Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 январь куни «2022−2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Ҳужжат билан еттита устувор йўналишни ўз ичига олган «Ҳаракатлар стратегиясидан — тараққиёт стратегияси сари» тамойили асосида ишлаб чиқилган стратегияни амалга оширишга доир Давлат дастури тасдиқланди. Учинчи йўналиш миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлашга қаратилган.

Иқтисодиёт

Кутилишича, иқтисодиёт тармоқларида барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш орқали келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот — 1,6 баравар ошади. 2030 йилга бориб эса аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4000 АҚШ долларига етказиш ҳамда «даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар» қаторига кириш учун замин яратиш режалаштирилган.

Йиллик инфляция даражасини 2023 йилгача 5%гача пасайтириш, шунингдек, давлат бюджети тақчиллигини камайтириш, унинг ҳажмини 2023 йилдан бошлаб ЯИМга нисбатан 3 фоиздан кўп бўлмаган даражада таъминлаш режалаштирилган.

Ҳар бир туман бюджетининг камида 5% «Фуқаролар буджети» дастури доирасида аҳолининг таклифлари асосида аниқланган энг долзарб муаммоларни ҳал этишга йўналтирилади. Ташқи қарз даражаси йилига 4,5 млрд доллардан ошмайди.

ЯИМда саноат улушини ошириб, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини 1,4 бараварга кўпайтириш режалаштирилмоқда. Бунинг учун машинасозлик, кимё, нефть-газ, энергетика, кон-металлургия саноати, транспорт соҳаларидаги 23 та йирик корхоналар мустақил равишда ички ва ташқи молия бозорларига чиқиши, халқаро кредит рейтингини қўлга киритиш орқали инвестиция лойиҳаларига маблағ жалб этиши керак.

Энергия ресурслари ва саноат тармоқлари

Бундан ташқари, энергетика соҳасида трансформация жараёнларини жадаллаштириш доирасида электр энергиясини етказиб беришда монополияни бекор қилиш, соҳада бозор механизмларини жорий этиш бўйича кўрсатмалар берилган.

Шунингдек, энергия ресурслари ва табиий газ бозорларини ижтимоий ҳимоя кафолатларини белгилаган ҳолда либераллаштириш, соҳага хусусий инвестицияларни кенг жалб этиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳимоя қилиш учун ижтимоий истеъмол стандартларини киритиш режалаштирилган.

Иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолига нефть-газ маҳсулотлари узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш режалаштирилган.

Шунингдек, мис саноати кластерини ташкил этиш орқали мис ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 2 баравар кўпайтириш ҳамда 8 млрд долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш кутилмоқда.

Табиий газни қайта ишлаш даражасини 8%дан 20%га етказиш ва кимё саноатида 2 млрд АҚШ долларига тенг маҳсулот ишлаб чиқаришга эришиш режалаштирилган.

Автомобиль саноатида кооперацияни ривожлантириш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини 1,4 бараварга, экспорт ҳажмини 2 бараварга кўпайтириш ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш кўзда тутилган. Чирчиқ шаҳрида Тошкентдаги қатор заводларни кўчирган ҳолда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги саноат кластери ташкил этилади.

Келгуси беш йилда қурилиш материаллари ва тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 2 баравар, чарм-пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 3 баравар, фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш 3 баравар, электротехника саноатида юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш 2 баравар, экспорт ҳажми 3 баравар, мебель ишлаб чиқариш ҳажми 2,8 бараварга оширилади. Ички бозорни маҳаллий дори воситалари билан таъминлаш даражасини 80%га етказиш режалаштирилган.

Шунингдек, геология-қидирув ишлари ҳажмини кескин ошириш, соҳага хусусий инвесторлар ва илғор хорижий компанияларни кенг жалб қилиш режалаштирилмоқда.

Эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш ва давлат корхоналарини хусусийлаштириш ҳисобига 14 та фаолият тури бўйича монополияларнинг бекор қилиниши кутилмоқда.

Дастур, шунингдек иқтисодиётни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, «Яшил иқтисодиёт» технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20%га оширишни назарда тутади.

2026 йилга келиб электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичини соатига қўшимча 30 млрд кВтга ошириш ва соатига жами 100 млрд кВтга етказиш режалаштирилган.

2026 йилгача қайта тикланувчи энергия манбалари улуши 25%га етказилиши эвазига йилига қарийб 3 млрд куб метр табиий газ тежаб қолинади.

Ўзбекистон энергетика тизимининг қўшни давлатлар энергетика тизимлари билан барқарор ишлашини таъминлаш режалаштирилган.

Шунингдек, иқтисодиёт тармоқларининг ҳавога чиқарадиган зарарли газлар ҳажмини бир бирлик Ялпи ички маҳсулот ҳисобида 10%га қисқартириш режалаштирилмоқда.

Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш асосий «драйвер» сифатида белгиланиб, унинг ҳажмини камида 2,5 баравар оширишни таъминлаш кўзда тутилган.

