Сўнгги ҳафталарда энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири — бу президент томонидан селектор йиғилиши пайтида кўтарилган хорижий тилларни ўқитиш сифати масаласи бўлди. Мазкур соҳада вазиятни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар эълон қилинди: халқаро тил сертификатларига эга бўлган ўқитувчиларга устама ҳақлари жорий этиш; янги (ёки қайта) ишга қабул қилинган ўқитувчилар учун миллий ва халқаро тил сертификатига эга бўлиш лозимлиги талабини жорий этиш; юқори балл олган ўқитувчилар учун ўқиш харажатларининг бир қисмини қоплаш; хорижий тилларни ўқитиш сифатини ошириш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳар учун маблағ ажратиш; чет эллик ўқитувчиларни жалб қилган ҳолда ихтисослаштирилган мактабларни очиш; хорижий тилларни билиш бўйича энг яхши кўрсаткичларга эришган мактабларни рағбатлантириш учун президент мукофотини жорий этиш.

Ҳар бир мактаб битирувчиси иккита хорижий тилни мукаммал билиши лозимлиги ҳақида гапирилди. Халқаро талабларга жавоб берадиган дарсликлар ва методикаларни жорий этиш, шунингдек, ОТМларда ихтисослик фанларни хорижий тилларда ўқитиш зарурлиги таъкидланди. Шу билан бирга, давлат идораларига ишга қабул қилиш ва янги лавозимларга тайинлашда хорижий тилни билишни мажбурий талаб сифатида жорий этиш ҳамда хорижий тилни чуқур биладиган ходимларга қўшимча устама тўлови жорий этиш мақсадлари борасида сўз юритилди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташкил этилиши эълон қилинди.

Эълон қилинган кўплаб чора-тадбирлар Президентнинг «Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида ўз аксини топди. Бироқ, хорижий тилларни ўқитиш сифатини оширишга уринишлар бир қанча вақт олдин — Президентнинг 2012 йил 10 декабрдаги «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги кенг кўламли қарори асосида ҳам амалга оширилган эди. Ўша давр матбуотида бот-бот кўзга ташланган «ушбу қарорнинг муваффақиятли ҳаётга татбиқ қилинаётганлиги» тўғрисидаги «ажойиб» маърузалар ва ҳисоботларга қарамай, ҳалигача, давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беришича, «жойлардаги аҳвол мақсад қилинган катта режаларга мос эмас».

Балки янги қадамларни босишдан олдин аввалроқ босиб ўтилган йўлга назар ташлаш, таҳлилини қилиш керакдир? Ахир, ўзбек адабиётининг буюк намоёндаси Абдулла Қодирий ёзганидек, «мозийга қайтиб иш кўриш хайрлик, дейдилар».

Хорижий тиллар ўқитувчилари: сертификат кўринишидаги «қамчи» ва устама кўринишидаги «асал»

Маълум қилинишича, 53 минг хорижий тил ўқитувчисидан атиги 4 фоизида миллий ва халқаро тил сертификати мавжуд. Мактаблардаги 11 минг хорижий тил ўқитувчисининг деярли ярми тест синовларидан ўта олмаган.

Президентнинг юқорида эслаб ўтилган 2012 йилдаги қарори билан хорижий тил ўқитувчиларига ойлик устамалар белгиланган эди. Давлат тест маркази (ДТМ) таркибида махсус бошқарма ташкил этилган эди ва ўқитувчиларни тест синовидан ўтказиш мазкур бошқарманинг вазифаларидан бири этиб белгиланган эди. Устамалар айнан шу тест натижалари асосида тайинланади.

Ушбу тестларни муваффақиятли топширган ўқитувчиларнинг улуши жуда пастлиги сабабли устама олиш учун тест натижаларига қўйиладиган талаблар юмшатилди. Шунингдек, ўқитувчилар учун оммавий ҳафталик ўқув курслари ташкил этилди, уларда кўплаб ўқитувчилар таҳсил олишди, бунинг учун бюджетдан озмунча маблағ сарфланмаган бўлса керак. Аммо, шунча саъй-ҳаракат билан натижа мақтангудек эмас — хорижий тиллар ўқитувчиларининг ярми ўзлари ўқитаётган хорижий тилни талаб даражасида билмайди. Бунинг сабаби нимада?

