«Ўзбекистон — 2030» стратегияси ва уни 2023 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари лойиҳалари 2023 йилнинг 31 июлидан бошлаб regulation.gov.uz ва 2030.strategy.uz порталларида кенг жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди. Бу ҳақда «Тараққиёт стратегияси» маркази хабар қилди.

«Ўзбекистон — 2030» стратегияси қуйидаги 5 та устувор йўналишлар доирасида амалга оширилиши белгиланди:

  • ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш;
  • барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш;
  • сув ресурсларини тежаш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш;
  • қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш;
  • мамлакатни хавфсиз ва тинчликсевар давлатга айлантириш ишларини давом эттириш.

Фуқаролар лойиҳаларнинг муҳокамасида иштирок этиб, ўз таклифларини regulation.gov.uz ва 2030.strategy.uz порталларига юбориши мумкин.

Жамоатчилик муҳокамаси 2023 йил 9 августга қадар давом этади.

«Тараққиёт стратегияси» маркази матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, 2022 йилда эълон қилинган «2022−2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси» дастури «Ўзбекистон — 2030» стратегияси билан бир вақтда, параллел равишда амалга оширилиб борилади.