2026 йил якунига қадар иқтисодиётнинг реал сектори, молия ва банк соҳаларида ишлаб чиқариш ва операцион жараёнларни рақамлаштириш даражасини 70%га етказиш кўзда тутилган.

Дастурий маҳсулотлар индустрияси ҳажмини 5 бараварга, уларнинг экспортини эса 10 баравар ошириш ва 500 миллион АҚШ долларига етказиш режалаштирилган.

Инвестициялар


Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz»

Келгуси беш йилда 120 млрд АҚШ доллари миқдорида, жумладан 70 млрд доллар миқдоридаги хорижий инвестицияларни жалб этиш режалаштирилган.

Давлат-хусусий шериклик асосида энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим, экология, коммунал хизматлар, сув хўжалиги ва бошқа соҳаларга 14 млрд АҚШ долларга тенг инвестиция жалб этилиши кутилмоқда.

Республика ҳудудлари ва хорижий мамлакатлар бизнес вакиллари ўртасида ташқи иқтисодий алоқаларни ўрнатиш назарда тутилган. Жумладан, Сирдарё вилоятининг ХХР, Сурхондарё вилоятининг РФ, Жиззах вилоятининг Ҳиндистон бизнес доиралари билан инвестиция ва ташқи савдо алоқаларини ривожлантириши режалаштирилган.

Сурхондарё вилоятида «Инвесторларга кўмак маркази», Навоий вилоятида Навоий кон-металлургия комбинати томонидан «Бизнесга кўмаклашиш маркази», Тошкент шаҳрида эса «Илғор лойиҳалар ва инжиниринг маркази» ва ҳар бир туманда тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатадиган «Инновация ва технология марказлари» ташкил этилади.

Пойтахтда ҳар йили «Тошкент халқаро инвестиция форуми» ўтказилади.

Беш йилда фонд бозори айланмасини 200 млн АҚШ долларидан 7 млрд АҚШ долларига етказиш, тижорат банкларида трансформация жараёнларини якунлаб, 2026 йил якунига қадар банк активларида хусусий сектор улушини 60 фоизгача етказиш режалаштирилмоқда.

Экспорт

Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz»

Экспорт ҳажмларини 2026 йилда 30 млрд АҚШ долларига етказиш (2021 йил якунлари бўйича — 16,6 млрд доллар), хусусий секторнинг экспортдаги улушини эса 60 фоизга етказиш режалаштирилган.

Автотранспорт воситалари экспортини 3 бараварга ошириш ва 1 млрд АҚШ долларига етказиш, туризм, транспорт, ахборот-коммникация ва бошқа хизматлар, жумладан, дастурий таъминотлар экспортини 1,7 баравар ошириб, улар ҳажмини 4,3 млрд АҚШ долларига етказиш режалаштирилган.

Экспорт таркибида тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар ҳажмини 3,3 баравар кўпайтириш (ҳозир — 5,2 млрд доллар, экспортнинг 44%и), экспортчи корхоналар сонини ҳозирги 6 500 тадан 15 000 тага, экспорт географиясини 115 тадан 150 тага етказиш прогноз қилинмоқда.

Очиқ танлов асосида 200 та экспортчи компаниялар саралаб олинади ва уларга мамлакатнинг етакчи экспортёрларига айланишда ҳар томонлама кўмак берилади.

Қўшни давлатлар билан чегара ҳудудларда эркин савдо зоналари пайдо бўлади.

Хусусий секторнинг ЯИМдаги улушини 80%га етказиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон президентининг тадбиркорлар билан «Очиқ мулоқоти» ҳар йили ўтказилади.

Ҳудудларда 200 та янги саноат зоналарини ташкил этиш, шунингдек, бизнес- инкубаторлар тизими ва факторинг амалиётини ривожлантириш режалаштирилмоқда.

2026 йил бориб тадбиркорлик субъектларига солиқ юкламасини ЯИМнинг 27,5%дан 25%и даражасига камайтириш режалаштирилмоқда.

Ерлар

Деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 баравар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5%га етказиш режалаштирилган.

Туманлар аниқ маҳсулот турини етиштиришга ихтисослаштирилади.

Янги ва фойдаланишдан чиққан 464 минг гектар майдонни ўзлаштириш ва кластерларга очиқ танлов асосида ажратиш режалаштирилмоқда. 200 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартириб, аҳолига очиқ танлов асосида узоқ муддатли ижарага бериш кўзда тутилган.

Интенсив боғлар майдонини 3 баравар, иссиқхоналарни 2 баравар кўпайтириш, экспорт салоҳиятини яна 1 млрд АҚШ долларига ошириш прогноз қилинмоқда.

Сув ресурсларини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва сувни иқтисод қилиш бўйича алоҳида давлат дастури доирасида камида 7 млрд куб метр сувни иқтисод қилиш, сув хўжалиги объектларида электрэнергияси истеъмолини камайтириш, уларни давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида бошқариш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, чорвачилик озуқа базасини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5−2 баравар кўпайтириш кутилмоқда.

