Ўзбекистонда сўнгги вақтларда таълимнинг финляндча тажрибаси ҳақида юқори минбарлардан туриб кўп гапирилмоқда. Дастлаб Сирдарё вилоятига ташрифи вақтида президент Шавкат Мирзиёев бошланғич мактаблар учун «Финляндия стандартлари» асосида дарсликлар ишлаб чиқилишини эълон қилди ва бу қарорни «Финляндия халқ таълими Европада ва умуман бутун дунёда рақобатбардош экани» билан изоҳлади. Кейинроқ Қашқадарё вилоятини ривожлантириш масалаларига бағишланган президент ҳузуридаги йиғилишда келгуси ўқув йилидан бошлаб вилоятнинг 48 та мактабида Финляндия таълим тизимини татбиқ этиш тўғрисида кўрсатма берилди. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ушбу масала финляндиялик эксперт билан муҳокама қилингани ҳақида ҳисобот берди.

«Фин тажрибаси» нимадан иборат ўзи? Фин тажрибасини кўчириш ҳақиқатан ҳам бизнинг таълим тизимимиздаги барча муаммоларни тузата оладиган «сеҳрли ҳапдори»ми?

Финляндия таълим тизими шарҳи


Финляндия Таълим ва маданият вазирлиги сайти маълумотларига кўра, мамлакатдаги таълим тизими бир неча бўғиндан иборат. Мактабгача таълим пулли ва унинг нархи оиланинг моддий фаровонлигидан келиб чиқиб белгиланади. Ундан кейин бир йиллик мажбурий мактабгача тайёрлов босқичи бўлиб, у бепул. Таққослаш учун, Ўзбекистонда ҳам «Таълим тўғрисида»ги қонунга мувофиқ бир йиллик мажбурий мактабгача тайёрлов кўзда тутилган.

Финляндияда болалар мактабга 7 ёшдан қабул қилинади. Бошланғич таълим олти йил давом этади. 7-синфдан бошлаб болалар ўрта таълимнинг уч йил давом этадиган биринчи босқичига ўтади. Бошланғич мактабда ва ўрта таълимнинг биринчи босқичида барча бир хил таълим олиши керак: болаларни, бизнинг ихтисослаштирилган мактабларимиздаги амалиётдан фарқли равишда, қобилиятлари ва қизиқишларига қараб ажратиш мумкин эмас. Бошланғич мактабда болалар билан фақат битта ўқитувчи ишласа, ўрта мактабда ҳар бир фан бўйича алоҳида ўқитувчи дарс беради.

Ўқув йили 38 ҳафта, ҳар бир дарс 45 дақиқа давом этади. Болалар тил (она тили ва адабиёт, иккинчи давлат тили, хорижий тиллар), математика, табиий фанлар ва саломатлик ҳақидаги фан, дин ва этика, тарих ва жамиятшунослик, санъат (мусиқа, визуал санъатлар, қўл ҳунари), рўзғоршунослик ва жисмоний тарбия, шунингдек, ўз танлови бўйича бошқа фанларни ўрганади. Бундан ташқари, функционал ва метакогнитив кўникмалар (ўз ўқув жараёнини назорат қила олиш кўникмаси) ҳамда касб танлови бўйича маслаҳатлашувлар учун махсус соатлар ажратилади. Ўқувчига бериладиган ҳафталик юклама, Европанинг бошқа давлатлари билан таққослаганда, паст: 1 ва 2-синфларда минимал юклама 20 соатни ташкил этади ва катта синфларда 27 соатгача кўпаяди (таққослаш учун: Ўзбекистонда бу юклама ҳафтасига 22 соатдан 34 соатгача етади). Мактабларда хотиржамлаштирувчи муҳит ҳукмрон, кийим бўйича талаб йўқ, дарсликлар ва тушлик бепул берилади, дарслар орасидаги узоқ танаффуслар эса болаларга ўйнаш ва дам олиш имконини беради.

