Россия президенти Владимир Путин шанба куни Вагнер хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожиннинг исёни билан боғлиқ вазият фонида телемурожаат қилди. У ўз нутқида Евгений Пригожин исмини умуман тилга олмади.

«Руслар, ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда алдов ва таҳдидлар билан қуролли исёнга аралашиб қолганларга» мурожаат йўллаган Путин «Россия ўз келажаги учун қаттиқ кураш олиб бораётганини» эслатди.

«Бу халқимизнинг тақдири ҳал бўладиган жанг. Бу бизни заифлаштирадиган барча омилларни, ташқи душманларимиз фойдаланиши ва бизни ичимиздан емириш учун ишлатиши мумкин бўлган ҳар қандай низоларни четга суриб қўйишни, барча бирдамлик кучларини бирлаштиришни, масъулиятни оширишни талаб этади. Бирлигимизни бузадиган бу ҳаракатлар аслида ўз халқи ва ҳозир фронтда жанг қилаётган қуролдош дўстларга хиёнатдир. Бу юртимиз ва халқимиз ортидан пичоқ уришдир», — деди у.

«Биз дуч келаётган нарса айнан хиёнатдир, хиёнатга олиб келган ўта шафқатсиз амбициялар ва шахсий манфаатлардир. Бу ватанимиз ва халқимизга хиёнат қилиш, шунингдек, Сталинград ва Артемовскни, Донбасснинг шаҳар ва қишлоқларини озод қилган қаҳрамонлар, Янги Россия, рус дунёсининг бирлиги учун бошқа бўлинма ва қисмларимиз билан окопларда жанг қилган ва ҳалок бўлган жангчилар, Вагнер гуруҳи қўмондонларига хиёнатдир. Уларнинг номи ва шарафига ҳам хиёнат қилишди», — деди Владимир Путин.

«Ҳар қандай ички тартибсизлик давлатчилигимиз, халқ сифатида биз учун ҳалокатли таҳдид, бу Россия, халқимиз учун зарбадир. Ватанни бундай таҳдиддан ҳимоя қилиш бўйича ҳаракатларимиз эса кескин бўлади. Қасддан хиёнат йўлига ўтган, қуролли қўзғолонни уюштирган, шантаж ва террорчилик усуллари йўлига кирган ҳар бир киши муқаррар жазога тортилади, қонун олдида ҳам, халқимиз олдида ҳам жавоб беради», — деди Россия президенти.

Владимир Путиннинг айтишича, қуролли кучлар ва бошқа давлат органлари «керакли буйруқлар олган». «Ҳозирда Москва, Москва вилояти ва бир қатор бошқа вилоятларда қўшимча аксилтеррор чоралари жорий этилмоқда», деди у.
«Ростов-Дондаги вазиятни барқарорлаштириш учун ҳам қатъий чоралар кўрилади. Вазият оғирлигича қолмоқда, фуқаролик органлари ва ҳарбий бошқармалар иши амалда тўхтатиб қўйилган», — дея қўшимча қилди президент.

«Россия фуқароси сифатида мен мамлакатни ҳимоя қилиш учун ҳамма нарсани қиламан, қатъий чоралар кўрилади, улар кескин бўлади», — деди давлат раҳбари.