Мамлакатимиз таълим тизимини яна ўзгаришлар кутаётган кўринади. Бир неча йил аввал Ўзбекистонда «9+3» (12 йиллик мажбурий таълим) тизими бекор қилинган, шундан кейин Миллий ўқув дастурига ўтилиши айтилган ва 2022−2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастур қабул қилинган эди.

Ўтган йили «фин тажрибаси»ни жорий этиш хусусида кўп гапирилди, йил якунида эса, «маъмурий ислоҳотлар» дея тақдим қилинган жараёнлар доирасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Президент таълим муассасалари агентлиги битта давлат органига бирлаштирилди. Куни кеча мактабгача ва мактаб таълими вазири Хилола Умарова давлат раҳбари билан учрашувда тизимда кутилаётган бир қатор янгиликларни тақдим этди. Ушбу ўзгаришларнинг айримлари, менинг назаримда, батафсилроқ кўриб чиқилиши лозим.

Ўқув режасидаги ўзгаришлар: юқори синфлар

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, юқори синфларда фанлар сони 16 тадан 11 тага қисқартирилади, 11 та мажбурий ва 2 та танлов фанлар жорий этилган ҳолда «дастурларнинг фанлараро ва синфлараро интеграцияси таъминланади». 10−11-синфларда «ўқувчиларнинг қизиқиш ва қобилиятига мос бўлган ихтисослашган дастурлар асосида билим бериш» амалиётини жорий этиш 2023 йилга мўлжалланган Давлат дастурида ҳам назарда тутилган. Амалда бу қандай бўлади?

Вазирлик буйруғи лойиҳасига (муаллифга тақдим этилган) кўра, 2023−24 ўқув йилидан бошлаб ҳар бир ҳудудда синов мактаблари танлаб олинади ҳамда уларда қуйидаги мажбурий ва танлов фанлардан иборат дастур амалга тадбиқ этилади:

  • мажбурий фанлар — она тили ва адабиёти, инглиз тили (буйруқ лойиҳасида «чет тили» эмас, айнан «инглиз тили» деб кўрсатилган), тарих, тарбия, математика, информатика, жисмоний тарбия ва чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик. Ушбу фанлар учун 20−21 ўқув соати ажратилган;
  • танлов фанлар — математика ва физика, кимё ва биология, она тили ва чет тили, математика ва чет тили. Бу икки фанга 10−11 ўқув соати ажратилади.

Махсус комиссия ўқувчилар орасида сўров ўтказиб, синфда юқоридаги тўрт жуфт танлов фанларидан қайси бири ўқитилишини аниқлайди. Битта фан ҳам мажбурий, ҳам танлов фанлар блокида фанлар такроран келган бўлса (она тили, математика, чет тили), ҳар икки блокдаги ушбу фанларга ажратилган соатлар қўшилади. Масалан, «кимё-биология» йўналишидаги синфда математика ҳафтасига 5 соатдан ўқитилса, «математика-физика» ёки «математика-инглиз тили» йўналишидаги синфда ҳафтасига 10 соатдан ўтилади. Она тили ва чет тили йўналишидаги синфларда ушбу фанлар ҳафтасига мос равишда 10 ва 9 соатдан, қолган синфларда эса 5 ва 4 соатдан ўқитилади.

Шундай қилиб, ушбу синфларнинг ўқув режасидан қуйидаги фанлар чиқариб ташланади:

  • ўзбек (давлат) тили (таълим тили ўзбек тили бўлмаган мактабларда) ва чет тили сифатида рус тили (таълим тили рус тили бўлмаган мактабларда), география, иқтисодий билим асослари, ҳуқуқшунослик — бу фанлар мажбурий фанлар рўйхатида ҳам, танлов фанлар рўйхатида ҳам тилга олинмаган;
  • физика ва астрономия, кимё, биология — бу фанлар фақат танлов фанлар рўйхатида мавжуд, яъни ўқувчилар ўзлари танламаган тақдирда, уларга мазкур фанлар ўқитилмайди.

