21 апрель — 7 май кунлари Ўзбекистон илк маротаба таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро PISA тадқиқотларида иштирок этди. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) томонидан тасодифий танлаб олинган Ўзбекистондаги 202 та мактабнинг 7363 нафар 15 ёшли ўқувчиларининг билими халқаро ташкилот томонидан тузилган саволлар асосида компьютер ёрдамида синовдан ўтказилди.

PISA тадқиқоти 2000 йилдан бери ҳар 4 йилда бир маротаба ўтказиб келиниб, дунё мамлакатларида ўқувчилар билимини синаш орқали инсон капиталига баҳо беришда халқаро тан олинган тизим ҳисобланади. Бугунги кунда ушбу тадқиқот бутун дунё бўйича қарийб 90 мамлакатдан 3 миллион ўқувчини қамраб олган.

PISA тадқиқоти асосчиси, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) бош котибининг таълим сиёсати бўйича махсус маслаҳатчиси Андреас Шляйхер ушбу тадқиқотлардан қандай мақсад кўзланганлиги, унинг натижалари мамлакат таълим тизимини ривожлантиришга қанчалик хизмат қилиши ва Ўзбекистоннинг ушбу тадқиқотларда иштирок этиши мамлакат учун қандай имкониятларни тақдим этиши ҳақида ўз фикрларини билдирди. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ушбу суҳбатни «Газета.uz»га тақдим этди.

— Ўзбекистондаги ташриф давомидаги таассуротларингиз билан бўлишсангиз.

— Мен аввало мамлакатингиздаги интилувчанлик ва олдингизга қўйган мақсадларингиз даражасидан ҳайратландим. 3 кунлик ташрифим давомида Иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Халқ таълими, Инновацион ривожланиш вазирлари билан мулоқот қилган бўлсам, уларнинг барчаси ўз йўналишида стратегик мақсадларга эга.

Хусусан, PISA каби таълимга оид лойиҳаларга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Ўйлашимча, бу жуда яхши йўналиш ва бу орқали олдингизга қўйган мақсадларингизга эришиш учун жуда кўп имкониятлар мавжуд. Шунингдек, бу жараёнлар, айниқса, Ўзбекистон каби ўрганиш учун очиқ бўлган мамлакатлар учун жуда қўл келади.

Мамлакатда таълим учун кенг йўл очилган. Ўйлайманки, юқори даражаларга интилиш учун нафақат қўшни мамлакатларнинг, балки дунёдаги бошқа давлатларнинг ҳам энг яхши сиёсат ва амалиётларини қандай қилиб жорий қилишга тайёр бўлишни оддий жараён деб бўлмайди. Ўзингизни дунёдаги энг илғор таълим тизимлари билан солиштириш жуда жасоратли қадам ва менимча, бу ҳақиқатдан ҳам такомиллаштириш учун яхши асосдир.

— Ўзбекистон 2030 йилга бориб PISA тадқиқотлари бўйича кучли 30 таликка киришни мақсад қилган. PISA ташаббускори ва раҳбари сифатида ушбу тадқиқот ҳақида кенгроқ тушунча бера оласизми? Бу иқтисодий тадқиқотми ёки таълимга оидми?

— Таълим — жамият келажаги. Мамлакатингиз иқтисоди келажак билан боғлиқ. Мактаблар бугун сизнинг иқтисодингиз, эртага жамиятингиз бўлади. Таълим сиёсати доимо иқтисодий сиёсат билан чамбарчас боғлиқ бўлади. Ҳеч бир мамлакат малакали кадрлар базасини ривожлантирмай туриб ва меҳнат бозорида юқори малакали кадрлар учун яхшироқ шароит яратмай туриб, иқтисодий муваффақиятга эришолмайди. Шунинг учун ҳам мен бу иккала тушунчани жуда яқин деб ўйлайман.

Рейтингда юқори 30 та мамлакат қаторига кириш мақсади ҳам жуда яхши. Менимча, бу истиқболда Ўзбекистонни узоқ муддатли юқори молиявий иқтисодиёт сари етаклайди. Шу маънода, таълим ва иқтисодиёт ўртасидаги боғлиқлик жуда яқин. Лекин бу таълим фақат меҳнат бозори ва иқтисодиётга хизмат қилади, дегани эмас.