Тўққиз йиллик умумий ўқишдан сўнг болалар ўрта таълимнинг иккинчи босқичидаги икки йўналишдан бирини танлаши керак: академик ёки касб-ҳунар (профессионал) таълими. Бирор билан касбни эгаллашни хоҳлаганлар касб-ҳунар йўналишини танлаб, ўқишни тугатгач, тегишли сертификат эгасига айланади. Қабул имтиҳонлар орқали амалга ошириладиган академик йўналишда эса болалар олий таълим муассасаларига ўқишга киришга тайёрланади ва алоҳида фанларни чуқурлаштирилган ҳолда ўрганиши мумкин. Уч йиллик таълим якунида ўқувчилар натижалари олий ўқув юртларига кириш-кирмасликни ҳал қилувчи миллий имтиҳонларда қатнашади. Бундай ёндашув бизнинг аввалги «9+3» тизимимизни ёдга солади (тўққиз йиллик умумий таълим + уч йил лицей ё коллежда ўқиш), биз шу тизимни бузиб ташлаб, ўрнига 11 йиллик мактабни қайтарган эдик.

Олий таълимни эътибор илмий тадқиқотларга қаратиладиган университетларда ёки кўпроқ амалиётга асосланган амалий фанлар университетларида олиш мумкин. Олий ва ОТМдан кейинги таълим бакалавриат, магистратура, лиценцитура (лиценциат — магистр ва фан докторлиги ўртасидаги оралиқ босқич) ва докторантурага бўлинади.

«Фин мўъжизаси»?

«Таълимдаги фин мўъжизаси» ҳақида илк бор 2000 йили, ўқувчиларнинг таълимдаги кўрсаткичларини баҳолаш бўйича халқаро дастур — PISA’нинг биринчи натижалари эълон қилинганида гапирилган эди. Финляндия ўқиш саводхонлиги бўйича тадқиқотда қатнашган 32 мамлакат орасида 546 балл билан (ўртача балл — 500) биринчи, математик саводхонлик бўйича 536 балл билан (Гонконг, Япония, Жанубий Корея ва Янги Зеландиядан кейин) бешинчи ва табиий-илмий саводхонлик бўйича (Жанубий Корея, Япония ва Гонконгдан кейин) тўртинчи ўринни эгаллаган эди. PISA’нинг кейинги циклларида ҳам, натижаларнинг пасайиш ва Осиё мамлакатлари (Шанхай, Гонконг, Тайвань, Сингапур, Япония, Жанубий Корея)нинг рейтинги ўсиши тенденциясини кузатиш мумкин бўлса-да, Финляндия барибир юқори ўринларни эгаллаган.


2000

2003

2006

2009

2012

2015

2018

Ўқиш саводхонлиги

546 (1)

543 (1)

547 (2)

539 (3)

524 (6)

526 (4)

520 (7)

Математик саводхонлик

536 (5)

544 (2)

548 (2)

541 (6)

519 (12)

511 (12)

507 (16)

Табиий-илмий саводхонлик

538 (4)

548 (1)

563 (1)

554 (2)

545 (5)

531 (5)

522 (6)

PISA’нинг 2000−2018 йиллардаги тадқиқотлари бўйича Финляндия натижалари. Қавс ичида мамлакатнинг рейтингдаги ўрни кўрсатилган.

Кўрсаткичларнинг пасайишидан ташқари, PISA’нинг 2018 йилги натижалар бўйича ҳисоботида ИҲТТ (Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти) мамлакатлари орасида мутолаа бўйича ўғил ва қиз болаларнинг натижалари бўйича энг катта фарққа, мутолаа бўйича кўрсаткичлари паст болаларнинг улуши икки баробар ошганига, шунингдек, турли ижтимоий-иқтисодий мақомдаги оилаларнинг болалари эришган натижалар ўртасидаги фарқнинг катталашувига эътибор қаратган.

Айни вақтда, тадқиқот натижаларига кўра, аксарият болалар мактабда ўзларини бахтиёр ва мактабга боғланиб қолгандек ҳис қилишларини қайд этиб ўтган. Таққослаш учун, Ўзбекистонда ўқувчиларнинг етарлича катта қисми хавотир ва тушкунликдан азият чекади, шунингдек, мактаб билан боғлиқликни ҳис қилмайди.

Бошқа тарафдан, айрим экспертлар «фин мўъжизаси»га шубҳа билан қарайди: баъзиларнинг фикрига кўра, фин ўқув дастурлари PISA тестларига киритилмаган тушунчаларни рад этади, бошқа мутахассислар эса PISA’даги муваффақиятларга «Пирр ғалабаси» дея таъриф беради: PISA учрайдиган математик масала турларига катта урғу берилгани боис, кўплаб болаларда ОТМда ўқиш даврида таяниш мумкин бўлган билимлар захираси йўқ. Финляндиянинг YLE телерадиокомпанияси «PISA'даги фин мўъжизаси афсонавий кўламга чиққани» ва «фин таълими тилсимини ўрганиш учун бутун дунёдан келаётган делегациялар кўплаб ташкилотлар учун даромад манбасига айлангани» ҳақида истеҳзо қилади. Асосий фаолияти «фин сифати»га мувофиқлик сертификатини тақдим этишдангина иборат бўлган тижорат компаниялари ҳам кўпайиб кетган.