Вилоятлар ва урбанизация


Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz»

14 та ҳудуд бўйича туман ва шаҳарлар кесимида беш йиллик ҳудудий дастурлар амалга оширилади. Ҳудудларни мутаносиб ривожлантириш орқали ҳудудий иқтисодиётни 1,4−1,6 бараварга ошириш вазифаси қўйилган.

Самарқанд ва Наманган шаҳарларини истиқболда «миллионлик шаҳарлар»га айлантириш режалаштирилмоқда. 450 минг аҳолига мўлжалланган Янги Андижон шаҳрининг дастлабки бир нечта мавзеларини қуриб, фойдаланишга топшириш, Қашқадарё вилоятининг урбанизация даражасини 50%га етказиш режалаштирилган.

Шаҳарлардаги аҳолининг турмуш тарзи қулайлигини баҳоловчи «Шаҳарлар қулайлиги» индекси жорий этилиши кутилмоқда.

Тўртта ҳудудда Тошкент шаҳрида барпо этилган «INNO» инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопарклари пайдо бўлади.

Аҳолини жойлаштиришнинг бош схемасини ишлаб чиқиш, реновация ва уй-жойлар дастурлари асосида шаҳарларда эскирган уйлар ўрнига 19 млн квадрат метрдан ортиқ замонавий уй-жойларни барпо этиш, 275 мингдан зиёд оиланинг янги массивларга кўчиб ўтиши учун шароит яратиш кўзда тутилмоқда.

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида ҳудудларнинг «ўсиш нуқталари»дан келиб чиқиб, муҳандислик- коммуникация ва ижтимоий инфратузилма объектларини қуриш давом эттирилади.

Ҳудудларда қарийб 80 минг километр магистрал ва тақсимловчи электр тармоқлари, 20 мингдан ортиқ трансформатор пунктлари ҳамда 200 дан зиёд подстанцияни қуриш ва янгилаш режалаштирилган.

Аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 87%га етказиш (2020 йилда — 67,4%), 32 та йирик шаҳарлар ва 155 та туман марказларида оқова сув тизимларини янгилаш режалаштирилмоқда.

Тошкент шаҳрида оқова сувини тозалаш тизими шаҳар ҳудудидан ташқарига чиқарилиб, давлат-хусусий шериклик асосида янги иншоотлар барпо этилади.

Туризм


Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»

Кейинги 5 йилда хизмат кўрсатиш ҳажми 3 бараварга ошиши, соҳада жами 3,5 млн янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.

Савдо ва йўлбўйи хизматларини ривожлантириш орқали 130 та замонавий бозорлар ва савдо комплекслари, шунингдек, йўлбўйи инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 65 та йирик ҳамда 5000 та кичик хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Сервис соҳасида яширин иқтисодиёт улушини 3 бараварга қисқартириш кутилмоқда (ҳозир бу ЯИМнинг 50%дан ортиғини ташкил қилади).

Хизматлар соҳасининг жозибадорлигини оширишда соҳадаги тадбиркорлик субъектларига қўшимча имтиёзлар берилади.

Маҳаллий сайёҳлар сонини 12 млн нафардан ошириш, хорижий туристлар сонини 9 млнга етказиш, шунингдек, 2026 йилгача туризм соҳасида банд бўлган аҳоли сонини 2 баравар ошириб, 520 минг нафарга етказиш режалаштирилмоқда.

Зомин, Фориш, Бахмал туманлари ва «Айдар-Арнасой» кўллар тизимида қўшимча туристик зоналар ва дам олиш масканларини барпо этилади, 300 млн АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга оширилиб, 25 минг иш ўринлари яратилади.

Самарқандни «Туризм дарвозаси»га айлантириш орқали келгуси 5 йилда туризм хизматлари ҳажмини камида 10 бараварга ошириш режалаштирилган. 2022 йилда «Абадий шаҳар» тарихий мажмуасини ўз ичига олган Самарқанд туризм маркази ва зарурий инфратузилма ташкил этилади.

Қорақалпоғистонда ва Орол бўйида экотуризмни ривожлантириш бўйича дастурни амалга ошириш, Навоий вилоятида зиёрат ва экотуризмни ривожлантириш, Хоразм, Бухоро ва Тошкент вилоятларида туризмни ривожлантириш бўйича алоҳида дастурни амалга ошириш, шунингдек, Тошкент шаҳрида туризм инфратузилмасини янада яхшилаш режалаштирилган.

Барча транспорт турларини узвий боғлаган ҳолда ягона транспорт тизимини ривожлантириш, йирик шаҳарлар ўртасида кунлик транспорт қатновлари асосида манзилга етиб бориш ва қайтиб келиш имкониятини яратиш, шунингдек, Тошкент шаҳри ва ҳудудларда жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш ва унинг инфратузилмасини ривожлантириш кўзда тутилган.