Янги Ўзбекистоннинг анъаналаридан бири — бу стратегиялар ҳисобланади. Илгари улар ҳар беш йиллик давр учун қабул қилинган бўлса — 2017 йилда 2017−2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, 2022 йилда эса 2022−2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси қабул қилинганди — «Янги Ўзбекистонни барпо этиш»га қаратилган янги стратегия лойиҳаси, янги воқеликдан келиб чиқиб, етти йиллик муддат учун ишлаб чиқилган.

Давлат раҳбарининг умумхалқ муҳокамаси учун тақдим этилган ««Ўзбекистон-2030» стратегияси тўғрисида»ги фармони ҳамда 2023 йилда стратегияни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори лойиҳасига кўра, устувор йўналишлардан бири — ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш ҳисобланади. Бунинг учун, жумладан, аҳоли талаблари ва халқаро андозаларга жавоб берадиган таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимларини яратиш кўзда тутилган.

Ҳужжат лойиҳасида белгиланган мақсадли кўрсаткичлар ушбу мақсадга қай даражада мос келади? «Газета.uz» колумнисти, таълим бўйича эксперт Комил Жалилов буни таълим мисолида таҳлил қилади.

Мактаб-интернатларнинг янги тармоғи: тенгсизлик билан боғлиқ вазиятни давом эттиришми?

«Умумий ўрта таълимни янги босқичга кўтариш» мақсадида 2030 йилгача 208 та «Истеъдод-Интилиш-Истиқбол» мактаб-интернатларини ташкил этиш таклиф этилмоқда. Шавкат Мирзиёев ЎзЛиДеПдан номзод сифатида, ўз сайловолди ташвиқотлари чоғида барча шаҳар ва туманларда «шарт-шароитлари Президент мактаблариникидан кам бўлмаган» ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилишини ваъда қилганди. Мактабларнинг «оддий» ва «махсус мактаблар»га бўлиниши президент мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар агентлигининг ташкил этилиши билан бошланганди.

Болаларга интеллектуал қобилиятларидан келиб чиққан ҳолда алоҳида таълим бериш (tracking) «қобилиятли» болаларни яхшироқ ривожлантириш, ўқитиш давомида уларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олиш ва, умуман, таълим сифатини ошириш имконини беради, деган мулоҳаза мавжуд. Бироқ, ушбу ёндашувнинг самарадорлигини тасдиқловчи ишончли илмий далиллар мавжуд эмас. Аксинча, таълим соҳасидаги кўплаб тадқиқотчилар ва амалиётчилар барча учун сифатли таълим олишнинг тенг имкониятлари яратилиши мамлакат инсон капиталини ривожлантиришга янада яхшироқ ҳисса қўшади, деган фикрда.

Торонто университети тадқиқотчилари йигирма йиллик маълумотларга таяниб, болаларни қобилиятларидан келиб чиққан ҳолда алоҳида ўқитиш (tracking) бутун мамлакат бўйлаб умумий таълим сифати ва болаларнинг академик кўрсаткичларидаги тафовутларга қандай таъсир қилишини таҳлил қилган. Улар таълимда самарадорликка эришиш учун тенглик тамойилини қурбон қилиш (equality-efficiency trade-off) кутилган натижаларни бермайди, деган хулосага келишган: мазкур амалиётнинг сифатга ўртача таъсири деярли нолга тенг, болалар ўртасидаги тенгсизлик эса кучаяди.

Бошқа бир гуруҳ тадқиқотчилар ҳам, таълим сифати бўйича PISA, PIRLS ва TIMMS халқаро тадқиқотлари маълумотларини таҳлил қилиш асосида, шунга ўхшаш хулосага келишган: болаларни қобилиятларига кўра ажратиш амалиётини жорий этган мамлакатлар сифат борасида ҳеч нарсага эришмайди, бироқ таълимдаги муваффақиятлар борасида болалар ўртасидаги тенгсизликни кучайтиради.

PISA тадқиқотининг асосчиси, ИҲТТ (Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, OECD) бош котибининг таълим сиёсати бўйича маслаҳатчиси Андреас Шляйхер ўзининг «Жаҳон даражадасиги таълим. 21 аср мактаб тизимини қандай барпо этиш лозим» китобида шундай ёзади: болаларни қобилиятига қараб танлаб олиш ва уларга алоҳида таълим бериш таълим сифатини оширади, деган фикр шунчаки афсона. Бундай ёндашув қўлланиладиган мамлакатларнинг ҳеч бири PISA тадқиқотларида етакчилар сафидан ўрин ололмайди.