Финляндия таълим тизимининг ўзига хосликлари: Ўзбекистон билан таққос

Фото: oph.fi.

Финляндия таълим тизимининг энг асосий ўзига хосликларини Ўзбекистон билан таққослаган ҳолда кўриб чиқамиз. Муҳим изоҳ: ушбу таққосдан «уларда ҳаммаси яхши, бизда эса — расво» деган хулоса бериш мақсад қилинмаган. Шуни ёдда тутиш лозимки, ҳар қандай таълим тизимининг ишлаши кўплаб — тарихий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва бошқа омилларга боғлиқ.

Жаҳон банки экспертлари фин жамиятининг уни бошқа давлатлардан мутлақо ажратиб турувчи ва, хусусан, таълим тизимида ҳам ўз изини қолдирган қуйидаги ўзига хос фарқли жиҳатларини санаб ўтган: кичик, этник ва маданий жиҳатдан гомоген аҳоли (Финляндия аҳолисининг атиги 4 фоизигина фин эмас) ва аҳоли жон бошига даромадларнинг юқори даражаси. Ўзбекистон аҳолиси эса нафақат кўп, балки миллий, маданий ва диний жиҳатдан ҳам хилма-хил, даромад даражаси эса ўртачадан паст.

Ҳелсинки университетидан Ҳанна Симола «фин мўъжизаси»нинг тарихий ва ижтимоий илдизларини тадқиқ этаркан, Финляндиянинг аграр жамиятдан индустриал, ундан сўнг эса пост-индустриал жамиятга айланиши жуда тез юз берганини, таълим соҳасида ҳам худди шундай жадал ривожланишни кўриш мумкинлигини таъкидлайди: Финляндияда умумий таълимни жорий этиш 1970 йиллардагина бошланган ва у «тез, тизимли ва ҳатто тоталитарчасига» татбиқ этилган.

Симоланинг ёзишича, мамлакат таълим тизимида 1970 йиллардаги ислоҳотнинг асосий ўзига хосликларидан бири мактабларни «кучли» ва «оддий»ларига ажратишдан воз кечиб, ҳамма учун бир хил умумтаълим мактабларининг жорий этилиши эди. Жаҳон банки ҳам болаларни (қобилиятлари ва қизиқишларига кўра) эрта ажратишдан воз кечиш Финляндия мактаб таълимининг асосий хусусиятларидан бири эканини қайд этиб ўтган.

Ўзбекистонда эса, экспертларнинг таъкидлашича, таълим ва фанни ривожлантириш стратегияси иқтидорли болалар учун алоҳида, масалан, ўқувчилар 5 ё 7-синфдан қабул қилинадиган президент ва ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этишни кўзда тутади.

Финляндияда умумтаълим мактаблари нафақат ўқув дастурлари, балки молиялаштириш масаласида ҳам бир хилдир. Молиялаштиришнинг бир қисми марказий бюджетдан, қолгани эса маҳаллий бюджетда амалга оширилади. Австралиянинг ABC News телеканали журналистининг тасвирга олиш гуруҳи келган мактаб бой кўриниши ва, катта эҳтимол билан, кўпроқ пул олса керак, қабилидаги саволига, мактаб директори ундай эмаслиги, бу мактаб ҳам бошқалари каби бир хил молиялаштирилишини айтади. Тўғри, молиялаштириш ўқувчи бошига бир хил, яъни молиялаштириш ҳажми ўқувчилар сонига боғлиқ.

Финляндия таълим тизимидаги ислоҳотларнинг яна бир муҳим жиҳати — 1970 йиллардан бошлаб бошланғич мактаб ўқитувчиларини тайёрлаш коллеж ва семинариялардан университетларнинг қайта ташкил этилган таълим факультетларига кўчирилган, шунингдек, мактаб ўқитувчилари магистр даражасига эга бўлиши шартлиги белгилаб қўйилган. Ҳозир бошланғич мактабда дарс бериш учун ўқитувчи таълим соҳасида магистр даражасига, ўрта мактабда дарс бериш учун эса дарс бераётган фани бўйича магистр даражасига эга бўлиши лозим. Таққослаш учун: очиқ маълумотларга кўра, Ўзбекистонда қўитувчиларнинг 13 фоизи ўрта махсус ёки тугалланмаган олий маълумотга эга.