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020 йилда таълим соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 1,9 миллион сўмни ташкил этган, ваҳоланки норасмий истеъмол савати 2,1 миллион сўмга тенг дейилмоқда. Инфляция даражаси 11,1 фоизни ташкил этган бир пайтда иш ҳақи 2019 йилга нисбатан атиги 7,4 фоизга ошган. Қўмита маълумотларига кўра, устамалар, иш ҳақи, рағбатлантириш тўловлари, компенсация тўловлари ва ишламаган вақт учун тўловлар ҳам шу 1,9 миллионнинг ичига киради. Ҳали бу маблағдан жисмоний шахсларнинг даромад солиғи ва касаба уюшма жамғармасига ажратмалар ушлаб қолинишини ҳисобга оладиган бўлсак, вазият кишини у қадар хурсанд қилмайди.

Ҳали бу иш ҳақини олиш учун мактаб ўқитувчиси ҳафтасига 20 соат дарс ўтиши ва 16 соат дарсдан ташқари ишларни бажариши, олий таълим ўқитувчиси эса ўқув йили давомида камида 400 соат аудиторияда дарс ўтиши керак. HeadHunters ёки IshKop сайтлари маълумотларига кўра, худди шу ўқитувчи, миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлса, хусусий марказларда 10−15 миллион сўмгача пул топиши мумкин. Шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, давлат мактабида ёки ОТМдаги ва ўқув марказидаги шароитларни (гуруҳдаги талабалар сони, қоғозбозлик, дарсликларнинг сифати, услубий ва техник жиҳозланганлик даражаси, ҳафталик иш ҳажми) одатда бир-бири билан солиштириб бўлмайди.

6 март куни бўлиб ўтган йиғилишда қатъий топшириқ берилди: яқин уч йилда 53 минг мактаб ўқитувчиси халқаро тил сертификатларини олишлари шарт. Савол туғилади: халқаро сертификатга эга бўлгандан кейин уларнинг қанчаси мактабларда қолади? Ахир, президентнинг янги қарорига биноан энди С1 даражали сертификатларга эга ўқитувчиларга ҳар ой бериладиган 50 фоизли устама тўлови билан қўшиб ҳисоблаганда ҳам мактаблардаги иш ҳақи хусусий марказлардаги иш ҳақидек жозибадор бўла олмайди, бунинг устига иш шароитлари, юқорида таъкидлаб ўтилганидек, тубдан фарқ қилади.

Агар биз таълимнинг давлат сектори малакали ўқитувчилар учун жозибадор бўлишини истасак, авваламбор иш шароити ва иш ҳақи ўз ишини пухта биладиган мутахассислар учун рақобатбардош бўлиши керак.

Бу нафақат хорижий тиллар ўқитувчилари, балки барча фанларга тегишли. Ахир, масалан, она тили, математика ёки табиий фанларни яхши биладиган ва болаларда билим олишга иштиёқни уйғота оладиган ўқитувчининг меҳнати жамият учун хорижий тил ўқитувчиси меҳнатидан кам аҳамиятли эмас, тўғрими? Шунингдек, малака ошириш ва касбий ўсиш учун ҳам «хўжа кўрсин»га эмас, балки реал эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда шароитлар яратилиши керак.

Янги (ёки қайтадан) ишга қабул қилинадиган ўқитувчилар учун миллий ва халқаро тил сертификатига эга бўлиш мажбурий талаб сифатида белгиланиши режалаштирилмоқда. Хўш, унда филологик йўналишдаги ОТМларнинг дипломи бир парча қоғозга айланадими? Ахир, амалдаги давлат стандартларига мувофиқ, бўлажак хорижий тиллар ўқитувчилари тайёрланадиган филологик йўналишдаги ОТМлар битирувчилари тилни С1 даражасида билиши керак экан, бу — назарий жиҳатдан — филолог дипломига эга шахснинг тилни талаб даражасида билишини англатмайдими?