Буйруқ лойиҳасида 11-синфни тамомлаганлик тўғрисидаги шаҳодатномага 10−11-синфларда ўрганилмаган фанлар бўйича баҳолар 9-синфни тамомлаганлик тўғрисидаги шаҳодатномадан кўчириб ўтказилиши қайд этилган.

мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, мактаблар, таълим

мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, мактаблар, таълим

мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, мактаблар, таълим

мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, мактаблар, таълим

мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, мактаблар, таълим

Таққослаш учун: 2023−24 ўқув йили учун таянч ўқув дастури ва «синов» мактаблари учун ўқув режалари.

Кейинги ўқув йилида 10-синфга ўтадиган 9-синф ўқувчилари 2017 йилда 11 йиллик таълимга ўтиш вақтида қабул қилинган дастур бўйича таҳсил олган. Ваҳоланки, 2024 йилгача Миллий ўқув дастурига тўлиқ ўтишнинг президент томонидан тасдиқланган режасига кўра, 2022 йилда дарсликлар, жумладан, 10-синф дарсликлари ҳам янгиланган.

Президент фармони билан халқаро ташкилотларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқилган миллий ўқув дастурида 7-синфдан бошлаб география, физика, кимё ва биология фанларини алоҳида фан сифатида ўқитиш кўзда тутилган (1−6-синфларда ушбу фанлар бўйича таянч билимлар «табиий фанлар» фанига бирлаштирилган — ҳозирда мазкур фан бўйича 1−3- ҳамда 6-синфлар учун дарсликлар чиқарилган), 7-синфда материклар ва океанлар географияси, 8−9-синфларда Ўзбекистон табиий ва иқтисодий географияси, 10-синфда жаҳон иқтисодий географияси ва 11-синфда олдинги синфларда олинган билимларни умумлаштирувчи умумий география фанларини ўрганиш назарда тутилган.

Шунга ўхшаш, физиканинг электродинамика, ядро ва квант физикаси асослари каби айрим бўлимларини, шунингдек, астрономияни ўрганиш 10−11-синфларда назарда тутилган. Кимё ва биологиянинг ҳам айрим бўлимлари фақат юқори синфларда ўргатилади.

Ҳуқуқшунослик ва иқтисодиёт фанларини ўрганиш 8-синфдан бошланади. Ҳуқуқшунослик бўйича Миллий ўқув дастурга мувофиқ, 10−11-синфларда фуқаролик, маъмурий, меҳнат, оила ва жиноят ҳуқуқи юзасидан асосий тушунчалар берилади. 11-синфда «Иқтисодиёт» фани доирасида тадбиркорлик асослари ўрганилади.

Шу ўринда саволлар туғилади:

  • 10−11 синфлар мажбурий таълимнинг охирги босқичидир. Агар 10−11-синфларнинг айрим ўқувчилари бундай кенг кўламли муҳим фанларни ўрганмасалар, эҳтимол, бу фанларни бундан кейин умуман ўрганмайдилар. Шундай экан, уларнинг фундаментал билимларида жиддий бўшлиқлар вужудга келмайдими? Бундай бўшлиқлар уларнинг дунёқараши ва фикрлаш тарзига қандай таъсир қилади? Мазкур фанларнинг юқори синфлар учун мўлжалланган мазмунини мактаб ўқув дастуридан чиқариб ташлаш қай даражада мақсадга мувофиқлиги ҳақида илмий-услубий ҳамжамиятнинг фикри ўрганилганми?
  • Агар бир фан мажбурий ва танлов фанлар блокларида такрорланса ва бу фан бўйича соатлар сезиларли даражада ошса (она тили, чет тили, математика), қўшимча соатларда нима ўрганилади? Буйруқ лойиҳасида Республика таълим марказига танлов фанлар бўйича намунавий тақвим-мавзу режаларини ишлаб чиқиш топширилган. Бироқ, тақвим-мавзу режа фақатгина мавзуларни ўтиш кетма-кетлиги ва ҳар бир мавзу бўйича ўқув соатларини белгилаб беради. Уни тузиш учун фаннинг мақсад ва вазифаларини билиш зарур. Ушбу қўшимча соатлар ҳисобига қандай билим, кўникма, малакаларнишакллантириш кутилмоқда? Амалдаги дарсликлар камроқ соатларга мўлжалланганлигини ҳисобга олсак, ўқитувчилар қандай манбалардан (дарсликлар, ўқув-услубий материаллар) фойдаланадилар?
  • Худди шу савол фақат танлов фан сифатида тақдим этилган фанларга (физика, кимё, биология) ҳам тааллуқли. Амалдаги дастур ва дарсликлар ҳафтасига 2 соат ҳисобидан келиб чиқиб тузилган бўлиб, бу фанлар танлов фан сифатида ўрганиладиган синфларда уларга ҳафтасига 5−6 соат вақт ажратилган. Бу синфларда мазкур фанлар қандай дастур ва дарсликлар бўйича ўқитилади?