Биз 20 йил олдин PISA`ни бошлаганимизда саводхонлик асосан фақат китоб ёки матнни ўқиш деб тушунилган. Бугунги кунда эса саводхонликни ҳар бир жабҳада кўриш мумкин. Саводхонлик даражаси сизга жараённи бошқариш, маълумот ҳақида фикр юритиш имкониятини тақдим этади. Бу эса ҳар биримизда бўлиши керак бўлган зарурий эҳтиёжлар ҳисобланади.

— PISA тадқиқотининг навбатдаги даврийлигида қатнашиш Ўзбекистонга қандай имкониятларни беради?

— Менимча, бу ўзгаришлар учун муҳим платформаларни яратади. Бу бутунлай ўзгаришларга кафолат эмас, лекин бунинг учун шароит дегани. Сиз дунёдаги энг илғор таълим тизимларининг сифатсиз таълим тизимига қарши қандай ҳаракат қилишини кўрасиз. Шунингдек, сиз нисбатан кучли ва заиф томонларингиз қаерда эканлигини яхшироқ тушунасиз.

Шуниси аниқки, юқори самарали таълим тизимлари ҳар доим ҳар бир ўқувчига юқори талабларни қўяди. Улар ўқитувчилик касбини нафақат молиявий, балки интеллектуал жиҳатдан ҳам жозибадор қилишда муҳим аҳамиятга эга. Бу орқали ўқитувчиларга қизиқарли касбларни таклиф қилади, бундан ташқари уларда профессионал ҳамкорлик қилиш, мактаб тизими, ўқув жараёнларини ислоҳ қилиш каби улкан имкониятларни яратади.

PISA ўқувчиларни яхшироқ ўрганишга, ўқитувчиларга яхшироқ ўқитишга ёрдам беради. Шунингдек, мактаб тизимининг янада кучлироқ ва самаралироқ бўлишига ёрдам беради. Ўзбекистонда яққол кўриш мумкин бўлган нарсалардан бири, таълим тизими мавзулар мазмунини қайта ишлаб чиқаришга катта эътибор қаратади. Ўқувчилар ниманидир эслаб қолишади, кейин эса бу билимларни эртанги ҳаётда қўллашлари кутилади. Эҳтимол, ўқитиш каби синовдан ўтган ҳар қандай нарсаларни рақамлаштириш, автоматлаштириш осон бўлиши мумкин.

Биз ана шундай мунтазам, автоматлаштирилган кўникмаларни йўқотмоқдамиз. Замонавий дунёда сиз фақат билим орқали қандайдир муваффақиятга эришишингиз қийин. Энди Google ҳамма нарсани билади. Бугунги кунда билим билан биргаликда уни амалиётга жорий эта олишингиз сиз учун барча зарур эшикларни очади. Афсуски, бу ҳали ҳам таълимдаги энг заиф нуқталардан бири ҳисобланади. PISA эса шу каби бўшлиқларни тўлдириш имконини беради.

PISA тестларида сиз ўрганган билимларга деярли эътибор қаратилмайди. Бунда билимларингизни ҳаётда қўллай олиш қобилиятингиз синалади. Чунки дунё инсониятдан шуни талаб қилади.

Шундай қилиб мамлакат бунга эришиш учун қандай ҳаракат қилишини, шунингдек, келажакда ким билан ва кимдан ўрганиш мумкинлигини кўрасиз. Дунё ажойиб лаборатория. Сиз турли мамлакатларнинг кучли томонларини кўришингиз мумкин бўлади ва сиз бу мамлакатлар билан тажриба алмашишингиз мумкин. PISA асосан халқаро ҳамжамият ва Ўзбекистон ҳам эндиликда мана шу ҳамжамиятнинг бир қисмидир.

— Биринчи таассуротингиздан келиб чиқиб, Ўзбекистоннинг ушбу тадқиқотлардаги имкониятларини қандай баҳолай оласиз?

— Аввало шуни таъкидлаш лозимки, қандайдир маълумотларсиз аниқ баҳо бериш қийин. Лекин шуни айтишим мумкинки, мен сиёсатчилар билан гаплашишдан олдин 600 нафар ўқитувчилар билан гаплашдим. Уларнинг ҳар бирида олдинга интилиш ва иштиёқни кўришингиз мумкин. Ўқитувчилар ҳар бир соҳада янгиликларни жорий этишга интилишади. Улар амалиётни ўзгартиришни, янги Ўзбекистонга мослашиш йўлини излайдилар. Шундай экан, менимча, бу яхши асос.