Ушбу талаб бажариляптими ўзи? Битирувчига таълим муассасаларида хорижий тилдан дарс беришга рухсат берувчи диплом берилишидан олдин унинг ҳақиқатда С1 даражага эга эканлиги қандай текшириляпти? Модомики хорижий тил ўқитувчиси ўзи ўқитаётган тилни керакли даражада билиши керак экан, унда касбий фаолиятга рухсат берувчи ҳужжат беришдан олдин ушбу талабнинг бажарилишини текшириш мантиқан тўғри бўлмасмиди? Ишга кираётганда тил сертификатини талаб қилиш филолологик йўналишдаги ОТМлар битирувчиларига нисбатан адолатсизлик бўлмайдими, ахир, математика ёки тарих факультети битирувчисини ишга олиш учун математика ёки тарихни талаб даражасида билиши тўғрисидаги сертификат талаб қилинмайди-ку?

Танганинг иккинчи томонини кўриб чиқамиз. Тил сертификати фақат тилни билиш даражасини кўрсатади, аммо ўқитувчининг касбий маҳоратини кўрсатмайди. Дейлик, IELTS имтиҳонидан 7.0 ёки ундан юқори натижага эга бўлиш, киши инглиз тилини ўқитиш методикасини билишини, синфни бошқара олишини ва ўқувчиларни руҳлантира билишини англатмайди — акс ҳолда, бундай сертификатга эга мактаб ўқувчиси ҳам синфга кириб, тенгдошларига дарс бериши мумкин бўлар эди. Аммо ҳозирча на бўлажак ўқитувчилар учун ўқув дастуридаги 270 кредитдан атиги 9 кредит ажратилган «Педагогика» ва «Методика» фанларининг эскирган мазмунини қайта кўриб чиқиш ва на педагогик маҳоратни тасдиқловчи халқаро сертификатларга эга ўқитувчиларни рағбатлантириш тўғрисида ҳеч бир сўз юритилмаяпти.

Фанни билиш ва уни ўқита билиш — ҳар хил тушунчалар. Хорижий тил ўқитувчиси учун хорижий тилни билиш, масалан, математик учун — математикани билиш ёки тарихчи учун — тарихни билиш каби табиий ҳолатдир, чунки аслида филология ёки хорижий тилга ихтисослашган ОТМ битирувчиси учун бу шунчаки хорижий тил эмас, балки унинг мутахассислиги, «нони"дир. Педагогика, таълим психологияси, ўқитиш методикаси, баҳолаш сингари фанлар ўқитувчиларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда асосий фанлардан бўлиши керак ва ушбу фанларнинг мазмуни педагогика фанининг замонавий тенденцияларига мос келиши керак. Ўқитувчиларни рағбатлантиришда нафақат фан бўйича билимларини, балки дарс бериш маҳоратини ҳам ҳисобга олиш керак.

Мактаб битирувчиси учун иккита тилни мукаммал билиш — уддалаб бўлмас вазифа (ми)?

Эндиликда, мактаб, лицей, коллеж ва ОТМнинг ҳар бир битирувчиси камида иккита хорижий тилни мукаммал билиши шартлиги таъкидланди. Мукаммал деганда CEFR шкаласи бўйича камида С1 даражаси тушунилади, ваҳоланки, амалдаги стандартлар мактаб ёки лицей битирувчисидан тилни В1 даражасида билишини талаб қилади. Бундан ташқари, Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган рус тили (таълим рус тилида олиб борилмайдиган мактаблар учун) ва хорижий тиллар бўйича миллий ўқув дастурлари лойиҳаларида ҳам ушбу тилларни мактабда В1+ даражасигача ўқитиш назарда тутилган.

2012 йилги қарордан кейин хорижий тиллар мактабларда 1-синфдан ўқитила бошланган эди. Амалдаги мактаб ўқув режасида 11 йил давомида хорижий тилни ўрганиш учун 984 соат ажратилган.

Кембриж университети тавсияларига қарайдиган бўлсак, ўрта мактаб ўқувчиси яхши ўқитувчи ёрдамида инглиз тилидан В2 даражасига эришиши учун 750дан 950гача аудитория соати талаб қилинади. Қизиғи шундаки, агар ўрта мактаб ўқувчиси А1 даражасига (бошланғич даражанинг биринчи босқичи) эришиши учун 200 соатгача вақт талаб қилинса, бошланғич синфлар ўқувчисига худди шу даражани эгаллаш учун 440 соат керак бўлади. Бу эса амалдаги ўқув режаси билан ўқувчи А1 даражасини энг яхши вазиятда 6-синф охиридагина эгаллаши мумкинлигини англатади.

