Таълим — ҳар қандай жамият тараққиётининг ҳал қилувчи омили саналади. Фаровон турмушга эришиш йўлидаги рақобат курашида таълимни қурол қилган мамлакатлар илгарилаб бораверади. Фақат фаровонликда таълимнинг аҳамияти турли жамиятларда турли даврларда англаб етилади.

Вьетнамда таълим тизимининг ривожланиш тарихини кўриб чиқар экансиз, Ўзбекистондаги таълим тизимига ўхшаш маълум бир жиҳатларга гувоҳ бўлиш мумкин. Хусусан, тарихдаги омма учун ташкил этилган қишлоқ мактаблари, тўрт босқичли таълимнинг кириб келиши, таълимнинг узоқ йиллар маҳаллий бўлмаган тилда олиб борилиши, умумий мажбурий таълимда совет моделининг жорий этилиши, ислоҳотларнинг дастлабки йилларида юзага чиққан муаммолар, синфларда ўқувчилар сонининг меъёридан ортиқлиги ва ҳоказо. Бироқ, таъкидлаш жоизки, Вьетнамда чин маънодаги таълим тизими Ўзбекистондагига нисбатан кеч қурилган. Шунга қарамай, сўнгги 20−30 йиллик давр ичида таълимни ислоҳ қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларининг самараси яққол намоён бўла бошлади.

Хусусан, 2018 йилда Вьетнам Жаҳон банки томонидан эътироф этилган дунё бўйича таълимда илғор мамлакатлар ўнталигидан жой олди. Тадқиқотларга кўра, 1960 йиллардан кейин аксарият ривожланаётган мамлакатлар таълим тизими ривожланишда орқага кетгани ҳолда, Вьетнам таълимда барқарор ривожланишни сақлаб қолган кам сонли мамлакатлардан бири ҳисобланади.

2012 йилдан бошлаб Вьетнам Халқаро ўқувчиларни баҳолаш дастури (Program for International Student Assessment, PISA)да иштирок этиб, 15 ёшлиларнинг ўқиш, математика, айниқса, табиий фанлардаги саводхонлиги бўйича таълимда илғор ривожланган давлатлар билан бир қаторда етакчи 20 таликдан ўрин олиб келмоқда.

Маълумот учун: Вьетнам 2018 йилги тестларни кам сонли давлатлар қаторида қоғозда топширганлиги сабабли, шу йилги натижалар PISA натижаларига бағишланган ҳисоботда акс этмаган.Маълумот учун: Вьетнам 2018 йилги тестларни кам сонли давлатлар қаторида қоғозда топширганлиги сабабли, шу йилги натижалар PISA натижаларига бағишланган ҳисоботда акс этмаган.

Таълимни ислоҳ қилиш ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш йўлидаги биз каби жамиятлар учун таълимда муваффақиятга эришган турли мамлакатлар тажрибаси ҳамиша қизиқ бўлган. Шуни эътиборга олган ҳолда, бугун Вьетнамнинг таълимда эришган ютуқлари ва асосий муваффақият омиллари ҳақида ҳикоя қиламиз.

«Саводсиз халқ — кучсиздир»

Таълимни рағбатлантириш ва ўқитувчиларга алоҳида эҳтиром кўрсатиш Вьетнам халқининг анъанавий қадриятларидан саналади. Асрлар давомида Вьетнам жамиятида ўқитувчининг мавқеи ота-оналарникидан юқори ва фақат қиролникидан пастроқ бўлган, деган тушунча мавжуд эди. Мамлакатнинг таълимдаги бугунги ютуқларида ана шу азалий қадриятлар, таълим ривожи йўлида давлат ва жамиятнинг биргаликда кўрсатган иродаси ва масъулияти муҳим рол ўйнаган бўлса ажаб эмас.

Вьетнам таълим тизими феодал тузумдан то ҳозирги давргача бўлган узоқ йиллик ривожланиш тарихига эга.

Феодал даврларда Вьетнамда таълим хусусий мактаблар, давлат мактаблари ва қироллик мактабини ўз ичига олган. Хусусий мактаблар асосан чекка ҳудудлар, хусусан, қишлоқларда оддий ўқитувчилар томонидан кенг омма учун ташкил этилган бўлса, давлат мактаблари асосан шаҳар аҳолиси ва ҳукумат расмийлари учун хизмат қилган. Таълимнинг асосий мақсади — давлат хизмати учун иқтидорли кишиларни саралаб олиш сифатида кўрилган.