Дарҳақиқат, масалан, ўтган йили тажрибаси жорий этилиши ҳақида бот-бот гапирилган Финляндия каби мамлакатларда сифатли таълим хизматларидан фойдаланишда тенг имкониятлар ва барча мактабларга бир хил муносабатда бўлиш таълим сиёсатининг тамал тоши ҳисобланади. Ўқувчилари PISA да муносиб натижаларни қайд этиб келаётган бошқа бир давлат — Вьетнамда ҳам биринчи навбатда тенгликка устуворлик берилади.

Қозоғистондаги Назарбоев мактаблари (эҳтимол биздаги президент мактаблари учун айнан улар илҳом манбаи бўлиб хизмат қилгандир) тажрибасини таҳлил қилар экан, айнан ўша ИҲТТ тадқиқотчилари ва журналистлар бир хил хулосага келади: бу мактаблар ўрта таълим ижтимоий неъмат бўлиши, ҳеч қандай истисно ва рақобатсиз фойдаланиш мумкин бўлиши, бир ўқувчининг сифатли таълим олиш имконияти бошқа бир ўқувчининг айнан шундай сифатли таълимдан баҳраманд бўлиш имкониятини чекламаслиги лозим, деган тамойилга зид.

Бироқ, Назарбоев мактабларининг молиялаштириш манбаларидан имтиёзли асосда фойдаланиш имконияти, бундай мактабларга қабул вақтидаги кучли рақобат, ўқувчилар контингентининг босқичма-босқич бир хиллаштирилиши (бу танловлардан асосан имтиҳонга пуллик асосда тайёрланиш имкониятига эга бўлган оилалар фарзандлари муваффақиятли ўтади) — буларнинг барчаси тенгсизликка ҳисса қўшмоқда. Ушбу мактаблар бутун мамлакат бўйлаб таълим олувчиларнинг бор-йўғи 0,4 фоизини қамраб олади ва ҳар бир ўқувчига тўғри келадиган сарфлар мамлакатдаги ўртача кўрсаткичдан 3 карра юқори. Бироқ, халқаро тадқиқотларда юқори натижаларга эришган ўқувчилар улуши кичиклигича қолмоқда ва бу мактабларнинг бутун мамлакат миқёсида умумий инсон капиталига таъсири мунозарали.

Келинг, энди юқорида айтилганларни биздаги президентлик мактаблари мисолида кўриб чиқамиз. Президент мактабларига раҳбарлик қилувчи Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигига қарашли икки юзга яқин мактаб учун давлат бюджетидан ўн минглаб «оддий» мактабларга йўналтирилаётган маблағларга тенг миқдорда маблағ ажратилади. Жорий йилда президент мактабларига бир ўрин учун ўртача 169 нафар ўқувчи ўзаро рақобатлашди.

Бундай кучли рақобатда, эҳтимол, бошланғич синф дастури даражасидан юқори даражадаги тест синовларидан, репетиторлар, пуллик курслар ва хусусий мактабларда эмас, «оддий» мактабларда олган билимлари билан ўтаётган ўқувчиларнинг фоизи қанча? Президент мактабларига асосан пуллик таълим хизматларидан фойдаланишга молиявий имконияти етадиган оилалар фарзандлари қабул қилиниб, сифатли таълим олиш борасидаги тенгсизликни кучайтириб юбормаяптими?

Юқорида тадқиқотчилар болаларни ажратиш ва саралаб олинган болаларни «махсус» дастур бўйича «махсус» шарт-шароитларда ўқитиш ғоясига шубҳа билан қарашлари ҳақида ёздим. Ҳозирча Ўзбекистонда «махсус» шарт-шароитларга эга бўлган президентлик ва ихтисослаштирилган мактаблар бошқача — бошқа мамлакатлар олимларининг хулосаларидан фарқли — натижа бериши ҳақида ишончли илмий далиллар мавжуд эмас. Ушбу тажрибанинг умумий таълим сифати, сифатли ўрта таълимдан фойдаланишдаги тенглик ва ўқувчиларнинг академик кўрсаткичларидаги тафовутларга таъсири бўйича тадқиқотлар мавжуд эмас.