Ҳар бир кейинги (қийинроқ) даражани ўзлаштириш аввалги даражага нисбатан кўпроқ соат талаб этишини ҳисобга олсак, мактаб якунига қадар тилни мукаммал билиш — ота-оналарнинг репетитор ёки хусусий марказларда қўшимча машғулотлар ўтказиш учун молиявий харажатларисиз амалга ошадиган вазифа эмас. Бундан ташқари, мактаб ўқув дастурига нафақат тиллар, балки бошқа фанлар ҳам киритилганини, уларнинг ҳар бири болалар ривожланиши учун аҳамиятли эканини унутмайлик.

Шу нуқтаи назардан, бошланғич мактабда — болалар ҳали ўз она тилидаги матнларни тушунишда муаммоларга дуч келаётган пайтда уларга учта ёки ҳатто тўртта тилни ўқитиш самара берадими ёки эҳтимол, хорижий тилларни ўқув дастурига ўрта мактабда киритиб, бир даражани ўзлаштириш учун камроқ вақт сарфлаган мақулроқми? Бу масалага популизм нуқтаи назаридан ёндашмасдан, илмий асосланган жавоб қидириб кўриш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Эсимда, илгари хорижий тилларни 5-синфдан бошлаб ўрганишни бошлашарди. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) ва Жаҳон банкининг мазкур масала бўйича Қирғизистонга берган тавсиялари тўғрисида эса илгарироқ ёзгандим.

Методика, дарсликлар, баҳолаш тизими — «эски ҳаммом, эски тос» (ми)?

Муаммо нафақат тилларни ўрганишга ажратилган соатларда, балки методикада, дарслик ва ўқув қўлланмаларда, шунингдек, баҳолаш тизимида ҳамдир.

Чет тиллари тўғрисидаги 2012 йилги қарорнинг муқаддимасида бундай дейилган эди: «Чет тилларни ўрганишни ташкил қилишнинг амалдаги тизимини таҳлил этиш шуни кўрсатмоқдаки, таълим стандартлари, ўқув дастурлари ва дарсликлар замон талабларига, хусусан, илғор ахборот ва медиа-технологиялардан фойдаланиш борасидаги талабга тўлиқ жавоб бермаяпти. Таълим асосан анъанавий услубларда олиб борилмоқда». Шундан сўнг, CEFR — Чет тилларини билишнинг Умумевропа талаблари асосида янги таълим стандартлари қабул қилинди, янги дарсликлар нашр этилди ва чет тиллари бўйича миллий тест тизими жорий этилди.

2012 йилги қарор билан кейин чет тилларини ўрганишни янада ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилган эди. Ушбу кенгашнинг вазифаларидан бири чет тиллари бўйича дарсликлар учун муаллифлик гуруҳларини тасдиқлаш эди. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети эса ушбу кенгашнинг ишчи органи этиб белгиланган эди. Энг қизиғи, университет ҳузуридаги Инновацион методикаларни ривожлантириш Республика илмий-амалий маркази ходимлари инглиз тили бўйича янги мактаб дарсликларининг муаллифлари сифатида жалб қилинганлиги ҳақида олдин ҳам ёзган эдим. 2020 йилда нашр этилган янги 8-синф дарслигини варақлаб кўрайлик.

8-синф ўқувчиси, амалдаги стандартларга мувофиқ, тилни А2 даражасида — бошланғич даражанинг иккинчи босқичида ўрганаётган бўлади. Бу даража таниш ёки кундалик мавзулар бўйича оддий маълумот алмашиш билан боғлиқ вазифаларни бажариш, шунингдек, содда сўзлар ёрдамида ўзи, оиласи ва дўстлари ҳақида, кундалик ҳаётнинг асосий жиҳатлари ҳақида гапириб бера олишни назарда тутади.