Президент матбуот хизмати «ҳозирда мавзуларнинг 70 фоизи кундалик ҳаёт билан боғланмаган«лигини қайд этди. Қизиқ, бундай аниқ фоиз қандай услубият асосида ҳисоблаб чиқилган ва «кундалик ҳаёт билан боғланиш» нимани англатади? Менинг назаримда, ўртача одамнинг «кундалик ҳаёти»га асосланилса, фундаментал фанлардан жуда кўп нарсаларни мактаб дастуридан «чиқариб юбориш» керак бўлади. Масалан, кундалик ҳаётда одамнинг Ер сайёрасидан ташқарига чиқиши даргумон, унга галактика ёки Қуёш тизимининг тузилиши ҳақида тасаввурга эга бўлишнинг кераги бормикан? Кундалик ҳаётда оддий одам асосан тўртта асосий математик амалдан фойдаланади, тенгсизликлар, функциялар ва логарифмларни бир четда қолдириб, мактаб математика курсининг мазмунини шу тўрттагина амал билан чеклаш керакмикин?

Мактабнинг вазифаси — ўқувчини фақатгина «кундалик ҳаётга» ёки олий таълимга киришга тайёрлашдан иборат эмас. Мактаб инсоннинг дунёқарашини шакллантиради, унга тизимли фикрлаш ва танқидий таҳлил қилишни ўргатади. Фундаментал билимларсиз, турли хил ташқи таъсирларга қарши тура олмайдиган, заиф авлодни етиштириш хавфини зиммамизга олмаяпмизми?

Сўнгги пайтларда «халқаро тажриба» ҳақида кўп гапирилмоқда. Cambridge Assessment International Education билан ҳамкорлик қилувчи ва айрим фанлар (табиий фанлар, математика, информатика) Кембриж дастури бўйича ўқитиладиган президент мактабларида юқори синфларда фанларни танлаш амалиёти жорий этилган: ўқувчилар тўртта фандан исталган иккитасини танлашлари лозим. Шу билан бирга, физика, кимё ва биология юқори синфларнинг ўқув режасига киритилмаган — агар ўқувчи ушбу фанларни танламаса, уларни ўрганмайди.

мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, мактаблар, таълим

2021−22 ўқув йили учун президент мактаблари таянч ўқув режаси.

Бироқ, шуни ҳисобга олиш керакки, Кембриж дастури аксарият фанлар бўйича циклик равишда қурилган: таълимнинг ҳар бир босқичида фаннинг барча асосий бўлимларини қамраб олишга ҳаракат қилинган, юқори синфларда эса таълимнинг олдинги босқичларида ўрганилган нарсалар такрорланади ва чуқурлаштирилади.