Кейинчалик, Вьетнам 1884 йилда Франция мустамлакасига айлангач, мамлакатда таълим тизими тубдан ўзгарган. Франция Вьетнамга бошланғич, ўрта ва олий таълим шаклини олиб кирган. Айни пайтда, таълимда кучли тенгсизлик кузатилган. Таълим муассасалари асосан французлар ва маҳаллий аҳолининг бой қатламига хизмат қилган. Ўқувчи ёшлар контингентида француз болалари мутлақ кўпчиликни — жами ўқувчиларнинг қарийб тўртдан уч қисмини — ташкил этган. Қолаверса, таълим дастурларини ишлаб чиқишда бевосита Франция таълим тизимидан намуна олинганига қарамай, таълим мазмунан тор доирада, асосан француз тилида олиб борилган.

Ўрта-махсус таълим муассасаларини тамомлаган французлар ўқишни давом эттириш учун она юртларига қайтган. Мустамлака йиллари Франциянинг минтақадаги мулклари — Вьетнам, Лаос ва Камбоджа учун эса бор-йўғи битта олийгоҳ очилган бўлиб, у ҳам фақат ҳуқуқ ва тиббиёт соҳасидаги мутахассисларни етиштиришга йўналтирилган эди. Таълимдаги бу тенгсизлик аҳоли орасида кескин норозиликларни келтириб чиқарган ва мамлакатнинг француз мустамлакасига қарши бош кўтаришида асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилган.

1945 йилда Вьетнам ўзини Франциядан мустақил деб эълон қилади ва мамлакатда қаршилик ҳаракатлари бошланади. Таълимда «саводсизликка фаол равишда барҳам бериш, университетлар ва ўрта-махсус таълим муассасалари очиш, таълимни янгича руҳда ислоҳ қилиш, таълимда мажбурлаш ва ёддан ўқитиш усулларига чек қўйиш»ни мақсад қилган ислоҳотларга старт берилади. Бироқ 1956 йилгача давом этган қаршилик ҳаракатлари режалаштирилган ислоҳотларни тўлалигича рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилади. 1956 йилда Вьетнам расман мустақилликни қўлга киритди. Шунга қарамай, 1950−1970 йиллардаги Вьетнам уруши сабаб мамлакат таълим тизимидаги ҳақиқий ислоҳотлар даври 1976 йилга келибгина бошланди.

1975 йилда узоқ йиллик урушга якун ясалгач, Вьетнам ҳукумати мамлакатнинг иқтисодий, илмий-техник ва маданий тараққиётини таъминлашга хизмат қилувчи советларга хос маданий-маърифий инқилобни мақсад қилиб, биринчи навбатда, миллий таълим тизимини бирлаштириш ва саводсизликдан қутулишга асосий эътиборини қаратди. Кейинчалик мажбурий давлат таълими 12 йилликка узайтирилди.

Таъкидлаш жоизки, саводсизликка барҳам бериш йўлидаги қисқа муддатли муваффақиятига қарамай, Вьетнам ҳукумати урушдан кейинги дастлабки ўн йилликда таълим ислоҳотларини амалга оширишда қатор қийинчиликларга дуч келди ва мамлакатда таълим сифатининг паст даражаси сақланиб қолди. Бунда қуйидаги омиллар асосий рол ўйнади:

  • юқори малакали ўқитувчилар ва раҳбарларнинг етишмаслиги;
  • зарур инфратузилма ва моддий-техник базанинг етишмаслиги;
  • ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш даражасининг пастлиги ва улар асосан қўшимча даромад манбаига таяниб кун кечириши;
  • таълимга ажратилган бюджет маблағларининг чекланган даражаси.

Қолаверса, олий маълумот бандликни кафолатлаши борасидаги кутилмаларнинг ёмонлашуви ва олий таълим муассасаларига қабул кўрсаткичининг паст даражада (10 фоиз атрофида) эканлиги туфайли 1980 йилларга келиб ўқувчи ёшлар орасида олий таълим олиш истагини билдирувчилар улуши кескин қисқариб кетди.