Бу даража учун дарсликда танланган мавзулар анчайин «қизиқарли»: урф-одатлар ва анъаналар, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, экология… А2 даражада сўз бойлигига эга ўқувчи қандай қилиб бундай нисбатан мавҳум мавзулардаги матнларни тушуниши ва бу мавзулар доирасида мулоқот қила олиши тушунарсиз. Мазкур саволга жавобни ушбу дарсликнинг ўқитувчи учунметодик қўлланмасидан топишга уриниш самара бермади: бу дарслик асосидаги ўқитувчи китоби ўрнига ХТВ дарсликлари порталида бутунлай бошқа, 2014 йилда нашр этилган ва ҳозирда истеъмолдан чиққан дарслик асосидаги ўқитувчи учун методик қўлланма жойлаштирилган.

Президент матбуот хизмати янги ташкил этиладиган хорижий тилларга ихтисослашган мактабларга чет элда ишлаб чиқарилган дарсликлар, илғор ўқув дастурлари ва метдикаларни танлаш эркинлиги берилишини маълум қилади. Савол туғилади: нима учун барча мактаблар ўқитувчиларига ўз ўқувчиларига мос келадиган методика ва қўлланмаларни танлаш эркинлигини бериш мумкин эмас? Ахир хусусий марказлар ва репетиторлар халқаро нашриётлар чоп этган китоблар ёрдамида дарс ўтиб, натижаларга эришмоқдалар-ку. Бундан ташқари, соғлом рақобат маҳаллий муаллифлар ва нашриётларни ўз китобларининг методик сифатига кўпроқ эътибор қаратишга мажбур қилган бўлармиди.

Тил билиш, биринчи навбатда, коммуникатив компетенцияларни эгаллаш деганидир. Тил оғзаки ва ёзма нутқни тушуниш, шунингдек, оғзаки ва ёзма равишда мулоқот қила олиш учун ўрганилади, луғат бойлиги ва грамматикани билиш эса тушуниш ва мулоқот учун хизмат қилиши керак. Лексик ва грамматик билимлар коммуникатив компетенциялар орқали текширилиши мумкин, яъни инсоннинг оғзаки ва ёзма матнларни қай даражада тушуниши, ёзма ва оғзаки нутқинини баҳолаш орқали унинг сўз бойлиги ва грамматик билимлари тўғрисида хулоса чиқариш мумкин.

Аксинча бўла олмайди: луғат ва грамматикани баҳолаш коммуникатив компетенциялар ҳақида тўлиқ маълумот бермайди — инсон грамматика қоидаларини яхши билиши, кўп сўзларни ёдлаган бўлиши, аммо нутқни тушунмаслиги ва мулоқот қила олмаслиги мумкин. Айнан шунинг учун ҳам хорижий тиллар бўйича халқаро миқёсда тан олинган барча имтиҳон тизимлари — инглиз тили бўйича IELTS, TOEFL ёки Cambridge Exams, немис тили бўйича TestDAF ёки Goethe-Zertifikat, француз тили бўйича DELF ёки DALF ва бошқалар — айнан нутқ малакаларини текширади.

Бизнинг хорижий тиллар бўйича баҳолаш тизимимиз асосан грамматика ва сўз бойлигини текширишга қаратилган — 2012 йилдаги қарордан олдин ҳам шундай эди, ундан кейин ҳам шу ҳолича қолди. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси хорижий тиллар ўқитувчиларини аттестациядан ўтказишда коммуникатив компетенцияларни текширмайди. ДТМнинг ОТМга кираётган абитуриентлар учун мўлжалланган тестлари ҳам грамматикани, сўз бойлигини ва қисман ўқишни текширишга қаратилган, бунинг устига, мазкур тестларнинг валидлиги — тил даражасини баҳолашга яроқлилигини тасдиқлайдиган илмий тадқиқот натижалари ҳалигача эълон қилинмаган.

Баҳолаш тизимининг таълимга таъсири — «washback эффекти»ни ҳисобга олсак (олдин ҳам бу ҳақда бир неча марта ёзганман), бизнинг ўқитувчиларимиз ва ўқувчиларимиз қайси артиклни қаерга қўйишни хорижликлардай билишлари мумкиндир, лекин аксар ҳолларда мулоқот қилишда ва тушунишда муаммоларга дуч келишади.