Масалан, ўрта мактабни тугатиш даражаси бўлган ва 14−16 ёшли ўқувчилар учун мўлжалланган IGCSE даражаси учун ва олий ўқув юртларига тайёргарлаш учун тузилган, 16−19 ёшли ўқувчилар учун мўлжалланган A-level даражасикимё дарсликларининг мазмунини солиштирадиган бўлсак , IGCSE даражасидаги кўплаб мавзулар A-level даражасида такрорлангани ва чуқурлаштирилганлигини кўриш мумкин. Шуни ёдда тутиш керакки, IGCSE даражаси аслида 10−11-синфлар ҳисобланади (Британияда бошланғич мактаб 5−11 ёшли болаларни қамраб олади) ҳамда кимё, физика, биология ва география фанларини IGCSE даражасида ўрганишдан олдин, ўқувчи Primary ва Lower Secondaryдаражаларида 9 йил давомида табиий фанларни ўрганиши зарур. Таъкидлаш жоизки, Буюк Британиянинг ўзида юқори синфларда (10−11-синфлар, Key Stage 4) табиий фанларни — биология, физика ва кимёни — ўрганиш мажбурийдир.

мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, мактаблар, таълим

IGCSE даражаси учун кимё бўйича Кембриж дарслигининг мундарижаси.

мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, мактаблар, таълим

мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, мактаблар, таълим

A-level даражаси учун кимё бўйича Кембриж дарслигининг мундарижаси.

мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, мактаблар, таълим

Буюк Британия миллий ўқув дастурининг тузилиши.

Гувоҳи бўлганимиздек, Ўзбекистон Миллий ўқув дастури ва Кембриж дастурини тайёрлашга ёндашувлар турлича. Бунда гап ёндашувлардан бири ёмон (нотўғри), иккинчиси эса яхши эканлиги ҳақида эмас. Шунчаки тарихан турлича шаклланган ёндашувларни кўриб чиқяпмиз. Ва агар «синов» мактаблари битирувчиларининг билимларида фундаментал бўшлиқлар бўлишини истамасак, биринчи навбатда, уларда 9-синфнинг охиригача барча зарур билимлар пойдеворини шакллантиришга ҳаракат қилишимиз керак (бу ўқувчининг ҳаддан ташқари ақлий ва жисмоний зўриқишига олиб келмаса, албатта), ана шундан кейин юқори синфларда фанларни танлаш ёки уларни дастурдан чиқариб ташлаш билан боғлиқ тажрибаларни йўлга қўйиш мумкиндир.

Қолаверса, президент мактаблари ёки ихтисослаштирилган мактаблар тажрибасини бутун мамлакатдаги умумтаълим мактабларига жорий этишга уринар эканмиз, айтайлик, молиялаштириш (2023 йил давлат бюджетида Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги 100 дан ортиқ мактабларга ва 10 мингга яқин умумтаълим мактабларига капитал харажатлар учун тенг маблағ ажратилган), ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг мотивация даражаси, бир синфда таҳсил олувчи ўқувчилар сони, лабараториялар билан жиҳозланганлик даражаси каби омилларнинг таълим сифатига таъсирини ҳам тадқиқ қилиш мақсадга мувофиқдир. Масалан, ҳафтасига 5−6 соатлик физика, кимё, биология фанларига ихтисослаштирилган «синов» синфларида ўқувчилар фанни чуқурроқ ўрганишлари учун лабораториялардан фойдаланиш имкониятига эга бўладими?

Ўқув режасидаги ўзгаришлар: бошланғич синфлар

Нафақат «синов» мактаблари, балки барча умумтаълим мактабларида кутилаётган яна бир янгилик — бошланғич синф ўқув режасига информатика фанининг киритилишидир. Мазкур фан жисмоний тарбияга ажратилган соатларни қисқартириш ҳисобига ҳафтасига бир соатдан ўтилади. Вазир буйруғи билан Республика таълим марказига фаннинг ўқув режаси ва таълим стандартлари бўйича таклифлар киритиш, Авлоний номидаги миллий илмий-тадқиқот институтига эса информатика фанидан дарс берувчи бошланғич синф ўқитувчиларининг қисқа муддатли малака ошириш курслари дастурини ишлаб чиқиш топширилган.

