Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18 август куни бўлиб ўтган очиқ мулоқотда тадбиркорларга мурожаат қилди.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги етти йилдаги солиқ ислоҳотлари ва берилаётган имтиёзлар туфайли тадбиркорлар ихтиёрида 120 триллион сўмдан ортиқ маблағ қолган.

«Қарс икки қўлдан чиқади, деган гап бор. Ҳозирги кунда мамлакатимизда «хуфиёна иқтисодиёт»нинг улуши жуда юқори — 40 фоиздан юқори… Биз тўғри ишлаётган, иш ўринлари яратаётган, илғор технологияларни жорий этаётган, янги маҳсулотлар ишлаб чиқараётган бизнес вакиллари учун барча шароитларни яратишга тайёрмиз. Лекин такрор айтаман, сизлар ҳам кўриб турибсизлар хуфиёна, очиққа чиқмаган, солиқ тўламаган одамлар ёнларингда юрибди. У бизга дўст эмас, у иқтисодиётимизга ҳам, бизга ҳам душман», — деди президент.

«Сизлар ҳам агар бунга бефарқ бўлмасдан, уларниям тўғри йўлга солишга давлатга, президентга кўмакдош бўлишинглар керак. Уларга ҳам сизлар айтишилар керак „Мени кўриб турибсанку, очиқ ишлаяпман, лекин сен рақобатга тайёр бўлмай, солиқ тўламай, ёпиқ ишлаб, конверт билан ишлаяпсан“ [деб]. Шундай тадбиркорни кўриб турибсизлар сизлар ҳам, лекин айтмаяпсизлар», — дейди у.

«Бу фақат сиёсатга эмас, халқимизга хиёнат, десак тўғри бўлади. Лекин солиқлардан қочиб, ўзининг мажбуриятларини бажармасдан келаётган қўштирноқ ичидаги тадбиркорларга биз албатта муросасиз бўламиз. Сизлар ҳам шуни қўллаб-қувватласангиз — жамият ўзгаради», — деди давлат раҳбари.