Бироқ, бизда мактабларни ажратиш амалиёти келгусида ҳам давом эттириладиган кўринади. Бу қандай натижаларга олиб келиши мумкинлигини биламизми? Бу белгиланган мақсад — «ҳар бир инсон салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш» устуворлигига қай даражада мос келади?

Хорижлик ўқитувчи мутахассислар: кафолатланган сифатми ёки «карго култи»?

«Стратегия-2030»да белгилаб берилган таълим ислоҳотларининг яна бир йўналиши — чет тилларини ўқитиш учун ҳар йили 500 нафар шу тилда сўзлашувчи ўқитувчиларни таълим муассасаларига жалб этиш. Бу ҳам сайловолди ташвиқотлари вақтида янграган эди. Хорижлик мутахассисларга қанча ҳақ тўланиши очиқланмади, шунга қарамай, масалан, президент мактабларида хорижлик ўқитувчиларга ойига 4200 доллар маош, шунингдек, турар жой, тиббий суғурта, авиация, коммунал ва интернет хизматлари ҳаражатларини қоплаб бериш таклиф этилмоқда. Таққослаш учун: маҳаллий ўқитувчиларнинг 2025 йилга бориб 1000 долларга етиши ваъда қилинган ойлик маоши бугунги кунда ўртача 3 миллион сўмни ташкил этади, бу эса мамлакатдаги ўртача иш ҳақи даражасидан анча паст.

Ўқитувчининг она тилиси таълим сифатига таъсир кўрсатиши тўғрисида ишончли далиллар топа олмадим. Эссекс университети тадқиқотчиси (Буюк Британия) Вивиан Кукнинг ёзишича, она тили бўлмаган тилдан дарс берувчи чет тили ўқитувчилари тил эгалари бўлган ўқитувчиларга нисбатан бир қатор афзалликларга эга, масалан, ўқувчиларнинг она тилисини билиши ва унинг чет тилини ўрганиш жараёнига таъсирини ҳисобга олиш каби. Туркияда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатадики, чет тили ўқитувчисининг тил эгаси бўлиши ўқувчиларнинг мотивациясига ижобий таъсир кўрсатади, бироқ мотивация ўқувчиларнинг муваффақиятига таъсир қилувчи ягона омил эмас. Пенсильвания университетидан (АҚШ) бошқа бир тадқиқотчининг таъкидлашича, чет тилидан дарс беришда шу тил эгаси бўлган ўқитувчининг ушбу тил эгаси бўлмаган ўқитувчидан устун эканлиги — шунчаки афсона.

Чет тили — мактабда ўқитиладиган ягона фан эмас. Чет тилларини ўқитиш учун шу тилда сўзлашувчиларни жалб қилишга кетадиган харажатларни бошқа — таълим сифатига таъсири халқаро тадқиқотлар томонидан тасдиқланган нарсалар учун, масалан, мактабларни лабораториялар ёки бошқа ресурслар билан жиҳозлаш учун ишлатилиши мумкин эди. Ва ўша ваъда қилинган ойига 1000 долларлик маош — вақти-вақти билан юзага келадиган сертификатлар муаммосисиз шароитда — мактабларга ўз фанини чет элликлардан кам билмайдиган ўқитувчиларни жалб қилишга ёрдам берган ва бу давлат учун арзонроқ тушган бўларди.

Бундан ташқари, мактаблар сони жалб этилиши кўзда тутилаётган чет эллик ўқитувчилар сонидан анча кўп — бу чет эллик ўқитувчилар мактаблар ўртасида қандай мезонлар асосида тақсимланиши номаълум. Яна шу савол: бу белгиланган мақсад — «ҳар бир инсон салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш» устуворлигига қай даражада мос келади?

Мактаб дастури, дарсликлар ва бошқа қизиқ жиҳатлар

Дастурда яна бир қатор қизиқ, бироқ тушунарсиз жиҳатлар мавжуд.

Стратегия доирасида 2023−2024 ўқув йилида бутун мамлакат бўйлаб 120 дан ортиқ мактабда, тажриба тариқасида, юқори синфлар учун танлов фанларини жорий этиш назарда тутилган. Жорий этилаётган янгиликлар билан боғлиқ масалалар хусусида аллақачон ёзганман. Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирининг ушбу тартибни (дарвоқе, ушбу тартибни жорий этишни назарда тутувчи стратегия лойиҳаси муҳокамаси тугашидан анча олдин қабул қилинган) жорий этиш тўғрисидаги буйруғининг якуний таҳририда мажбурий фанлар рўйхатига фақатгина рус тили, физика, кимё ва биология киритилди ва бу фанлар учун бир соатдан вақт ажратилди. Бироқ, аввалроқ кўтарган бошқа масалаларим юзасидан ҳеч қандай ечим кўрмадим.