Финляндиянинг педагогика факультетларида магистр даражасини олиш учун зарур 300 кредит (бакалавриатда 180 кредит ва магистратурада 120 кредит)нинг камида 60 таси, қоида тариқасида, педагогика билан боғлиқ фанларга ва ўқув вақтининг 15 фоиздан то ярмигача бўлган қисми педагогик амалиётга ажратилган. Ишлаётган педагогларнинг малакасини ошириш маҳаллий муниципалитетлар зиммасида ва бюджетни қандай сарфлаш ҳам уларнинг ўзига ҳавола бўлгани боис, малака ошириш имкониятлари ва шакллари ҳудуд ва мактабга қараб фарқ қилиши мумкин.

Ўзбекистонда малака ошириш тизими, қоида тариқасида, ҳукумат қарорлари билан тартибга солинади ва барча учун бир хилдир. Фақат яқиндан бошлаб ўқитувчиларга ўз малакасини ошириш учун таълим муассасасини танлаш ҳуқуқи берилди.

Тадқиқотларга кўра, Финляндияда ўқишга кириш учун танлов энг катта бўладиган йўналишлардан бири педагогикадир. Масалан, сўнгги йилларда бошланғич мактаб ўқитувчиларини тайёрлаш факультетларидаги ўртача 900 та ўринга 7000 га яқин абитуриент даъвогарлик қилган. Иш ҳақи бошқа соҳаларга нисбатан камроқ эканига (масалан, бошланғич мактаб ўқитувчиси магистр даражасига эга бошқа мутахассисларга қараганда 22 фоиз камроқ, ўрта мактабнинг биринчи босқич ўқитувчиси эса 15 фоиз камроқ маош олади) ва стресс даражаси ўсиб бораётганига қарамай, кўплаб ўқитувчилар ўз ишидан қониқиш ва садоқат ҳис қилади: ўқитувчиларнинг фақат 10−15 фоизигина фаолияти давомида соҳасини ўзгартиради. Шунингдек, ўқитувчиларга нисбатан ота-оналар томонидан ишонч ва ҳурматнинг юқори эканини ҳам алоҳида қайд этиб ўтилган.

Ҳанна Симоланинг таъкидлашича, Финляндия таълим ислоҳотларидаги яна бир муҳим бурилиш нуқтаси бу — 1990 йилларда ўқитувчилар ва мактаб устидан расмий назоратдан воз кечилганидир: «мактабларни текшириш, деталлаштирилган ўқув дастурлари, дарсликлар ва ўқув материалларини расман тасдиқлаш, ўқитувчи ҳар бир дарсни ёзиб бориши шарт бўлган журналлар каби барча анъанавий назорат механизмлари йўқолди».

Таълим бўйича эксперт, Финляндиянинг таълим соҳасидаги ислоҳотларига бағишланган «Finnish Lessons» китоби муаллифи Паси Сальбергнинг ёзишича, Финляндияда ўқитувчиларни «қамчи ва ширинлик» тамойили асосида ҳаракатга келтиришга интилиш йўқ, аксинча, уларга катта эркинлик (автономия) берилади. Ўқитувчилар ўз ўқувчиларини баҳолаб боришлари ва уларнинг давомати ҳақида ҳисоботларни тақдим этишлари керак, аммо, айни вақтда, уларнинг назарида ўқувчиларга мосроқ келадиган ўз дастурларини ҳам ишлаб чиқишлари мумкин. Жаҳон банкининг қайд этишича, бу тизим ўзаро ишонч асосига қурилган: Финляндиянинг Таълимни баҳолаш маркази (FINEEC) шаҳарларни алоҳида-алоҳида танлаб олиб, мунтазам баҳолашлар ўтказиб туради, аммо бунда мактабларни бир-бири билан таққосламайди, бундай баҳолашга тушмаган мактаблар эса ўқитишдаги муаммоларни аниқлаш ва тузатиш учун ўзининг баҳолаш усулларидан фойдаланади.