Аввал фанни бошланғич синфга киритишдан мақсад, вазифалар ва ўқув дастурини аниқлаштириб олиб, кейин ўқув соатларини ажратиш керак эмасми? Бошланғич синфлар учун информатика дастурининг 5−11-синфларга мўлжалланган — қиммат лицензияси Ўзбекистон учун АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан сотиб олинган — Кембриж дастури билан узвийлиги ҳисобга олинадими?

Маълум қилинишича, бошланғич синфларда халқаро тажрибага асосланган янги ўқув дастури жорий этилади. Бу фақат информатикага тегишлими ёки барча фанларгами? Ахир, 1−3-синфларда халқаро донорлар иштирокида яратилган Миллий ўқув дастури жорий этилганига ва шу дастур асосида дарсликлар нашр этилганига икки йил ҳам бўлмади-ку? «Халқаро тажриба» деганда ўзи нима тушунилади? Масалан, ўтган йили бот-бот гапирилган Финляндияда ёки PIRLS нинг сўнгги сўровларида биринчи ўринни эгаллаган Сингапурда информатика бошланғич синфлар ўқув дастурига киритилмаган.

Таълимни бошқариш тизимидаги ўзгаришлар

Яна бир муҳим ўзгариш таълимни бошқариш тизимига тааллуқли. Маълум қилинишича, мактабгача ва мактаб таълими туман ва шаҳар бўлимларининг мактаблар фаолиятини текшириш ва таълим сифатини баҳолаш бўйича ваколатлари тугатилади. Катта эҳтимол билан бу ваколатлар янги давлат органи — аввалроқ давлат раҳбари қарори билан ташкил этилган Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик марказига ўтказилади.

«Ўқув жараёнига инновацион педагогик технологияларни жорий этиш, жамиятнинг замонавий талаб ва чақириқларига жавоб берадиган янги ўқув режалари, дастурлари ҳамда ўқув-услубий адабиётларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш» мақсадида ташкил этилган ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигидан мустақил, президент Администрациясига бўйсунувчи мазкур марказга таълим мазмунини белгилаш ва таълим сифатини назорат қилиш бўйича жуда кенг ваколатлар берилган. Марказ:

  • таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларига қўйиладиган талабларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди ҳамда ушбу талаблар мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари, шунингдек, ўқув курслари учун мажбурий ҳисобланади;
  • мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари учун янги дарсликлар ва ўқув-услубий мажмуаларни нашр этиш, синовдан ўтказиш ва экспертизадан ўтказишни ташкил этади (шу билан бирга, ҳукумат қарори билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим марказига дарсликларнинг ягона макетларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган, шунингдек, бу марказ 2024 йилгача Миллий ўқув дастури бўйича дарсликларни ишлаб чиқишни якунлаши ҳам керак эди);
  • таълим стандартлари, ўқув режалари, дастурлари, дарсликлар ва ўқув-услубий мажмуаларнинг самарадорлигини таҳлил қилади ва уларга қўйиладиган талабларни такомиллаштириш чораларини кўради;
  • мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари ва ўқув курсларининг моддий-техник жиҳозланишига қўйиладиган талаблар, сифатини назорат қилиш ва фаолиятини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, шунингдек, ушбу ташкилотларда ва ўқув курсларида таълим сифати устидан назоратни амалга оширади.

Эътиборли жиҳати шундаки, эндиликда мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларини, шунингдек, ўқув курсларини лицензиялаш, аттестациядан ўтказиш ва давлат аккредитациясидан ўтказиш янги тузлаётган марказ билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Худди шу марказ ушбу таълим ташкилотлар учун дарсликлар ва ўқув-услубий мажмуаларни нашр этади. Ушбу ҳолат манфаатлар тўқнашувига олиб келмайдими («бизнинг дарсликларимизни сотиб олмасангиз — лицензия ҳам йўқ» қабилида), ҳужжатда очиқланмаган.

мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, мактаблар, таълим

Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик марказининг тузилмаси.