Чет тиллари бўйича миллий тест тизими мазкур ҳолатни ўзгартиришга ёрдам бериши мумкин эди. Айнан «эди»: кўпчилик абитуриентлар бу тизимда имтиҳон топширишга қизиқаётган бир пайтда абитуриентларга қўйиладиган талаблар ўзгартирилди, эндиликда фақат В2 ёки ундан юқори даражадаги сертификат абитуриентни ОТМга кириш пайтида чет тили тестларидан озод қилиши белгиланди ва натижада кўпчиликнинг бу тизимга қизиқиши йўқолди. Бу қарор ҳали муҳокама қилинаётганидаёқ бундай ўзгаришларнинг эҳтимолий оқибатлари тўғрисида ёзган эдим. Ахир В2 даражаси абитуриент учун анчагина юқори даража ҳисобланади ва мактаб ўқув дастури бу даражага эришишни умуман кўзда тутмайди.

Миллий сертификат эгалари сони тўғрисидаги маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, талабгорларнинг атиги 9 фоизи В2 ва ундан юқори даражадаги миллий тизим тестларидан ўта олишган, 2019 йилда ўзбекистонликларнинг IELTS имтиҳони бўйича ўртача натижалари эса атиги 5,7 баллни ташкил этган — бу, масалан, Россия, Украина ёки Қозоғистонга нисбатан пастроқ.

Йиғилишда ОТМларда фанларни чет тилида ўқитиш ҳақида ҳам сўз юритилди. Худди шу вазифа — олий ўқув юртларида айрим махсус фанларни, хусусан, техник ва халқаро мутахассисликлар бўйича ўқитишни чет тилларда олиб бориш — 2012 йилги қарорда ҳам белгиланган эди. Аммо мутахассислик фанларини хорижий тилда муваффақиятли ўзлаштириш учун талаба маърузалар, ўқув ва илмий адабиётларни тушуниши ва ушбу тилда курс ишларини ёза олиши керак. Амалдаги тест тизими эса мутахассислик фанларини хорижий тилда ўзлаштиришга тайёр абитуриентларни танлаш имконини бермайди — бундай вазиятда талаба на тилни ва на ўз мутахассислигини ўзлаштириша олади. Махсус фанларни хорижий тилларда ўқита оладиган мутахассислар ҳам, президент келтирган рақамларга қараганда, унчалик кўп эмас ва бори ҳам, катта эҳтимол билан, иш ҳақи юқорироқ, ҳар хил «бошоғриғи» эса камроқ бўлган хусусий ОТМларда ёки чет эл ОТМларининг филиалида ишлашни афзал кўришади.

Ўқитиш тизими самарали бўлиши учун «стандартлар-методика-баҳолаш» учлиги ҳамоҳанг ишлаши зарур. Стандартлар бир талабни илгари суриб, методика бошқа томонга йўналтирилиб, баҳолаш тизими эса бутунлай бошқа нарсани текширса, муваффақиятга эришиш мумкин эмас, буни 2012 йилда қабул қилинган қарордан кейинги амалиёт ҳам исботлади. Мазкур муаммони ҳал қилиш учун комплекс ёндашув талаб этилади. Дарсликлар ҳамда тест синовлари соҳаларини монополиядан чиқариш эса рақобат муҳитини яратиш орқали таълимнинг асосий таркибий қисмлари уйғунлигини таъминлашга, шу йўл билан таълим сифатини, хусусан, хорижий тилларни ўқитиш сифатини оширишга ёрдам бериши мумкин.

Агентлик, каналлар, маблағлар: бюджет тайёрми?

Президент қарори билан, шунингдек, янги давлат органи — Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташкил этилди. Унинг пойтахтда марказий аппарати ва вилоятларда филиаллари бўлади. Агентлик хорижий тилларни ўқитишнинг халқаро тан олинган дастур ва дарсликлари таълимнинг барча босқичларида жорий этилишини мувофиқлаштиради, талаб юқори бўлган хорижий тилларни ўқитишни ташкиллаштиради, аҳолининг барча қатламларига мос бўлган тилни ўрганиш бўйича услубиёт ва тавсияларни ишлаб чиқишни мувофиқлаштиради ҳамда ўргатувчи контент — видеороликлар, ўйинлар, кўнгилочар дастурлар, фильмлар яратади. Бундан ташқари, у давлат тилидан хорижий тилларга ва хорижий тиллардан давлат тилига профессионал таржима қилиш услубиётларини яратиши ва ҳудудлар, тармоқлар, давлат органлари ва таълим ташкилотлари кесимида хорижий тилларни билиш рейтингини тузиши керак.