Умуман олганда, номарказлашув (децентрализация) ҳамда муниципалитетлар ва мактабларга эркинлик (автономия) берилишини кўплаб тадқиқотчилар фин таълим тизимидаги ислоҳотларнинг энг муҳим самараларидан бири, дея эътироф этади. Мисол учун, Миллий ўқув дастури мактабдаги ҳар бир фан бўйича мақсад ва вазифаларни, шунингдек, таълим муҳити, ўқитиш ва баҳолашга алоқадор умумий қоидаларни белгилаб беради, бироқ муниципалитетлар ва мактаблар миллий дастур ҳамда маҳаллий ўзига хосликлар ва ўз ўқувчиларининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ўз дастурларини ишлаб чиқиши мумкин.

Ўзбекистонда умумтаълим мактаблари Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган дастур ва режаларга қатъий риоя қилиши шарт. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси мактабларни аккредитациядан ўтказиб, уларнинг рейтингини тузади, ўқитувчилар эса Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тартибга солинадиган аттестация жараёнидан мунтазам ўтиб туриши талаб этилади.

Дарсликлар

Финляндияда дарсликлар Sanoma Pro, Otava ёки Edita каби кўплаб нашриётлар томонидан ишлаб чиқилади. Нашриётлар одатда ўз маҳсулотлари намуналарини мактабларга юборади, шунингдек, педагогларни бозорда мавжуд маҳсулотлар билан танишиб, ўз танловини амалга ошириши учун янги дарсликларнинг тақдимотларига таклиф қилади. Харид қилинадиган дарсликлар масаласидаги ҳал қилувчи қарор мактаб директорлари ва муниципалитетлар раҳбарияти томонидан қабул қилинади. Мактаблар дарсликларни ўқувчиларга бепул тақдим этади ва келгуси авлод ўқувчилари ҳам ушбу дарсликлардан фойдалана олишлари учун эҳтиёткорлик билан фойдаланишни сўрайди. Кўплаб нашриётлар дарсликларнинг рақамли талқинини ва дарсликларга илова қилиш мумкин бўлган бошқа кўплаб ресурсларни ҳам тақдим этади.

Тадқиқотчиларнинг қайд этишича, дарсликлар умумтаълим мактабида ҳал қилувчи ролни ўйнайди ва аксарият ўқитувчилар учун «ўқув дастурининг эквиваленти»га айланади.

Интернетдан топиш мумкин бўлган дарсликлар намуналари таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, қандайдир ўзига хос «финча стандарт» мавжуд эмас: фин ноширларининг дарсликлари, масалан, Кембриж, Пирсон ёки Ходдер каби жаҳоннинг етакчи нашриётлари чиқарган дарсликлари каби умумқабул қилинган педагогик тамойиллар асосида ишлаб чиқилган. Мисол учун, Финляндиянинг Otava нашриёти томонидан бошланғич мактаб учун чиқарилган она тили дарслиги билан Британиядаги Cambridge University Press’нинг шундай дарслигини, Sanoma Pro ва Hodder’нинг тарих бўйича ёки Sanoma Pro ва Pearson’нинг биология бўйича дарсликларини таққослаб кўринг.

Муаллиф томонидан ушбу мақолани ёзиш давомида ўрганиб чиқилган экспертларнинг фикрича, Финляндиянинг PISA’даги муваффақиятига дарсликлар эмас, балки юқорида санаб ўтилган омиллар (номарказлашув (децентрализация), ўқитувчиларни тайёрлаш ва барча учун бир хил таълим олиш имконияти) сабаб бўлган.

«Фин тажрибасини татбиқ этиш»: саволлар

Фин тажрибасини таҳлил қиларкан, Сальберг шундай огоҳлантиради: Финляндия таълимдаги муваффақиятли ислоҳотлар намунаси сифатида кўп кўрсатилса-да, бу Финляндиянинг ўзида 1970 йиллардан бошлаб қўллаб келинаётган ғоя ва тамойиллар бошқа маданий ёки ижтимоий контекстларда иш беради, дегани эмас.

Дарҳақиқат, таълим тизими — масалан, таълим стандартлари ва ўқув дастурлари, таълим муассасалари, баҳолаш тизими, тизимда ишловчи мутахассислар, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш каби бир-бири билан ўзаро боғлиқ унсурлардан иборат мураккаб бир механизм бўлиб, ушбу занжирнинг бир ёки бир неча поғонасини уларнинг бошқа унсурлар билан муносабатларини инобатга олмай кўчириш кутилган самарани бермаслиги мумкин. Бутун тизимни контекстни инобатга олмай кўр-кўрона кўчириш ҳам салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.