Ниҳоят 1986 йилнинг охирига келиб Вьетнам Коммунистик партияси тарихий Doi Moi (вьетнам тилидан таржима қилинганида, «инновация», «янгилаш», «қайта қуриш») ислоҳотлар даcтурини маъқуллади. Дастурнинг асосий мақсади — мамлакатни марказлашган режали тизимдан бозор иқтисодиётига ўтказиш, иқтисодиётни эркинлаштириш ва глобаллашувга кенг йўл очишдан иборат эди. Вьетнамнинг таълимдаги бугунги муваффақиятлари ана шу дастур билан ҳам боғланади.

Doi Moi ислоҳотлар дастури доирасида, 2011 йилгача бўлган даврда асосий эътибор таълимни социаллаштириш, таълим мазмуни ва сифати, кириш имтиҳонлари ҳамда таълимда ахборот бошқаруви, хусусан, Таълимни бошқариш ахборот тизими (Education Management Information System, EMIS)ни ишлаб чиқиш масалаларига қаратилди. Кейинги ўн йилликда эса ислоҳотларнинг ўтган даврида эришилган ютуқлар ва камчиликларни таҳлил қилган ҳолда, қуйидаги вазифаларга устуворлик берилди:

  • таълимда ўқитувчи ва раҳбар ходимларни касбий ривожлантириш ва рағбатлантириш,
  • таълим мазмуни ҳамда ўқитиш, синовдан ўтказиш ва баҳолаш механизмларини такомиллаштириш;
  • таълимга инвестиция манбаларини кенгайтириш ва тақсимлаш механизмларини янгилаш;
  • университетлар ва меҳнат бозори ўртасидаги алоқани кучайтириш;
  • чекка ҳудудлар ва этник озчилик орасида таълим ривожини жадаллаштириш;
  • халқаро алоқаларни кенгайтириш.

Мазкур вазифалардан кўзланган асосий мақсад — мамлакатда таълим учун барчага тенг имкониятлар яратишдан иборат эди. Шунингдек, 2018 йилдан мамлакатда таълим мазмуни, унда назарий билимларнинг салмоқли ўрин эгаллашига чек қўйилган ҳолда, замонавий кўникмаларга асосланган ҳолда ишлаб чиқилади.

Вьетнамда таълимни ривожлантириш масаласи бевосита мамлакат Таълим тўғрисидаги қонунининг 9-моддасида умуммиллий даражадаги устувор вазифа сифатида белгиланган. Бундан кўзланган асосий мақсад — инсонларнинг билим даражасини ошириш, инсон ресурсларини тайёрлаш ва истеъдодларни вояга етказиш ҳисобланади.

Вьетнамнинг таълимдаги муваффақияти омиллари, умуман олганда, марказий ҳукуматнинг таълимни ривожлантириш мақсадларига содиқлиги ва қатъияти, тенглик ва адолат тамойиллари, давлат ва уй хўжаликлари томонидан юқори даражадаги молиялаштириш, таълим жараёнларини ташкил этиш, бошқариш ва баҳолашнинг самарали механизмлари, ўқитувчилар ва бошқарувчи кадрларнинг малака ва маҳорати, шунингдек, ўқувчиларнинг меҳнатсеварлиги ҳамда уларда оила ва атроф-муҳит таъсири остида шаклланган илмга рағбат, иштиёқ билан тавсифланади.

Муваффақият омиллари

Фото: The Economist / alamyФото: The Economist / alamy

Тенглик

Тенгликка устуворлик берилганлиги Вьетнамнинг таълимдаги муваффақиятида муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилган. Ҳукумат таълим сифатида кузатилиши мумкин бўлган ҳудудий тафовутларнинг олдини олиш мақсадида мактабларни таълим жараёни учун зарур барча ресурслар билан мунтазам таъминлаш, шунингдек, таълимга ажратилган бюджет маблағларини мамлакатнинг турли ҳудудлари бўйлаб адолат тамойили асосида тақсимлашга жиддий эътибор қаратади.

Хусусан, Мактаб сифатининг фундаментал даражаси (Fundamental School Quality Level) махсус дастури доирасида мактабларда таълим жараёнини ташкил этиш ва бошқариш, зарур моддий-техник база ва ўқув материаллари билан таъминлаш, ўқитувчиларни рағбатлантириш ҳамда мактаб ва ота-оналар ўртасида мулоқот ўрнатишнинг минимал стандартлари ишлаб чиқилган ва мунтазам мониторинг қилиб борилади.