География, иқтисодий билим асослари, ҳуқуқшунослик — ким ва қандай асосга кўра бу фанлар юқори синф ўқувчилари учун керак эмас, деган қарорга келди? Танлов фанлари бўйича катта миқдордаги қўшимча соатлар эвазига қандай билим, кўникма, малакаларни ривожлантириш назарда тутилган? Мажбурий фанлар бўйича қисқартирилган соатлар ҳисобига ушбу фанлар бўйича эгалланадиган қандай билим, кўникма, малакалар ўқув режасидан чиқариб ташланиши кўзда тутилган? Ушбу тартибни жорий этиш учун ўқув дастури тузилганми, ўқув материаллари ишлаб чиқилганми, илмий-услубий ҳамжамият фикри ўрганилганми?

Ёшлар ва спортга оид давлат сиёсати ислоҳотлари доирасида мактаб битирувчиларининг камида иккита чет тили ва битта касб-ҳунарни пухта эгаллашига эришиш режалаштирилмоқда. Мактабларда аллақачон иккита чет тили ўқитилади (ўзбек тилида сўзлашувчи ўқувчи учун рус тили она тили ҳисобланмайди, рус тилида сўзлашувчи ўқувчи учун мос равишда — ўзбек тили). Таълим қорақалпоқ, тожик ва бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларда — учта тил (ўзбек, рус ва яна битта чет тили, она тилидан ташқари). Ўрта мактабга яна бир чет тилининг киритилиши, менинг назаримда, ўрта мактаб ўқув дастурида тил фанлари улушининг ҳаддан ташқари кўпайиб кетишига олиб келади ва, чет тилини рисоладагидек ўзлаштириш учун зарур бўлган соатлар сони ва она тилидаги матнларни тушуниш билан боғлиқ муаммолар каби омиллар ҳисобга олинса, ўқитиладиган тилларнинг битирувчилар томонидан ўзлаштирилишига ҳеч қандай ҳисса қўшмайди.

Касб-ҳунар эгаллаш — алоҳида масала. 11 йиллик мактаб тизимига қайтилиши билан Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ҳам қайтгани эсимда, кейинроқ — 9-синфни тамомлаган ўқувчиларни қабул қилувчи касб-ҳунар мактаблари очилиши билан Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари учун соатлар юқори синфлардан олиб ташланди. Мактаб битирувчиси камида битта касбни эгаллаши учун Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари қайтариладими, касбга ўқитиш учун соатлар қайси фанлар соатларини қисқартириш ҳисобига ажратилади, мактабларда бунинг учун зарур шарт-шароит ва мутахассислар мавжудми, ўқувчиларга мактабларнинг ўзида касб ўргатилса, касб-ҳунар мактаблари (айнан шу стратегияда уларнинг қамров даражасини 35 фоизгача ошириш таклиф қилинмоқда) нима учун керак, касб-ҳунар таълими танлов фанларини ўз ичига олувчи ўқув дастури билан қандай мувофиқлаштирилади — буларнинг барчаси ҳам ҳозирча очиқ қолган саволлар.

Ва, эҳтимол, энг асосийси. Бундай стратегияларни қабул қилиш анъана тусига кирганини инобатга олсак, аввалги стратегиялар самарадорлиги таҳлил қилинганми? Олдинги стратегияларда кўзда тутилган вазифалардан қайсилари амалга оширилди, қандай натижаларга эришилди, қайсилари қоғозда қолиб кетди ва нима учун?

Масалан, «Ўзбекистон-2030» стратегиясида 699 та дарслик, иш дафтарлари, ўқитувчилар учун қўлланма ва мобил иловалар ишлаб чиқилиши назарда тутилган. Бироқ, бир-икки йил олдин аввалги стратегияни амалга ошириш доирасида яратилган ўқув дастурлари ва дарсликлар, шунингдек, Ўзбекистонда таълимни такомиллаштириш бўйича яқинда якунланган дастур доирасида яратилган дарсликларнинг тақдири ҳақидаги саволга вазирлик ҳали ҳам жавоб бермади.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.