Қанчалик ўзгаришларга эришилади? PISA натижаларини кўриш учун узоқ йўлни босиб ўтиш керак бўлади. Ҳеч бир давлат буни бир кечада амалга ошира олмайди. Таълим узоқ муддатли жараён.

Сиз бу пойдеворларни босқичма-босқич қуришингиз мумкин ва менимча, ўқитувчилар бунга тайёр. Таълим тизими бунга сармоя киритмоқда. Инфратузилма мослашмоқда. Технология тайёр. Деярли аксарият мактаблар рақамлаштирилган тизимга ўтган ва тез орада барча мактаблар шундай тизимида фаолият олиб боради. Умумий олиб қараганда сизда барча шароитлар мавжуд. Лекин инфратузилма энг муҳим босқич эмас. Энг қийини бу одамлар. Халқ тайёр бўлиши керак. Кадрлар малакали бўлиши керак.


— Сиз дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатларида бўлгансиз. Тажрибангиздан келиб чиқиб, сизнингча, муваффақиятли таълим тизимининг асосий хусусиятлари нимада?

— Биринчи хусусият аслида жуда оддий. Бу аввало жамиятнинг келажакка қўядиган қиймати билан боғлиқ. Агар сиз хитойлик ота-оналар ва бобо-бувиларга қарасангиз, улар мамлакат келажаги бўлган фарзандларининг таълим олишига сўнгги пул, бор ресурсларни сармоя қиладилар. Ғарб дунёсида биз кўпинча болаларимизнинг пулларини ўз истеъмолимиз учун сарфлаганмиз. Биз уларнинг олдида қарздормиз ва бу муносабат мамлакат ўз келажагини қай даражада қадрлашини катта ўзгартиради. Бу қиймат одатда ҳар бир ўқувчидан кўзлаган умидларимизда акс этади. Ўқувчи кам таъминланган оиладан келганми, ёки биз сиз учун ишлашни осонлаштирамизми ёки юқори маълумотга эга эмасмисиз, иқтидорли ўқитувчиларни қийин синфларга жалб қила оламизми, юқори сифатли таълимга эга мамлакатларга тенглаша оламизми — ҳар қандай ҳолатда ҳам биз сизга аъло ўқитиш ва мукаммал таълим олиш ва бериш имкониятига эга бўлишингизга ишонч ҳосил қилишимиз керак.

Ресурслар — эҳтиёжларга боғлиқ. Агар сиз зиённи назарда тутган бўлсангиз, хўш биз ресурсларни сафарбар қила оламизми? Менимча, бу бошқа бир муҳим хусусият.

Учинчи хусусият эса ҳақиқатан ҳам энг қийини, бу — биз нимани ўргатишимиз ва нимани ўрганишимизни назарда тутади. Илгари таълим материални ёдлашдан иборат эди, чунки саноат даврида биз бу орқали муваффақиятга эришганмиз. Бугунги кунда асосий тушунча — бу малака. Когнитив, ижтимоий, ҳиссий ресурсларингизни ҳаракатга келтириш учун сафарбар қила оласизми? Билганларингизни қўллай оласизми? Сиз янги билимларни ярата оласизми?

Булар ҳақиқатан эришиш энг қийин бўлган муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу борада мувафаққиятга эришган таълим тизимлари жуда озчиликни ташкил этади. Масалан, Осиёда Япония, Сингапур, Хитой каби тизимларини кўришингиз мумкин. Европада эса Эстония, Финляндия ҳамда Шимолий Америка мамлакатларидаги тизимларга мурожаат қилишингиз мумкин, уларнинг аксариятида билим иқтисодиётига ўтишни амалга ошираётган тизимларни учратмайсиз.

Сиз қураётган тизим энг иқтидорли ёшларни ўқитувчилик касбига жалб қиладими? Фарзандингиз адвокат бўлишини хоҳлайсизми ёки ўқитувчи? Булар аслида ҳам муҳим. Биз таълимни интеллектуал жиҳатдан жозибадор қилиш, одамларга юксак мартаба, манфаатли ҳамкорлик ва ҳоказоларни таклиф қилишда қай даражада муваффақият қозона оламиз? Биз ўқитувчиларни тизимга қай даражада боғлай оламиз? Улар нафақат юқори даражадаги профессионал автономияга эга, балки ҳамкорлик маданиятида ишлайдими?

