Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси шанба куни Вагнер хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожиннинг исёни ва мамлакатда юзага келган тартибсизлик фонида ўзбекистонлик фуқароларга мурожаат қилди.

Элчихона Ўзбекистоннинг барча фуқароларини Россия ҳудудида амалда бўлган жамоат хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилишга, Россия ва Украинанинг чегарадош ҳудудларига саёҳат қилмасликка, одамлар гавжум жойларга ташриф буюрмасликка чақирди.

«Ахборот майдонида тарқатилаётган тасдиқланмаган маълумотларга берилмаслик ва мамлакат расмий вакилларининг кўрсатмаларига амал қилишни сўраймиз», — дейилади мурожаатда.

Шунингдек, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида мамлакатнинг Россиядаги барча дипломатик ваколатхоналари тўлиқ иш режимида ишлаётгани маълум қилинди.

Зарур ҳолларда Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонасининг ягона Call-марказига зудлик билан мурожаат қилиш сўралди: +7−499 230−00−76, +7−499 238−36−20.

Аввалроқ Қозоғистоннинг Россиядаги элчихонаси қозоғистонликларга мурожаат қилиб, улардан Россиянинг Украинага чегарадош ҳудудларига бормай туриш ва консуллик идорасида рўйхатдан онлайн ўтишни сўраганди.

Россия президенти Владимир Путин Вагнер ХҲК раҳбари Евгений Пригожиннинг исёни фонида қилган мурожаатида «орқадан пичоқ уриш» ва «хиёнат» ҳақида гапириб ўтди. У Ростовдаги «оғир вазият»ни қайд этиб, исён ташкилотчилари «муқаррар жазога тортилишини» билдирди.