиган сиёсатчилар кўп, лекин тафсилотларга кирсак, сув танқислиги ҳақидаги мақоланинг мавзуси ўзгариб кетади.

Акмал Сражатдинов, «Дўстлик» маҳалласи. Қорақалпоғистон, Тўрткўл тумани

Маҳалламизда марказлаштирилган сув тармоғи мавжуд. Сув сифати ўртача. Олдин бутунлай хира чиқарди, ҳозир анча тиниқлашган. Сув қувурлари нотўғри ётқизилгани, босим паст бўлгани учун кўчадаги айрим уйларга сув етиб бормаяпти. Бир ойдан бери уйимизда сув йўқ.

Бизда ва барча қўшниларимизда насослар ўрнатилган, лекин уларнинг фойдаси теккани йўқ, шунинг учун ҳар куни уйидан сув чиқадиган қўшниларимизникидан ташишимиз керак. Бир мартада тахминан 40 литр оламиз, лекин бир нечта марта бориб-келамиз. Сув ташишга одатда аёллар ёки болалар боришади, баъзида машинадан фойдаланамиз.

ичимлик суви, иқлим ўзгариши, сув танқислиги

Оилада олти кишимиз, кунига камида 8 литр ичамиз. Сувнинг қолган қисми овқат пиширишга ишлатилади. Томорқамиз ҳам бор, лекин уни дарё суви ёки ер остидан шўр сув билан суғорамиз. Уни гигиеник ва маиший эҳтиёжларимиз учун ҳам ишлатамиз.

Бизда, бундан ташқари, тез-тез сув ўчиб туради, лекин қишда бунақа муаммолар деярли бўлмайди. Ўчиришлар ҳақида Turtkul24 Telegram-каналидан билиб оламан.

Сув билан боғлиқ муаммолар йилдан-йилга кўпаймоқда. Биз, бошқа фуқаролар тез-тез турли идораларга мурожаат қиламиз, бироқ муаммо шундаки, ҳамма жойда қувурлар эскирган ва тез-тез сув сизиб чиқаётгани ҳақида хабар қиламиз.

Оилам, тарифларга қарамай, шусиз ҳам сувни тежайди, чунки унинг ўзи йўқ. Сув нархини оширишдан олдин бизда ўша сувнинг ўзи бўлиши керак ва у билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги лозим.

Термизлик фуқаро, Сурхондарё вилояти

Хусусий уйда яшаймиз. Сув бизга энг яқин водозабордан келади. Сув сифати ҳар доим ўртача бўлган ва ҳозирги кунгача шундай бўлиб қолмоқда. Водопровод сувини ичамиз, ундан бошқа мақсадларда ҳам фойдаланамиз.

Уйдаги сув босими унчалик яхши эмас, шунинг учун 25 йилдан бери насослардан фойдаланамиз. Улар қўшниларнинг сув таъминотини чекламайди. Баъзида сув босими нормал бўлиб, насослардан фойдаланишга ҳожат қолмайди.

ичимлик суви, иқлим ўзгариши, сув танқислиги

Баъзида электр токи ўчирилгани сабабли сувсиз қоламиз, лекин бунга аллақачон ечим топганмиз: ичимлик сувини дўкондан сотиб оламиз. Сув узилишлари ҳам содир бўлади — ҳафтада бир марта ва қисқа вақтга.

Сўнгги пайтларда сув билан боғлиқ муаммолар бироз кўпайди. Босим пасайиб кетди, чунки шаҳарнинг суғориш тизими ишламаётгани сабабли одамлар томорқаларини водопровод суви билан суғоряпти.

Ўйлайманки, тарифларнинг ошиши жиддий сув танқислиги билан боғлиқ бўлиб, тарифлар биз ичимлик сувини тежашимиз учун кўтарилган, акс ҳолда сувсиз қоламиз.

Олмалиқлик фуқаро, Тошкент вилояти

Маҳаллам марказлашган сув тармоғига эга. Ундаги сувнинг сифати ҳар доим ёмон бўлган ва шундай бўлиб қолмоқда. Лекин сув босими яхши, бизда насослар йўқ. Биз сувни фильтрдан ўтказгандан кейин ёки қайнатиб ичамиз.

Уйда уч кишимиз. Участкада яшаётганимиз учун жуда кўп сув талаб қилинади. Боғни суғориш учун водопровод сувидан фойдаланамиз, шу сабабли сув учун катта-катта тўлов қиламиз. Маҳалла режалаштирилган сув узилишлари ҳақида олдиндан огоҳлантиряпти.

ичимлик суви, иқлим ўзгариши, сув танқислиги

Умуман олганда, кейинги йилларда мамлакатимизда сув муаммоси кучайганига ишонаман. Шахсан мен тарифларга қарамай сувни тежайман ва уларни кўтарилиши ҳақида эса, менимча, давлат шунчаки биздан кўпроқ пул олмоқчи.