Қолаверса, ҳукумат таълимни молиялаштиришда ҳудудларнинг географик жойлашувини эътиборга олади. Географик жиҳатдан ноқулай, чекка ҳудудларга нисбатан кўпроқ маблағ ажратилади. Шунингдек, чекка ҳудудларда таълимда банд ўқитувчиларга нисбатан юқори ҳақ тўланади. Мамлакат бўйлаб фаолият олиб бораётган барча ўқитувчилар таълим жараёнини ташкил этишда минимал стандартларга эга бўлиши талаб этилади.

Таълимда гендер тенглиги, этник озчилик ва махсус эҳтиёжларга эга бўлганлар тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш доимий диққат марказида бўлиб келган. Ҳозирги кунда таълимда гендер тенглигига деярли эришилган деб ҳисобланади.

Яна шуниси эътиборлики, ўқувчиларнинг академик кўрсаткичларида ҳам бошқа кўплаб мамлакатларда кузатиладиган яққол фарқлар кўзга ташланмайди.

Молиялаштириш

Вьетнам таълимни молиялаштиришга ҳар доим, ҳатто, сиёсий беқарорлик, уруш, иқтисодий тушкунлик даврларида ҳам устуворлик бериб келган. Мустақил Вьетнам асосчиси ва биринчи президенти Хо Ши Мин «Ўн йил фойда кўриш учун дарахт экиш, юз йил фойда кўриш учун одамларга таълим бериш керак» мазмунидаги хитой нақлини бот-бот такрорлаган ва давлат сиёсатида ҳамиша шу нақлга содиқ қолган.

Мактаб таълимининг «қайтими» — даромадлилик даражаси минтақадаги аксарият мамлакатларга қараганда юқори эканлиги мазкур инвестициялар ўзини оқлаганлигидан далолат беради. Сўнгги ўн йилликда мамлакатда таълимга давлат харажатлари барқарор ўсган ва ўртача ҳисобда бюджетнинг 15−18 фоизини ташкил этган.

Шунингдек, мамлакатда таълимга инвестициялар фақатгина давлат харажатлари билан чекланиб қолмайди. Уй хўжаликлари ҳам таълимнинг аҳамиятини чуқур англаган ҳолда, фарзандларининг сифатли таълим олишига фаол равишда инвестиция киритадилар. Осиё тараққиёт банки ижтимоий соҳа масалалари бўйича ходими Нго Куанг Виннинг қайд этишича, вьетнамликларда таълимга устуворлик берилиши конфуцийлик таъсирида шаклланган. Шу сабабдан, ҳатто нисбатан камбағал оилалар ҳам фарзандлари учун хусусий репетитор ёллаб, қўшимча дарс машғулотларига жалб қилишга уринади. Шаҳарларда ота-оналар фарзандлари учун кўпинча «маориф аълочиси» унвонига эга ўқитувчилар ишлайдиган мактабларни излайди.

Юқори малакали кадрлар ва кучли ҳисобдорлик

Вьетнамлик ўқитувчилар сифат ва маҳорат борасида минтақада етакчи ҳисобланади. Бу кўпинча мамлакатда ўқитувчиларни тайёрлаш, малакасини ошириш, таълим жараёнида зарур ресурслар билан мунтазам таъминлаш, фаолиятида мустақиллик бериш, шунингдек, рағбатлантириш, ҳисобдорлик ва мониторинг қилишнинг самарали механизмлари билан изоҳланади.

Ҳукумат ўқитувчиларни йилига 120 соатлик узлуксиз мажбурий малака ошириш курсларини ҳамда 5000 дан ортиқ сифатли маърузалар мунтазам янгилаб туриладиган онлайн ресурслардан фойдаланиш имконияти билан таъминлайди.

Чекка ҳудудларда, ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларда, имконияти чекланганлар мактабларида фаолият олиб борувчи ўқитувчиларга нисбатан юқори ҳақ тўланади. Ўқитувчилар фаолиятига ўқувчиларининг академик кўрсаткичлари ва ҳамкасбларининг кузатувлари асосида баҳо берилади. «Маориф аълочилари» сифатида эътироф этилган ўқитувчилар мунтазам рағбатлантирилади, турли имтиёзларга эга бўлади.

Эрта болалик таълимига кучли эътибор

Жаҳон банки маълумотларига кўра, сўнгги йигирма йилликда ҳукумат мактабгача таълимга фаол равишда инвестиция киритиб келди. 2017 йилга келиб Вьетнам беш ёшга тўлган болаларнинг барини мактабгача таълим муассасалари билан қамраб олиш мақсадига эришган.