Моҳиятан, «маъмурий ислоҳотлар» доирасида тугатилган Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси (бу инспекция «Таълим тўғрисида»ги қонунга кўра, ҳали ҳам назорат қилувчи ва лицензияловчи ваколатли орган ҳисобланади), шунингдек, Таълим сифатини баҳолаш халқаро тадқиқотлари миллий маркази, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вазирлик ҳузуридаги Республика таълим маркази ва Авлоний номидаги Миллий илмий-тадқиқот институтининг функцияларининг бир қисми янги марказга ўтказилди.

«Маъмурий ислоҳотлар»дан кўзланган мақсад «давлат бошқарувининг ихчам тизимини шакллантириш», «давлат органлари раҳбарларининг масъулиятини ошириш» ва «республика ижро этувчи ҳокимият органларининг институционал мустақиллигини ошириш»дан иборат эди. Кенг ваколатларга эга бўлган яна бир давлат органининг ташкил этилиши ҳамда таълим мазмуни ва сифати билан боғлиқ асосий функцияларнинг ушбу органга ўтказилиши юқоридаги мақсадларга қанчалик мос келади?

Бошқа ўзгаришлар

Директорларни тайинлаш ва ўқитувчиларни ишга ёллаш борасида ҳам ўзгаришлар кутилмоқда.

«Малакали раҳбарлар муҳитини шакллантириш мақсадида ҳудудларда энг тажрибали директорлардан иборат „Директорлар кенгаши“ ташкил этилади. Энди мактаб директорлари лавозимга мазкур кенгаш тавсияси билан очиқ танлов асосида тайинланади». Директорлар мактабгача ва мактаб таълими ҳудудий бошқармалари томонидан тайинланади. Бироқ, президент фармони билан жорий этилган мактаб директорларини маҳаллий депутатлар кенгашлари билан келишилган ҳолда лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тартиби-чи? Ушбу тизимдан воз кечилишининг сабаби нимада?

«Мактабларни малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида педагогларни сертификатлаш тизими йўлга қўйилади. Яъни, ишга кираётган педагог 1 йил давомида ўқитувчи-стажёр сифатида фаолият юритиб, шу муддатда сертификат олиши керак бўлади». Маълум қилинишича, тоифа бериш бўйича тест синовлари икки босқичда ўтказилади, малака сертификатига эга бўлган ўқитувчиларга эса устама ҳақ тўланиши мумкин.

«Стажёр ўқитувчи» нима дегани? Унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари «тўлақонли ўқитувчи»нинг ҳуқуқ ва мажбуриятларидан қандай фарқ қилади? Сертификат фақат қўшимча устама олиш учунми ёки умуман ўқитувчи бўлиб ишлаш учун керакми? Қонунга мувофиқ, педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи олий маълумот дипломига эга бўлганлар-чи? Бу президент фармонига кўра ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи педагогик модулларининг ҳам бекор қилинишини англатадими? Бундай янгилик педагогика олий ўқув юртлари битирувчилари тинчгина ўқитувчиликни эмас, бошқа ишни танлашларига олиб келадими?

(Изоҳ: Президентнинг 2023-йил 26-майдаги ПФ-79 фармони билан 2023/24 ўқув йилидан бошлаб биринчи марта ишга қабул қилинаётган олий маълумотли талабгорлар стажёр-ўқитувчи сифатида фаолият юритиши, ишга қабул қилинган вақтдан бошлаб бир йил муддатда касбий сертификат олиши шартлиги тасдиқланди).

Таълим тизимида (эҳтимол, бошқа исталган соҳада бўлгани каби) муттасил тажриба ўтказиш, тизимнинг конфигурациясини, тартиб-қоидаларини ва мазмунини тинмасдан ўзгартиравериш мумкин эмас. Ҳар қандай янгилик ҳозирги ҳолат ва унгача амалга оширилган ишларнинг пухта, илмий асосланган таҳлилига таяниши зарур. Акс ҳолда, тизим бошбошдоқликка юз тутиши хавфи вужудга келади, унинг кўп сонли ва қарама-қарши қоидаларини ҳатто энг тажрибали мутахассис ҳам тушуна олмайдиган вазият юзага келади.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.