Биз Шарқий Осиё таълим тизимларидан ҳақиқатан ҳам шуни ўрганишимиз мумкин. Ўқитувчилар ажойиб жамоа сифатида ишлайди. Ҳар куни улар бир-биридан ўрганадилар. Мактаблар бир-бирига боғланган. Таълим тизими ўз кўникмаларини жорий қила олади. Агар биз ўқитувчилар нимани билишини билсак эди, бизда умуман бошқача таълим тизимлари бўлиши мумкин эди.

Кўпинча ўқитувчилар синфда жуда яккаланиб қолишади. Бунда эса ижтимоий алоқа, ислоҳотга тайёрлик ва бугунги кунларда технология жуда муҳим. Технология мавжуд амалиётни сақлаб қолиш учун эмас, балки ўрганиш қобилиятини ўзгартирувчи, таълим олиш жараёнини янада қизиқарли, интерфаол ва динамик қиладиган технология ўқитувчиларга турли хил ўқувчилар қандай ўрганиши ҳақида яхшироқ сигнал беради.

Бу таълим ва ҳақиқий ҳаётни ўзаро боғлайди. Бу ҳам, менимча, Ўзбекистон учун келажакда жуда муҳим. Ҳозирда таълим меҳнат бозоридан анча узоқлашган. Баъзи одамлар университетни диплом билан тарк этиб, яхши иш топишда қийинчиликларга дуч келишади ва иш берувчилар керакли кўникмаларга эга одамларни топа олмаётганлигидан шикоят қилишади.

Бунда эса икки йўналиш ўртасидаги ўзаро боғлиқликни топиш жуда муҳимдир. Сиз буни Швейцария ёки Германия каби мамлакатларда жуда яхши бажарилганини кўришингиз мумкин.

— Ўзбекистондаги мавжуд иқтисодий вазиятни ҳисобга олсак, таълим учун ажратилган маблағларни тақсимлашда қайси йўналиш самаралироқ бўлади?

— Сиз ўз ресурсларингизни қандай инвестиция қилаётганингиз ҳақида оқилона қарор қабул қилишингиз жуда муҳим.

Агар сиз синфларни кичикроқ қилиш ёки ўқитувчилар сифатини яхшилаш ўртасида танлов қилишингиз керак бўлса, ўқитувчи сифати муҳимроқ бўлади. Бу борада Хитой каби юқори натижаларга эришган мамлакатлар тажрибасини ўрганишингиз мумкин. Аслида ушбу мамлакатдаги синфлар ҳажми жуда катта. Аммо бошқа томондан бу мамлакат ўқитувчилардаги малака кўникмаларни мунтазам ўсиб боришига алоҳида эътибор қаратади. Харажатларни тақсимлашда бу жуда муҳим аҳамиятга эга.

Агар сиз кўпроқ ўқитиш, кўпроқ ўрганиш, кўпроқ соатлар ва ўқитишнинг яхшироқ сифати ўртасида танлов қилишингиз керак бўлса, сифатни танланг. Ўзбекистонда аслида ўқув соатлари анча узун. Ўқувчилар ҳақиқатда синфда анча вақт ўтказадилар. Аммо баъзида бир соатлик кўрсатмаларга асосланган ўқув режаси етарли эмас. Менимча, бу ҳақиқатан ҳам ушбу сифатга қаратилган.

Ваниҳоят, энг катта фарқни келтира оладиган жойга сармоя киритганингизга ишонч ҳосил қилинг. Энг яхши манбалар энг бойларга эмас, балки энг иқтидорли ўқувчиларга берилиши керак. Менимча, яна ресурсларни эҳтиёжлар билан мослаштириш лозим. Аслида, PISA`нинг рағбатлантирувчи белгиларидан бири шундаки, сарфланган пул миқдори ва таълим натижалари ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик йўқ.

1960 йилларда Корея ва Сингапур жуда қашшоқ мамлакатлар бўлган ва улар ўз пулларини таълимга жуда оқилона сарфладилар, ҳар доим синфлар ҳажмидан кўра ўқитувчиларнинг сифатини биринчи ўринга қўйишди ва улар юқорига кўтарилишди. Ҳар йили улар кўпроқ сармоя киритди. Натижада мамлакатда иқтисодий кўрсаткичлар билан бир қаторда аҳоли даромадларининг ҳам ошишига эришилди.

— Ҳаммамизга маълумки, таълимнинг учта таркибий қисми мавжуд: ўқув дастури, ўқитувчи ва баҳолаш. Уч компонентдан бирига устунлик бериш қанчалик тўғри? Умуман олганда, бу циклда баҳолашнинг ўрни қандай бўлиши керак?

— Ўқув дастури, ўқитувчи ва баҳолаш ҳақиқатан ҳам бир-бирига боғлиқ. Агар сизда фақатгина жуда яхши ўқув дастури бўлса, бу шунчаки қоғоз. Ўқув дастури синфда содир бўлаётган воқеалар, ўқитувчиларнинг меҳнати орқали ҳаётга татбиқ этилади. Шунингдек, ўқув дастурида ёзилганларни ўқитувчиларингиз амалда қўллаши учун уларнинг қай даражада «қуролланган"лиги жуда муҳим. Яъни ўқитувчилар сифатисиз ўқув дастури сиз кутган натижаларни бермайди.

Баҳолаш ҳам худди шундай. Агар сиз ўқитувчиларингиздан ниманидир талаб қилсангиз-у, синфда нима бўлаётганини кўриш учун кўзингиз ва қулоғингизни ёпиб олсангиз, сиз кутган натижага эришилган ёки йўқлигини кўра олмайсиз.

Баҳолаш умидлар, ғоялар қай даражада ҳақиқий натижаларга айланишини ва қаерда тузатишлар киритишингиз мумкинлигини кўриш учун ойна вазифасини ўтайди. Бу шунингдек, ўқувчиларга яхшироқ таълим олиш, ўқитувчиларга яхшироқ таълим бериш ва мактабларга жараёнларни янапда самаралироқ ташкил этишга ёрдам беради. Биз ҳеч қачон баҳолашсиз таълимда қандай натижага эришилаётганини билолмаймиз. Бошқалар ўрганиши мумкин бўлган жуда яхши натижаларни берадиган мактабларда ўқитувчиларни ҳеч қачон топа олмайсиз.

Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, баҳолаш аслида тараққиёт манбаидир. Шунинг учун сиз бунга ҳар томонлама ёндашишингиз керак.


— Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини мунтазам ошириб боришини рағбатлантириш мақсадида табақалаштирилган тўловлар жорий этилди. Шундай қилиб, ўқитувчилар билимларини синаб кўриш орқали яхши натижаларга эришиш учун кўпроқ маош оладилар. Бу ҳақда сизнинг фикрингиз қандай?

— Ҳа, молиявий қисм масаланинг бир жиҳати. Лекин менимча, биз учун табақалаштирилган мартабага эга бўлиш жуда муҳим. Агар 25 ёшда ўқитувчиликка келган одамга кейинги 25 йил давомида ҳам бугунгидек бир хил иш қиласиз деб айтсангиз, сиз уларга келажаги йўқлигини айтган бўласиз. Менимча, биз ўқитувчиларга сиз ўзингизга сармоя киритишингиз керак деб айтишимиз жуда муҳим. «Сиз ўрганишни давом эттиришингиз керак, жамият томонидан сизга қўйилган янги талабларга мослашишда давом этишингиз керак. Агар шундай қилсангиз, биз сиз учун манфаатли мартаба яратамиз. Биз сизга кўпроқ тўлаймиз». Шундан келиб чиқиб, айтишим мумкинки, бу жараёнлар жуда муҳим аҳамиятга эга.

Пировардида, ўқитувчилар ўз ҳаётига турлича қарашни бошлашади. Бир ўқитувчи айтиши мумкинки: «Мен раҳбарликка ўтишни хоҳлайман. Мен директор бўлишни хоҳлайман». Келинг, уларга ҳақиқатан ҳам ажойиб директор бўлишлари учун ёрдам ва таълим берайлик. Яна кимдир айтиши мумкинки: «Мен ўқитувчиликда қолмоқчиман. Мен педагогик тадқиқотга киришмоқчиман». Келинг, уларга бунинг учун пул ва ёрдам берайлик. Менимча, табақалаштирилган ўқитувчилик касбига эга бўлиш жуда муҳим ва бу ҳар бир бошқа касбда ҳам тўғри ёндашув ҳисобланади.

Тиббиётда кимдир жарроҳ, кимдир ҳамшира бўлади. Бизда турли хил вазифаларни бажариш учун одамларнинг фарқланган профили мавжуд. Таълимда бизда саноат ишини ташкил қилишдаги каби жуда ёмон анъана мавжуд. Биз ҳаммага бир хил муносабатдамиз. Биз ҳаммага бир хил ҳақ тўлаймиз. Бу эса мажлисда юрувчилар каби саноат менталитетини яратди. Шунинг учун мен буни ўзгартириш ҳақида доим ўйлайман. Касб — бу фарқланиш, ишнинг табиати бўйича фарқланиш, мартабадаги фарқланиш ва иш ҳақидаги фарқланиш. Лекин, аслида, менимча, иш ҳақи бу борада энг мақбул ёндашув.

— Ўқитувчилик касбининг жамиятдаги мавқеини ошириш ва умрбод малака ошириш имкониятини яратиш учун қандай маслаҳат берасиз?

— Менимча, саволингизнинг ўзида жавоб бор. Ўқитувчилар ўзларининг малакасини қанчалик кўп кўтара олса, жамият билан, ота-оналар билан боғлиқ бўлса, жамият ҳам уларнинг меҳнатини ҳурмат қилади. Кўпинча ўқитувчиларга ҳурматсизлик уларнинг нима қилаётганини билмасликдан келиб чиқади. Аслида, кўплаб ота-оналар учун мактаб ҳали ҳам қора қути бўлиб қолмоқда, чунки мактаблар кўпинча етарли эмас.

Ўқитувчилар ўз касбига интилса жамият ва мактаблар чамбарчас боғланади. Сиз Финляндияни, Эстонияни мисол қилиб келтирган эдингиз. Биласизми, бошқа мамлакатларда ўртача маошга қарамай, ҳар етти-саккиз кишидан биттаси ўқитувчилик касбини танлайдилар. Бизда катта танқислик мавжуд ва менимча, бунга сабаб сиз ўқитувчиларнинг меҳнатини юзага чиқара олмаяпсиз.

Бундан ташқари пандемия ота-оналарга болаларни ўқитиш қанчалик қийин эканлигини кўрсатди. Аслида бизнинг жамиятимиздаги энг масъулиятли касблардан бири ўқитувчиликдир, лекин биз буни билмаймиз. Пандемия ўз даврини сураётган бир пайтда кўплаб ота-оналар таълим жараёнига аралашдилар ва улар ўқитувчилар қандай фаолият билан шуғулланишларини кўрдилар. Ўйлайманки, оилалар ва ўқитувчилар ўртасида қанчалик кўп алоқа ўрнатилса, ўқитувчилик касбининг мавқеи шунчалик кўтарилади. Демак, бу ўз қўлимизда.

Ўқитувчилик касбининг мақоми ўз-ўзидан пайдо бўлмайди, деб ўйлайман. Бу ўқитувчиларнинг юриши ва мактабларда қандай фаолият юритиши, жамият эса мактаблар ишига боғланганлиги оқибатидир.

— Иқтисодий ҳамкорлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакили сифатида Ўзбекистон таълим сиёсатини такомиллаштириш учун яна қандай жиҳатларга эътибор қаратиши керак деб ўйлайсиз?

— Менимча, биринчиси ва энг муҳими, эртанги жамиятдаги кўникмаларга бўлган талабнинг эволюциясини олдиндан билиш учун мактабларда содир бўлаётган воқеаларни ва бизни ўраб турган дунёда нима талаб қилинишини ўзаро яхшироқ боғлашдир.

Ўйлашимча, ўқувчилар ҳаётининг бошида ўзларининг ҳақиқий дунёсини тасаввур қилишларига ишонч ҳосил қилишлари лозим. Сиз мактабни тугатганингизда қабул қила олмайдиган энг муҳим касбий қарорларни сиз олий таълимнинг биринчи йилида қабул қиласиз. Шу пайт сиз: «Мен буни жиддий қабул қиламанми? Бу менга тегишлими? Бу мен учун муҳимми? Мен илҳомлантирувчи одамларни, фақат мавзуни ўтказиш учун эмас, балки мен ким эканлигимни, ким бўлишни хоҳлаётганимни тушунадиган, менга илҳом бера оладиган ўқитувчиларни топаманми?» деб ўйлайсиз. Бу нарсалар ҳақиқатан ҳам катта аҳамиятга эга. Баъзида бундай фикрлар мактабдан кейинги ҳаёт босқичларида пайдо бўлиши мумкин. Кўпгина мамлакатларда ҳозир университетларни кенгайтиришга катта эътибор қаратилмоқда, аммо бу муваффақиятга олиб борадиган йўллардан бири холос. Бизда эса ёшлар учун кўплаб альтернативлар мавжуд.