2012 йилги қарор қабул қилинганидан сўнг ҳам бир қатор органлар — чет тилларини ўрганишни янада ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш, ЎзДЖТУ ҳузуридаги Инновацион методикаларни ривожлантириш бўйича республика илмий-амалий маркази, ДТМ таркибидаги Чет тилларни билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бошқармаси ташкил қилинган эди. Хўш, янги ташкил қилинаётган агентликнинг вазифаларини мавжуд давлат идоралари бажара олмайдими?

Хорижий тилларни ўқитишнинг халқаро тан олинган дастур ва дарсликлари таълимнинг барча босқичларида жорий этилишини мувофиқлаштириш — бу таълимни бошқарувчи органлар — МТВ, ХТВ ёки Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларининг, шунингдек, таълим муассасаларининг бевосита вазифаси эмасми? Нима учун ўқувчилар ёки талабалар билан бевосита ишлайдиган ўқитувчига ўз аудиториясига мос дастурлар ва дарсликларни танлаш ҳуқуқини бера олмаймиз? Ахир, юқорида таъкидлаганимдек, ўқув марказларидаги ўқитувчилар ва репетиторлар ўзлари мижозларнинг талабларидан келиб чиқиб, дарсликлар ва методикаларни танлайдилар ва бу вазифани жуда яхши уддалашяпти. Янги орган таълим муассасалари учун буйруқлар юборадиган ва ҳисоботлар талаб қиладиган яна бир «хўжайин»га айланиб қолмайдими?

Талаб юқори бўлган хорижий тилларни ўқитишни ташкиллаштириш — бозор шароитида табиий равишда талаб бўлган жойда таклиф пайдо бўлиши керак эмасми? Бундан ташқари, агентлик қандай қилиб ўқитишни ташкиллаштириши ҳам ноаниқ — ўқув марказларини очиб, хусусий сектор билан рақобатлашадими? Аҳолининг барча қатламларига мос бўлган тилни ўрганиш бўйича услубиёт ва тавсияларни ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш — бу каби методикалар аллақачон хорижлик методист олимлар ва дарсликлар муаллифлари томонидан халқаро бозорни ҳисобга олган ҳолда яратилмаганми?

Масалан, Оксфорд, Кембриж, Лонгман, Макмиллан каби халқаро нашриётларнинг каталогларида мактабгача ёшдаги болалардан тортиб турли соҳалар мутахассисларига қадар ҳар қандай ёшдаги ўрганувчига инглиз тилини ўқитишга мўлжалланган дарсликларни, шунингдек ўқиш ва ўқитишнинг турли жиҳатлари бўйича профессионал адабиётларни топишингиз мумкин.

Ўргатувчи контентни яратиш — ҳозирги кундаги хорижий тилларни ўрганиш учун пуллик ва бепул юқори сифатли видео ва мобил контент ҳаддан ортиқ кўп бўлган бир вақтда бу масала қанчалик долзарб? Давлат тилидан хорижий тилларга ва хорижий тиллардан давлат тилига профессионал таржима қилиш методикасини яратиш — унда ихтисослаштирилган ОТМлар ва илмий-тадқиқот институтлари нима билан шуғулланади? Таълим ташкилотлари кесимида хорижий тилларни билиш рейтингини юритиш, агар бу каби рейтинг ҳақиқатан ҳам зарур бўлса — нима учун таълим муассасалари рейтингини ўтказиш бўйича тажрибага эга бўлган Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси буни қила олмайди, ахир, чет тилларини ўқитиш сифати умумий таълим сифатининг бир бўлаги эмасми?