Шу муносабат билан, «Финляндия таълим тизимини татбиқ этиш» юзасидан бир қатор саволлар туғилмоқда:

  • Нима учун, масалан, сўнгги йилларда PISA рейтингида Финляндияни ортда қолдириб кетган давлатларнинг эмас, айнан Финляндиянинг модели танланди?
  • Нима учун «татбиқ этиш» ҳудуди сифатида Қашқадарё танланган? Қандай ижтимоий, иқтисодий ёки бошқа омиллар Ўзбекистондан кўплаб жиҳатлар бўйича фарқ қилувчи Финляндиядек мамлакатнинг тажрибасини айнан ушбу ҳудудда татбиқ этиб кўришга имкон беради?
  • «Финляндия таълим тизими» деганда айнан нима назарда тутилмоқда? Финляндия таълим тизимининг айнан қандай жиҳатлари ҳудудда жорий этилади? Масалан, 11 йиллик таълим йўқ қилиниб, ўрнига Финляндиядагидек «9 3 3» тизими жорий этиладими? Маҳаллий таълим органлари ва мактабларга Финляндиядагидек автономия бериладими? Худди Финляндиядагидек ушбу ҳудудда ҳам мактаб ва ўқитувчиларни назорат қилиш ва текширишлардан воз кечамизми? Худди Финляндиядагидек барча бир хил таълим хизматларидан фойдалана олиши учун ушбу ҳудуддаги президент ва ихтисослаштирилган мактабларни ёпиб, молиявий ресурсларни тенг тақсимлаш тизимини жорий этамизми? Барча ўқитувчилар худди Финляндиядагидек магистр даражасига эга бўлиши шарт бўладими?
  • «Дарсликларнинг финча стандарти» деганда нималар назарда тутилмоқда? Фин дарсликларининг айнан қандай хусусиятлари уларни, масалан, президент мактабларидан фойдаланилаётган Кембриж дарсликларидан ёки бошқа машҳур нашриётларнинг дарсликларидан яхшироқ қилади?

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги ва бошқа ваколатли органларни шу ва бошқа саволларни очиқ муҳокама қилишга чақираман. Бир неча йил аввал биз 12 йиллик таълимдан воз кечгандик, ваҳоланки унинг жорий этилиши учун катта куч ва воситалар сарфланган ва ўз вақтида роса мақталган эди, аммо шу вақтгача ушбу қарорнинг мамлакат иқтисодий ва ижтимоий ривожига кўрсатган таъсирини очиб берувчи тадқиқотлар йўқ. Финляндия ёки бошқа исталган мамлакат тажрибасини кўчириш — изчил ўйланган ҳолда қабул қилиниши зарур бўлган тақдирларга таъсир қилувчи қарордир.

P.S. Мақола тайёрланаётган вақтда, президент Администрациясида бўлиб ўтган йиғилиш ва ХТВнинг брифинги ҳақида хабарлар чиқди. Уларга кўра, 2023 йил январидан бошлаб 1−4-синф ўқувчилари учун «Финляндиянинг ваколатли органларининг сифат белгиси билан қайд этилган» дарсликлар апробация қилиш режалаштирилгани, катта синфлар учун эса аниқ ва табиий фанлар бўйича дарсликлар тайёрлаш мақсадида Sanoma Pro ва Otava нашриётлари билан маслаҳатлашувлар олиб борилаётгани маълум бўлди. Шу муносабат билан мен аввал ҳам кўтарган яна бир қатор саволлар юзага келмоқда:

  • Апробация қилиниши кутилаётган 1−4-синф дарсликлари ким томонидан ва қандай дастур асосида ишлаб чиқилган?
  • Ушбу дарсликлар «Финляндия ваколатлари органлари»нинг қай бири томонидан ва қандай мезонлар асосида таҳлил қилинган?
  • Ушбу дарсликлар Novda Edutainment компаниясида (ёки унинг кўмаги асосида) ишлаб чиқилгани инобатга олинса, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ва маъмурий ресурсдан фойдаланганлик масалалари қандай ҳал қилинади?
  • Давлат раҳбарининг Миллий таълим дастурини амалиётга жорий этиш тўғрисидаги фармони асосида 1−3, 6, 7 ва 10-синфлар учун Республика таълим маркази томонидан ишлаб чиқилган дарсликлар тақдири нима бўлади?

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин