«Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси матни meningkonstitutsiyam.uz сайтида эълон қилинди.

Конституциявий қонун лойиҳасида амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритиш, моддалар сонини 128 тадан 155 тага ошириш режалаштирилган.

Ҳужжатда президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилгача узайтириш таклифи сақланиб қолган, бу лойиҳанинг ўтган ёзда оммага эълон қилинган биринчи таҳририда келтирилган эди.

Қонун лойиҳасида бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон президенти бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоида ҳам сақланиб қолган.

Аввалроқ ёзганимиздек, ҳужжатга кўра, Конституциявий қонуннинг давлат ҳокимияти мансабдор шахсларининг ваколат муддатлари, сайланиш (тайинланиш) тартиби ва (ёки) шартларини ўзгартирувчи ва (ёки) бошқача тарзда таъсир қилувчи қоидалари ушбу Конституциявий қонун кучга кирган пайтда мазкур лавозимларни эгаллаб турган шахсларга нисбатан қўлланилиши ёзилган.

Бу мансабдор шахсларга президент, шунингдек, Қонунчилик палатаси спикери, Сенат раиси, халқ депутатлари вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар кенгашлари раислари, ҳокимлар, Олий суд раиси ва раисининг ўринбосари, Судьялар олий кенгашининг раиси ва унинг ўринбосари, Марказий сайлов комиссияси раиси ва бош прокурор киради.

Сайловнинг янги шартлари ва ваколат муддати жорий этилган Конституциявий суднинг амалдаги судьялари ўзлари сайланган муддат тугагунга қадар ўз ваколатларини амалга оширишда давом этади. Конституциявий суд судьяларининг бўш ўринлари Конституциянинг янги таҳририда белгиланган тартибда тўлдирилади.

Конституциянинг янги таҳрири 30 апрелга белгиланган референдум натижалари Марказий сайлов комиссияси томонидан расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши керак.

Бир кун аввал — 14 март куни Олий Мажлис Сенати Конституциявий қонунни ва уни умумхалқ референдумига қўйишни маъқуллаган эди. Сенаторларнинг 80 нафари қонунни маъқуллашга овоз берган, 1 нафари бетараф қолган, 2 нафари овоз беришда иштирок этмаган.