Баъзи оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига уч ой ичида хорижий тилларда кечаю-кундуз эфирга узатиладиган янги телерадиоканалларни ишга тушириш тўғрисида кўрсатма берилганлиги ҳақида хабар берилди. 2012 йилги қарорда қуйидагиларни ўқиймиз: «Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Давлат алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари қўмитаси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги қуйидагиларни таъминласин… телевидение, шу жумладан маҳаллий телеканаллар орқали болалар ва ўсмирларни хорижий тилларга ўргатиш бўйича кўрсатувлар тайёрлаш ҳамда уларни трансляция қилиш, хорижий бадиий ҳамда мультипликациявий фильмларни ўзбек тилидаги субтитр ёрдамида, мунтазам кўрсатиб боришни амалга ошириш».

МТРКнинг 13 та марказий каналидан бирортасида хорижий тилларда фильмлар ва кўрсатувларнинг тизимли трансляцияси мавжудми? Рақамли телевидение кўрсатувларни бир вақтнинг ўзида бир нечта тилда ва субтитрлар билан эфирга узатиш имконини беради. Балки янги каналларни очиш ўрнига бор имкониятлардан самарали фойдаланиш керакдир?

Маҳаллий ҳокимларга маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ҳар бир туман ва шаҳар учун хорижий тилларни ўқитиш сифатини ошириш мақсадида 1 миллиард сўм ажратиш топширилди. Қарорда, шунингдек, уларга ўз ҳудудларида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш мақсадида «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш ва татбиқ қилиш топширилди.

Шу ўринда, Молия вазирлигининг давлат бюджети маблағларини ўзлаштириш ва маҳаллий бюджетдаги молиявий ҳуқуқбузарликларнинг ўсиши тўғрисидаги хабари, шунингдек, президентнинг «бизни ҳанузгача таъқиб қилаётган коррупция» ва лойиҳаларни амалга оширишдаги кўзбўямачиликлар тўғрисидаги сўзлари беихтиёр ёдга келади. Хорижий тилларни ўқитиш сифатини ошириш учун ажратилган маблағлар қандай сарфланади, ҳокимлар «сифатни яхшилаш» деганда айнан нимани тушунадилар, маблағлардан мақсадли фойдаланиш устидан назорат қандай амалга оширилади — буларнинг барчаси ҳақида обдон ўйлаш лозим.

Қарордаги яна бир қизиқ жиҳат. 2022 йилдан бошлаб давлат органларига ишга қабул қилиш ва юқори лавозимга тайинлаш учун хорижий тилни билиш талаб қилинади. Давлат хизматига даъвогар чет тилини қай даражада билиши керак? Рус тилини билиш «чет тилини билиш» ҳисобланадими? Агар ходимнинг лавозим вазифалари бажариши учун хорижий тилларни билиш керак бўлмаса-чи? Биз хорижий тилни ўрганмаган, лекин ўз ишининг усталари бўлган мутахассисларни йўқотиб қўймаймизми?

Эсингизда бўлса, давлат идораларига мурожаатлар фақат давлат тилида бўлиши керак, деган таклиф билан чиққан партия раҳбари ўз фикрини шундай изоҳлаган эди: Ўзбекистонда давлат идораси ходимига давлат тилидан бошқа тилни билиш талаб қилинмайди. Давлат идоралари ходимларига қўйилаётган янги талаб ҳақида мазкур партия раҳбари фикрини билиш ҳам қизиқ бўлар эди.

Ўйлайманки, бозор шароитида энг яхши сифатни таъминлаш механизми — бу «талаб ва таклиф занжири». Яъни, шахсий, таълимий ёки касбий мақсадларда хорижий тилларни ўрганишга бўлган табиий эҳтиёж ва бу эҳтиёжни қондириш учун мос методика, китоблар, ўқув муассасалари, тест тизимларини танлаш имконияти. Давлатнинг вазифаси эса — адолатли, очиқ, соғлом рақобат учун тенг имкониятларни таъминлаш ва сифат талабларига риоя этилишини холис назорат қилишдир. Амалиёт шуни кўрсатадики, давлат аралашуви ва маъмурий чоралар ҳар доим ҳам соҳани ривожлантиришга ёрдам бермайди.

Муаллифнинг фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.