«Сойлик» маҳалласида яшовчи фуқаро, Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Оқтош шаҳарчаси

Сув — оғриқли мавзуимиз. 10 йилдан ошдики, июлдан сентябргача у бўлмайди. Уй-жойлар, коттежлар эса тобора кўпроқ қурилмоқда. Ўзим дачада яшайдиган одамман, лекин бизда ҳам сув етарли эмас: ўзимизга қудуқ қазишимиз керак. Айрим участкаларда бундай имконият йўқ ва улар сувни ташиб келишади.

Қиш ва баҳорда бундай муаммо бўлмайди, фақат ёғингарчилик ва эриш ҳисобига.

Ҳаттоки, 20 кишилашиб сув муаммоси туфайли маҳаллага чиққан вақтимиз бўлди, аммо ҳеч қандай натижа бўлмаган. Маҳалламиз раиси тинмай турли идораларга: прокуратура, ҳокимлик, президент қабулхонаси, Вазирлар Маҳкамасига хат ёзади. Барча хатлар жавобсиз қолади.

ичимлик суви, иқлим ўзгариши, сув танқислиги

Сув етишмаслигидан ташқари, қувурларни таъмирлашда ҳам муаммо бор. Узилишлар мунтазам равишда, баъзан ойига бир неча марта содир бўлади. Ўшанда аҳоли ўз маблағлари ҳисобидан материал сотиб олиб, таъмирлаш учун ҳашарга йиғилишга тўғри келади.

Бизда, бу ерда 250 дан ортиқ апартаментга мўлжалланган, иккита бассейни ва мусиқали фаввораси бўлган Oqtosh Avenue Resort меҳмонхона ва турар-жой мажмуаси қуриляпти. Агар улар ҳам тизимимизга уланса, бошқа аҳолининг суви бутунлай йўқолади.

Қурилаётган мажмуа вакиллари сув таъминоти тизими қайси манбага уланиши ҳақида маълумотга эга эмасликларини айтишди.

Дилафруз Тўрабоева, Учқудуқ, Навоий вилояти

Бизда марказий сув таъминоти тизими бор ва ҳеч қачон жиддий муаммо кузатилмаган: сув ҳам, чироқ ҳам ўчмайди, ҳатто бутун мамлакат бўйлаб муаммо бўлганда ҳам. Ҳамма жойда тўхтовсиз ўчиришлар кузатилганда, биз фақат баъзи туманларда, шунда ҳам фақатгина кўчаларни ёритишда электр энергиясини тежадик.

Совуқ сув қаердадир қувур ёрилмаса ёки қўшниларнинг ўзлари уйда бекитиб қўймаса, камдан-кам ҳолларда ўчирилади. Иссиқ сув билан вазият ёмонроқ — бу ёз ҳатто бир ҳафта ўчириб қўйишди. Бу унчалик халақит бермади, чунки қувурлардаги сув шусиз ҳам илиб қолганди.

Онам билан яшаймиз, шунинг учун кўп сув ишлатмаймиз. Ҳисоблагичга қараб эмас, норматив бўйича тўлаймиз. Бу унчалик фойдали бўлмаслиги мумкин, лекин қулай — тежаш ҳақида ўйламайсиз ҳам.

Гўзал, «Абдураҳмонов» маҳалласи. Андижон вилояти, Жалақудуқ тумани

Ўзим Тошкентда яшайман, лекин қариндошларим Андижонда яшашади. У ерда хусусий уйимизда сув таъминоти марказлаштирилган. Бизнинг сув сифати ҳар доим яхши бўлган. Ҳозир ҳам шундай. Баъзида таъмирлаш ишлари туфайли узилишлар бўлиб туради.

Одатда сув учун ойига 60−80 минг сўм тўлаймиз. Босим ҳар доим яхши, ҳеч кимда насос йўқ.

Назаримда, тежашимиз учун бошқа вилоятларда сув тарифлари кўтарилгандек туюлади. Аммо кўпчилик бундан норози. Шунинг учун, менимча, ҳукумат аҳоли билан ишлашни олдиндан бошлаши керак эди. Одамларга сув тугаши ҳақида белги бериш ва уларни кўтарилишга тайёрлаш керак эди. Тарифларни кўтариш яхши, чунки энди одамлар тежаш кераклигини тушунишади. Одамлар ҳар доим қиммат нарсаларни асраб-авайлашади.

Владислав Черников, Андижон

Андижонда яшаётганимга 20 йилдан ошди. Ҳеч қачон сув таъминоти билан боғлиқ муаммоларга дуч келмаганмиз. Ҳар бир неча ойда сувни ўчиришади, лекин ҳар доим олдиндан огоҳлантиришади ва камдан-кам ҳолларда бу бир кундан ортиқ муддатга бўлади. Бу йил ёзда шаҳарда қувурлар алмаштирилмоқда, шунинг учун икки-уч соат сув бўлмаяпти.

Ойига сув учун ўртача 100 минг сўм тўлаймиз. Уйимизда одамлар сони ҳар хил бўлади: баъзан бир киши, баъзан эса беш киши. Сувдан фаол фойдаланамиз, тежашимиз ҳам шарт эмас, ҳа, негадир буни уддалай ҳам олмаймиз.