Менинг юртимда касб-ҳунар таълими охирги чора эмас. Бу кўплаб ёшлар учун биринчи танлов, чунки у сизга яхши иш топиш имкониятини беради. Бу ҳақиқий дунёни таълим олами билан олдинга қараб боғлашнинг биринчи нуқтаси бўлади. Биз ўқувчиларни нафақат ўтмишимиз, балки уларнинг келажаги учун тарбиялашимиз керак.

Иккинчи жиҳат, таълимдаги инновацияларга кўпроқ эътибор қаратишдир. Таълим бу — жуда консерватив ижтимоий соҳа ва баъзида биз ота-оналар ечим эмас, муаммонинг бир қисми бўламиз. Фарзандларимиз биз тушунмайдиган нарсаларни ўрганишни бошлаганларида, биз учун муҳим бўлган нарсани энди ўрганмай қолса, биз жуда ташвишланамиз. Яхши ғояларни амалиётда қўллаш учун кўп вақт талаб этилади ва шунинг учун ҳам сиз агар сиёсатчи бўлсангиз ҳеч қачон таълим ҳисобига сайловда ғалаба қозонолмайсиз. Шунинг учун мен ўзгаришларга ҳақиқатда таъсир кўрсатаётганларни қўллаб-қувватлайдиган инновацион маданиятни яратишимиз кераклигини айтаман.

Ҳақиқатан ҳам инновацион, ижодий фикрловчи ўқитувчилар ўз касбини олға силжитмоқчи. Улар бизнинг қўллаб-қувватлашимизга лойиқдир. Атрофдаги қийин ижтимоий шароитга қарамай яхши натижаларга эришаётган мактаблар бизнинг қўллаб-қувватлашимизга арзийди. Асосий мақсадим ҳам таълимда инновациялар учун очиқроқ маданиятни яратишдир.

— Ўзбекистон таълим тизимида аксар ҳолатларда вариантли ёпиқ тестлардан фойдаланилади. Бундай тестлар самарадорликни қай даражада аниқлаб бера олади деб ўйлайсиз?

— Ушбу саволга жавоб берадиган бўлсам, кўп танловли саволлар жуда самарали. Сиз жуда қисқа вақт ичида жуда кўп саволлар беришингиз мумкин ва уларга балл бериш осон. Лекин улар кўпинча салоҳиятни намоён қилмайди. Улар сиз ҳақиқатда кўрмоқчи бўлган фикрлаш ва мулоҳаза юритиш қобилиятларини акс эттирмайди. Агар сиз тўғри жавоб олишни истасангиз, буни қўллашингиз мумкин. Агар сиз баҳолашни истасангиз, ўқувчилар ижодий фикрлай олиши, бу билимларни ҳаётда қўллай олишини исботловчи вазифаларни беришингиз керак. Ва шунинг учун, сифатли баҳолаш бир қатор вазифаларни ўз ичига олади.

Билимни синаб кўрганингизда, бир нечта танлов тестлари сизни бирор мақсадга ва натижага олиб бориши мумкин. Аммо сиз ҳақиқатан ҳам илғор даражаларга эришмоқчи бўлсангиз, янада илғор баҳолаш усулларини кўриб чиқишингиз керак. Бугунги кунда технология бунинг учун жуда кўп имкониятларни очиб беради. Агар сиз PISA тестига кирсангиз, ўқувчилардан тажриба натижаларини эслаши ёки йўқлигини сўрашдан кўра, биз уларга бу тажрибани виртуал лабораторияда ўтказишга рухсат берганимизни гувоҳи бўласиз.

Шунинг учун, менимча, технология баҳолашни янада реалроқ қилиши ва ҳақиқийликка кўпроқ эътибор бериши мумкин. Мен бу йўлнинг келажаги борлигига ишонаман. Албатта, ҳар доим баҳсли вазиятлар бўлади. Самарадорлик билан ҳақиқийликни мувозанатлаштиришингиз керак. Баъзи мураккаб тестлар баландроқ балл олишни талаб қилади, баъзида ижодий фикрлаш қобилиятларини баҳолашда ноаниқлик мавжуд. Шунинг учун биз бу ноаниқлик билан яшашни ўрганишимиз ва баҳолашни шаффофроқ қилишимиз керак. Дарҳақиқат, менимча, келажак баҳолашни ўқув жараёнига кўпроқ интеграциялашдадир.

