Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ифлосланиши юзасидан маълумот берди. Унда айтилишича, шаҳарда PM2,5 майда заррачаларининг ошишига асосий сабаб табиий чанг ҳисобланади.

Республикада ҳавонинг чанг билан ифлосланиши табиий (қуруқ иқлим, қумли ва қумлоқ тупроқлар) ва антропоген (транспорт, саноат, қурилиш ташламалари) омилларга боғлиқ. Кучсиз шамоллар, ҳарорат инверсияси, атмосфера ҳавосининг турғунлиги ҳавонинг табиий ифлосланиши учун шароит яратади, дейилади хабарда.

Вазирлик Ўзбекистоннинг табиий хусусиятлари сабаб атмосфера ҳавосида чанг миқдори (муаллақ заррачалар) юқори эканини маълум қилди. Жаҳон банки билан шаҳар ҳавоси сифатини баҳолаш лойиҳаси доирасидаги ўрганишлар PM2,5 майда дисперс заррачаларининг шаклланишида табиий чангни асосий сабаб сифатида кўрсатган — 36 фоиз. Ундан ташқари, иссиқлик таъминоти (24 фоиз), транспорт воситалари (16 фоиз) ва саноат корхоналари (13 фоиз) ҳам ҳаводаги чангни кўпайтирмоқда.

«Сўнгги йилларда Тошкент шаҳридаги атмосфера ҳавосининг пастки қатламида (100−150 метргача) ҳарорат инверсияси (ҳаво ҳароратининг баландликка қараб ортиб бориши) вужудга келиши кузатилмоқда», — дея тушунтирди вазирлик. Бу эса ҳавонинг вертикал ҳаракатига тўсқинлик қилади ва майда чанг зарралари концентрацияси ошишига олиб келади.

Ташкилот иситиш мавсумида PM2,5 зарралари кўпайишига ёқилғи сифатида кўмир ва мазут ишлатилганини сабаб қилиб кўрсатди, баҳор ва ёз ойларида эса бунга минтақага чўлланиш ва қурғоқчилик таъсирида табиий чанг кириб келаётгани сабаб бўлмоқда.

Эслатиб ўтамиз, январь ойида Экология вазирлиги Тошкент шаҳридаги ҳавони ифлослантирувчи асосий манбалар ҳақида маълумот бериб, вазиятни яхшилаш бўйича қатор чора-тадбирларни санаб ўтган эди.

Вазирлик асосий сабаблар қаторида иқтисодиёт тармоқларининг кўмирга бўлган талаби ортиб бораётгани, хусусан, иссиқхона хўжаликларининг кўмир ёқилғисидан фойдаланишга ўтказилишини қайд этган. Шу билан бирга, иссиқлик станциялари томонидан мазут ёқилиши, саноатнинг ўсиши, автомобиллар сони, Аи-80 бензинидан фойдаланиш, дарахтларнинг кесилиши, қурилиш ишлари ва бошқа омиллар ҳам кўрсатилган.

Ўшанда Энергетика вазирлиги иссиқлик станциялари ва иссиқлик марказлари мазутдан фойдаланишининг Тошкентдаги ҳаво ифлосланиши билан боғлиқлигини рад этганди. Вазирлик Тошкент ИЭСда (ТошГРЭС) белгиланган техник кўрсаткичларга мос келадиган фильтрлар ўрнатилганини таъкидлаган.