Ҳисоб-китобларга кўра, Шарқий Осиё ва Тинч океани минтақаси давлатлари орасида Вьетнам мактабгача таълимга инвестицияларнинг ЯИМга нисбатан юқори улуши — 0,62 фоиз — билан ажралиб туради. Шунингдек, бу Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD)га аъзо мамлакатлар ўртача кўрсаткичидан (0,54 фоиз) ҳам юқори.

Қолаверса, мактабгача таълимга уй-хўжаликлари ҳам жиддий ёндашади ва таълимнинг бу босқичига инвестициялар ҳажмида уларнинг улуши 20 фоиздан зиёдни ташкил этади.

Технологик тараққиёт

Таълимни ривожлантиришда тизимни техник инфратузилма билан таъминлаш учун киритилган инвестициялар ҳам муҳим рол ўйнади. Марказий ҳукумат бутун мамлакатни, ҳатто энг чекка қишлоқ ва тоғли ҳудудларни ҳам электр энергияси, телекоммуникация ва интернет алоқаси билан таъминлашга қаратилган кенг кўламли лойиҳаларни амалга оширди.

Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, ҳозирда мамлакатнинг чекка ҳудудлари деярли тўлиқ электрлаштирилган. Таълим муассасаларини алоқа ва интернет хизматларига улашда ҳукумат хусусий сектор билан фаол ҳамкорлик қилади. 2018 йилда Жануби-Шарқий Осиёда интернетнинг кириб бориши ўртача кўрсаткичи 54 фоизни ташкил этган бўлса, Вьетнамда мазкур кўрстакич 74 фоизга етган эди.

2017 йилда мамлакат ҳукумати таълим ва кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш мақсадида педагогик фаолиятни бошқариш ва қўллаб-қувватлашда ахборот технологияларидан фойдаланишни кучайтириш бўйича 10 йиллик дастурни тасдиқлади. Дастурга мувофиқ, таълим соҳасида миллий маълумотлар базаси, шунингдек, электрон ўқув материалларининг умумий захирасини яратиш ҳамда таълимни бошқариш, контент яратиш, ўқитиш ва таълимни баҳолашда ахборот технологияларидан фойдаланишни мамлакат инновацион тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучига айлантириш кўзда тутилган.

Идеал ҳолатлар бўлмайди

Реал воқеликда мутлақ идеал ҳолатлар бўлмаганидек, Вьетнам таълим тизими ҳам бугунги кунда муаммолардан буткул холи эмас. Хусусан, Жаҳон банки маълумотларига кўра, мамлакатда таълимга йўналтириладиган хусусий инвестициялар турли даромад гуруҳлари кесимида таҳлил қилинса, кескин тафовутларга дуч келиш мумкин — энг юқори даромадга эга аҳоли гуруҳларининг таълимга киритадиган инвестициялари ҳажми энг паст даромадга эга аҳоли гуруҳининг кўрсаткичларига қараганда каррасига юқори.

Қолаверса, тадқиқотлар шуни кўрсатадики, марказий ҳукумат таълимга ажратилган бюджет маблағларини ҳудудлар ўртасида адолатли тақсимлашга қанчалик уринмасин, ҳудудлардаги бошқарув органларига маҳаллий бюджетнинг камида 20 фоизини таълимга йўналтириш мажбурияти юклатилганига қарамай, ҳудудлар ичида — туманлар даражасида маблағларнинг нотекис тақсимланиши кузатилади. Бу ҳолат, ўз навбатида, мамлакатда даромадлар тенгсизлигининг ўсишига таъсир қилади.

Шунга қарамай, Вьетнам таълимдаги бугунги ижобий кўрсаткичлари, санаб ўтилган муваффақият омиллари, нисбатан қисқа давр ичида саводсизлик ва гендер тенгсизлигига деярли барҳам бера олгани, бой инфратузилмага эга ва амалда самарали ишлайдиган таълим тизимини барпо эта олгани, энг асосийси, мамлакат ёшларининг узлуксиз ва сифатли таълим олиши борасида ҳукумат ва халқнинг мақсад ва манфаатлари бир нуқтада кесишиб, таълимни мунтазам такомиллаштириб бориш мақсадларига давлат ва жамият биргаликда садоқат ва ирода кўрсатгани нуқтаи назаридан бу йўлни эндигина босиб ўтаётган мамлакатлар учун яхши намуна бўла олади, деган мулоҳаза бор.