— Кўплаб ўқитувчилар, ўқувчилар ёки ота-оналар «Ўзбекистоннинг PISA`даги ўрни қандай бўлар эди?» деб савол беришади. Улар PISA`да эгаллаган ўринларига қизиқадилар. Бу масалада сизнинг одамларга қандай маслаҳатингиз бўлади, улар PISA`га қандай қарашлари керак?

— Мен бу масалада рейтингдаги ўринга камроқ эътибор берган бўлардим. Мақсад — муваффақият учун муҳим бўлган жиҳатларни ўрганиш. Америка Қўшма Штатлари илгари таълим бўйича дунёда биринчи ўринда эди, лекин у яхшиланмади ва бугунги кунда у ўртача кўрсаткични қайд этмоқда.

Кўпгина мамлакатларда жуда яхши натижалар бор. Шунинг учун ўринга жуда кўп эътибор бериш ривожланиш тарафдан йўқотишга олиб келиши мумкин. Сиз Корея ёки Хитой тажрибасини кузатсангиз, улар илгари Вьетнам спектрининг пастки қисмида жойлашган ва ҳозир улар юқорида, чунки улар ривожланиш суръатини сақлаб қолишган. Демак, бу Ўзбекистон қанчалик тез ривожланаётганини кузатишнинг кўрсаткичида муҳим омиллар — ўқитувчилар қанчалик тез ривожланиши, ўқитувчилар ўқитишда кўпроқ малакали ёндашувга ўтиш учун амалга оширилган ўқув дастурини қанчалик тез ўзгартиришга қодир эканлиги, мактаблар ҳақиқатан ҳам яхшироқ ўрганишга эришиш учун технологияни қанчалик тез вақтда қайта лойиҳалаштираётгани ҳисобланади.

Менимча, бу жуда эҳтиёткорлик билан кўриб чиқилиши керак бўлган жараён. Узоқ муддатли истиқболда Ўзбекистоннинг келажаги шу билан боғлиқ. Баъзи давлатлар таълим тизими бошида яхши ёки баъзида унчалик ҳам яхши эмасдек туюлади. Лекин биз узоқ муддатли таълим тизимининг яхшиланиш суръати ҳақида гапирдик. Менимча, Ўзбекистон ҳақиқатдан ҳам бундай жараёнларга тайёр.

— 5 йил олдин Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ташкил этилди. Сизнингча, бу каби ташкилотлар мамлакат таълим тизими учун қандай аҳамиятга эга?

— Ўқитувчи кучига таълимнинг юраги сифатида қараш мумкин. Таълим сифати ҳеч қачон ўқитувчи сифатидан ошиб кетолмайди. Аммо назорат жараёнларнинг виждони ҳисобланади. Буни шунингдек, қайсидир маънода фикрлаш нуқтаси ҳам дейишимиз мумкин.

Биз тўғри йўналишда кетяпмизми? Ривожланиш кўрсаткичларимиз етарли даражадами? Баъзи мактабларни яхшироқ қўллаб-қувватлай оламизми? Юқори ва паст кўрсаткичли мактабларни бирлаштира оламизми? Бизнинг мақсадларимиз ва ўй-ҳаёлларимиз қай даражада ҳақиқатга айланаётганини кўра оламизми? Сиз кўзга кўринмайдиган нарсани яхшилай олмайсиз. Инспекция эса, менимча, бу ерда муваффақиятни яхшироқ кўриш учун ўта зарур.

Шунингдек, яхши фикр-мулоҳазаларни тақдим этиш, маълумотни такомиллаштириш, ўқувчиларни яхшироқ ўрганишга ёрдам бериш, ўқитувчилар ва мактаблар ўз касб мақомларини яратиш учун жуда самарали чоралар кўрилди. Шундай экан, бу нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунё бўйлаб ҳар қандай таълим тизимининг жуда муҳим қисмидир. Сиз баҳолаш маданиятига эга бўлмаган ҳолда юқори соҳа натижаларини жуда яхши таъминлайдиган ҳеч қандай таълим тизимини топа олмайсиз.

Суҳбат Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан тақдим этилган.

Маълумот учун, Андреас Шляйхернинг «Жаҳон миқёсидаги таълим: XXI аср мактаб тизимини қандай барпо этиш керак?» ва «Болаларимизнинг таълим олиши ва ўсишига кўмаклашиш» китоблари ўзбек тилига таржима қилинган.